2. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни иқтисодиётда тутган ўрни.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки кунларидан бошлаб, жамиятда тадбиркорлик руҳини қарор топтириб, шу асосда одамларда мулкдорлик туйғусини уйғотишга жиддий эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субектлари эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хусусан, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, юқори ликвидли маҳсулотлар, хом ашё ва материалларни очиқ биржа савдоларида сотишни ташкил этиш, янги тузилаётган тадбиркорлик субектларини рўйхатга олишни осонлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сертификатлашга доир қарорлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларга кенг имкониятлар очиб берди.
Кичик бизнеснинг равнақ топишини рағбатлантириш ва тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида давлат бошқарув органлари билан бир қаторда нодавлат ва халқаро ташкилотлар ҳам фаолият олиб бормоқда. Улар кичик корхоналар ва якка тадбиркорларга амалий ёрдам бериш, жамиятда тадбиркорлик ҳаракатини кенгайтириш ҳамда ривожланишини қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Тадбиркор ва ишбилармонларнинг бунёдкорлик ҳаракатлари мамлакатимизда бозор иқтисодиётига ўтиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида ўзининг ижобий самарасини бера бошлади. Энг асосийси – сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш суръатлари барқарор тус олди. Эркин иқтисодиётнинг синалган тамойилларига изчил амал қилиниши натижасида тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамияти ошди. Пировардида, кичик бизнеснинг шакллари кенгайиб, аҳолининг мулкка эгалик туйғуси уйғона бошлади. Бу ҳол кичик ва ўрта мулкдорлар синфининг шаклланишига кенг йўл очиб бермоқда.
Кичик бизнес ва тадбиркорлик субектлари, уларнинг фаолияти ҳақида гапирганда, ушбу субектлар фаолият олиб бораётган муҳит – иқтисодий, ижтимоий ва қонуний тизим муҳим аҳамиятга эга. Яъни, кичик бизнес ва тадбиркорлик субектлари учун маълум иқтисодий зона мамлакат мисолида олинадиган бўлса, шу мамлакатда ушбу фаолият билан шуғулланишнинг қонуний асослари қай даражада йўлга қўйилган ва у амалиётда қандай ишламоқда; мамлакатда кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш учун иқтисодий имкониятлар мавжудми, ушбу фаолият турлари билан шуғулланишнинг ижтимоий жиҳатлари ўзида нималарни мужассам этади, дэган саволлар туғилиши табиий. Шундай экан, юқоридаги омилларни ўз ичига олувчи Ўзбекистондаги кичик бизнес ва тадбиркорлик муҳитини ўрганиш ва унинг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш ушбу соҳани янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратади.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субектлари иш тажрибаси, уларнинг йирик корхоналарга нисбатан бир қатор афзалликларга эга эканлигини кўрсатди. Жаҳон тажрибаси тасдиқлашича, кичик бизнес субектлари секторини ривожлантириш турли товар бозорларида ҳақиқий рақобат муҳитини шакллантириш, катта шаҳарларда ва айниқса қишлоқ жойларида меҳнат ресурсларидан ҳамда маҳаллий хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланишга имкон яратади.
Кичик бизнес субектларини ташкил этиш зарурлиги қуйидаги ҳолатлар билан ифодаланади:
а) биринчидан, бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатда хусусийлаштириладиган, синаётган корхона ва ташкилотларда ишсизлар пайдо бўла бошлайди. Кичик бизнес субектларини таъсис этиш натижада кишиларга янги мулк ва иш ўрнини яратишга имкон беради;
б) иккинчидан, кичик бизнес субектларининг пайдо бўлиши йирик бизнес монополизмини тугатишга имкон беради, истеъмол бозорини шакллантиради, эркин рақобат муҳитини яратади, инфратузилма объектларини ривожлантиришни тезлаштиради;
в) учинчидан, бу субектлар иқтисодиётнинг инновацион мажмуаси асоси бўлади. Жуда тор йўналишдаги корхоналар янгиликларни жорий қилиш, сотиш, истеъмолчиларга етказиш билан шуғулланишади;
г) тўртинчидан, қўшма корхоналар орқали жалб қилинувчи хорижий инвестициялар асосан кичик бизнесга йўналтирилади.
Иқтисодий нуқтаи назардан кичик бизнес маҳаллий бозорга товар ва хизматларнинг айрим турларини айирбошлаш учун таклиф этиш орқали даромад топиш фаолияти билан шуғулланувчи қатламини ифодалайди. Кичик бизнеснинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб бозордаги тез мослаша бориш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш қобилияти; нисбатан қисқа муддатларда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган товар ва хизматларга бўлган талабни қондира олиши; дастлабки сармоя ҳажмининг нисбатан камлиги; тез орада янги ишчи ўринлари барпо этиш ва бандлик муаммосини ҳал этишга кўмаклашиш имконияти; бизнес эгасининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги бевосита иштироки ва бошқалар.
Кичик бизнеснинг иқтисодий жиҳатлари ҳамда манфаатли хусусиятлари қуйидагича ёритилади:
- кичик бизнес – аҳолининг талай қисми учун меҳнатини қўллайдиган жабҳа ва даромад манбаи, етарли малака ва тажриба бўлмаган, эгилувчан жадвалли иш кунини истаган аксарият меҳнат ресурсларини машғул этувчи меҳнат бозорининг энг мослашувчан қисми. Аёллар, илк бор иш қидираётган ёшлар, маълумоти ва меҳнат тажрибаси юқори даражада бўлмаган шахслар кўпинча фақат шу ердан иш топишлари мумкин. Бу жабҳада машғул кишиларнинг аксарият қисми учунгина эмас, балки уларнинг оила аъзолари учун ҳам асосий даромад манбаи бўлиши кичик бизнес миллий фаровонликнинг ўсиши учун муҳим омилга айланганидан далолат беради;
- кичик тадбиркорлик аҳоли орасида иш юритиш ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, унинг бозор муносабатларига мослашганлик даражасини оширишда потенсиал самарали воситадир. У фуқароларга нафақат ўз ишчи кучи, балки ўз мулки, жумладан, ишлаб чиқаришга мўлжалланган мулк эгаси бўлишига имкон яратиб, ўрта синф-жамиятнинг прогрессив тараққиётини таъминлашга қодир, демократия ва ижтимоий барқарорликдан манфаатдор ижтимоий қатламнинг шаклланиши учун асос яратади;
- кичик бизнес бутун иқтисодиётнинг самарадорлигини сезиларли даражада оширади. У истеъмол талабининг ўзгаришларига ҳаммадан тез мослашади, иқтисодий вазиятнинг тебранишларига мувофиқ тарзда ўз фаолияти ихтисосини тез ва нисбатан асорациз ўзгартира олади;
- кичик бизнес иқтисодиётнинг ҳудудий тузилмасини яхшилайди. Алоҳида шахс учун эса кичик бизнес билан шуғулланиш банд бўлиш ва даромад олишга, иши ва шахсий ҳаётини яхлитроқ бирлаштиришга, ўз қобилияти ва истеъдодини намоён қилишга имкон яратади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг асосий бўғини ҳисобланади. Чунки биринчидан, кичик бизнес ривожланган жаҳон иқтисодиётининг таркибини ташкил этувчи муҳим тармоқ бўлиб ҳисобланади. Унинг фаолияти нафақат кичик бизнеснинг, балки бутун мамлакат иқтисодиётининг муваффақиятли ривожланишига бевосита таъсир қилади. Бундан ташқари ички бозорнинг истеъмол товарлари билан тўлдирилиши ва аҳолига турли хизматлар кўрсатилиши, экспорт салоҳиятининг ўсиши, аҳолининг иш билан таъминлаш ва унинг реал даромадларини кўпайтириш масалаларининг эчими ҳам ана шу тармоқнинг нечоғлик барқарор ривожланишига боғлиқ.
Иккинчидан, иқтисодиётнинг глобаллашуви жараёнида жаҳон бозорида рақобат янада кучаяди. Бундай шароитда айнан кичик бизнес йирик ишлаб чиқарувчиларга нисбатан капитал маблағ сарфини ҳам талаб қилиши, ихчамлиги билан бир қаторда, зарур тамойилларга, бозор конюктурасининг ўзгарувчан талабларига ҳамда вақти-вақти билан бўлиб турадиган иқтисодий инқирозларга тезроқ мослаша олиш, ишлаб чиқариш қувватларини жадал модернизация қилиш имкониятига эга. Дунё бозорида истеъмол моллари конюктураси ҳозирги замон шароитида ўртача ҳар 9 ойда ўзгариб туради. Агар шуни ҳисобга олсак, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти мамлакат иқтисодиётининг изчил ривожланишида нечоғлик муҳим аҳамиятга эга экани яққол кўринади.
Йирик корхоналарни бутловчи қисмлар, материаллар етказиб берадиган тармоқларни барпо этиш рағбатлантирилди. Бу эса саноатда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш муаммосини ҳал этиш имконини беради ҳамда ташқи бозорга товарлар ва технологияларни экспорт қилиш ҳажмининг ўсишига олиб келади.
Шу билан бирга, жаҳон бозорида рақобат кескинлашиб бораётган бир пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янги имконият, имтиёз ва преференциялар яратиб бериш ва унинг ривожини янги босқичга олиб чиқиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шу мақсадда, ҳуқуқий-норматив қарорларни янада такомиллаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, пировардида соҳанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик субектларига хизмат қилувчи инфратузилмалар, хусусан, коммунал соҳага инновацион ютуқларни тадбиқ этиш, солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш, банклардан кредит олишда кредитнинг гаров асосида таъминланишига ёрдам берувчи ташкилотларни ташкил этиш лозим.
Умуман олганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз тараққиётида, халқимизнинг ҳаёт даражасини муносиб босқичга кўтаришда, бозор муносабатларига асосланган эркин иқтисодиёт механизмларини такомиллаштириш, замонавий демократик давлат қуришда ҳал қилувчи ўрин ва таъсирга эга бўлиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |