Меҳнат шароитлари ва уларни баҳолаш
Режа:
1. Касалликлар ва травматизм оқибатларида иш вақти йўқотишларини аниқлаш
2. Кадрлар қўнимсизлиги ва кадрларнинг ички ишлаб чиқариш миграцияси
3. Санитар-гигиеник ҳолат ва уни яхшилаш чоралари самарадорлигини баҳолаш
4. Жамоа психологик муҳити ва унинг кадрлар
турғунлигига таъсири
1. Касалликлар ва травматизм оқибатларида иш вақти йўқотишларини аниқлаш
Иш вақти йўқотишларининг кўпчилигини ишлаб чиқаришдаги травмавтизм ва касб касалликлари келтириб чиқаради. Улар асосан ноқулай меҳнат шароитлари ва меҳнатни ноқулай ташкил қилиш сабабли юзага чиқади. Умуман, саноат корхоналарида тўлиқ иш кунлари йўқотишларининг 60-80% касаллиги туфайли ишга келмасликдан ташкил топади. Корхона йиллик иш вақти жамғармаси йўқотишининг 25% меҳнат шароитларида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик туфайли вужудга келади, меҳнат шароитлари ёмон бўлганда бу кўрсаткич 5-10% ни ташкил қилади.
Келтирилган маълумотлар иш вақтини тежашнинг заҳираси борлигини ва бунга эришиш учун корхоналарда касалланишлар ва травматизмни камайтириш кераклигини кўрсатади.
Ишчи ва хизматчиларнинг умумий касалланишларига ва иш вақтини йўқотишларига меҳнат шароитларининг таъсирини, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисидаги статистик ҳисобот маълумотномаларига кўра ва даволаш муассасаларида ишчи-хизматчиларга кўрсатилган тиббий ёрдам материаллари ёрдамида аниқланади.
Дастлаб статистик ҳисобот шакли бўйича барча касалликлар туфайли йўқотилган иш кунлари аниқланади ва 100 ишчига нисбатан абсолют кўрсаткич топилади.
Касалликлар миқдорининг ҳисобот ва ўтган йил кўрсаткичларига нисбатан солиштириш касалланишларнинг кўпайганлик ёки камайганликларини аниқлаш имконини беради ва бу кўрсаткич қўйидаги формула асосида аниқланади:
Пн = Кх х Кў
бу ерда Пн –ҳисобот йилида ўтган йилга нисбатан касалланишларнинг ўзгариши; Кх ва Кў –ҳисобот ва ўтган йилдаги 100та ишчига тўғри келадиган касалланишларнинг календарь кунлари сони.
Агар олинган ўлчов 100дан ошса (масалан, 126%) касалланиш 26% ошганлигини, ва аксинча, 100% дан кам бўлса (масалан 96%), касалланиш 4% камайганлигини билдиради. Бундай таҳлил иш вақти заҳираини аниқлаш имконини беради, лекин меҳнат шароитлари билан боғлиқлигини аниқламайди.
Бу боғликликни топиш учун цехлар ёки корхона бўйича кўп такрорланган касалланишларни таҳлил қилиш зарур. Бунинг учун 100 кишига тўғри келадиган кўп такрорланган касалланишлар туфайли йўқотилган иш кунлари корхона бўйича топилади ва бу кўрсаткич вилоят ёки тумандаги бошқа шунга ўхшаш корхоналар кўрсаткичлари билан солишитирилади.
Ишлаб чиқариш травматизми ва касбий касаллик кабилар кўпинча меҳнат шароитларининг ёмонлиги билан боғлиқ бўлади.
Корхона ёки цехлар бўйича травматизм туфайли иш вақти йўқотишларини аниқлаш учун қуйидаги маълумотлардан фойдаланилади:
- травматизм туфайли меҳнатга лаёқатсизлик кунлари (№7-т шаклдаги статистик ҳисобот ва корхонанинг №Н-1 далолатномаси);
- шикастланган шахсни қутқариш ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва транспортировка учун кетадиган вақт (мастернинг хизмат ёзувлари);
- ишлаб чиқаришда бахтсизлик содир бўлган кунда, сменада шикастланган ишчининг ишламаган иш вақти (цех табели);
- шикастланган шахсни касалхона ёки уйига бориб кўриш учун кетган вақт (мастернинг хизмат ёзуви);
- санатор-курорт даволаниш учун кетган вақт (тиббиёт пунктидаги меҳнатга лаёқатсизликни ҳисобга олиш шахсий картаси ёки бухгалтерияга топширилган касаллик варақаси).
Корхона ва ташкилотларда меҳнат шароитларини яхшилаш ишларини баҳолашда микротравматизмни ҳам ҳисобга олиш зарур, чунки у умумдавлат ҳисобларида ҳисобга олинмайди ва иш вақти йўқотишларининг беркитишга сабаб бўлади. Микротравматизм оқибатида иш кунининг 1 суткадан кам бўлмаган вақтида меҳнатга лаёкатсизликка киради. Кўпинча жароҳатланган ишчилар тиббиёт пунктига боради ва иш вақти тугамасдан уйига кетади, бу эса ўз навбатида иш вақтининг йўқотишларига сабаб бўлади.
Микротравматизмни таҳлил қилиш учун қуйидаги маълумотлар керак бўлади:
- зарарли ва оғир меҳнат шароитли участкаларда бажариладиган ишлар бўйича, етакчи касблар бўйича ёки умуман корхона бўйича микротравматизмлар сони (тиббиёт пунктидаги касаллик ва ишлаб чиқариш жароҳатларини рўйхатга олиш журнали);
- шикастланган ишчининг тиббиёт пунктига келиб-кетишига кетган вақт (агар кузатувчиси бўлса, бу вақт иккига кўпайтирилади) ёки тиббий ёрдам кўрсатишга кетган вақт (мастернинг хизмат ёзуви).
Тажрибалар шуни кўрсатадики, маълумотларни бу кўрсаткичлар бўйича йиғиш кўпинча қийинчилик туғдиради, чунки цех ва тиббиёт пунктларида биринчи ёрдам ҳар доим ҳам ҳисобга олинмайди. Шунинг учун биринчи ёрдам учун кетган вақтни, смена тугамасдан уйга кетиб қолган вақтни ёки кузатувчи сарфлаган вақтни рўйхатга олиб бориш зарур.
Меҳнат шароитларини яхшилаш травматизм, касбий касалликларни ва микротравматизмни камайтириб бориш самарали иш вақти жамғармасининг ошишига, шу билан бирга, ишчиларнинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқаришини ошишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |