“Европача” йўл. Европада давлатларнинг вужудга келишида
асосий омил бўлган хусусий мулкнинг шаклланиши жамиятда мулкий
тенгсизликнинг ва шу асосда турли хил табақаларнинг юзага келишига
сабаб бўлган.
Шу билан бирга, турли халқларда давлатнинг вужудга келишида
юқоридаги омиллар билан бир қаторда бошқа омиллар ҳам муҳим ўрин
тутган. Давлатларнинг келиб чиқиши қуйида кўрсатиб ўтиладиган
турли хил назариялар доирасида тадқиқ этилади.
Теологик назария. Теологик (диний) назария (юнонча theos
– худо, logos – тушунча, таълимот, худо тўғрисидаги таълимотни
англатади. Диний таълимотлар давлат ва ҳуқуқнинг вужудга келиши
тўғрисидаги илк таълимотлардир. Давлатчилик ва ҳуқуқ шаклланиши
билан уни диний, илоҳий тарзда тушуниш юзага келган.
Аврелий Августин (354–430), Ал-Маварди (974–1058), Ибн Рушд
(1126–1198), Фома Аквинский (1225–1274), Ибн Халдун
(1332–1406) каби мутафаккирлар ҳамда яҳудийлик, христианлик ва
ислом дини вакиллари томонидан давлат ва ҳуқуқнинг келиб чиқиши
диний асосда тушунтирилади1.
Ушбу назария вакилларининг фикрича, бутун олам, шу жумладан
давлат ва ҳуқуқнинг келиб чиқиши ҳам худонинг иродаси билан боғлиқ.
Подшо ва дин вакиллари худонинг иродасини ифодаловчилардир.
Шунинг учун ҳам фуқаролар уларнинг амрига сўзсиз бўйсунишлари
лозим бўлади.
Ушбу назария XII–XIII асрларда юқори мавқега эга бўлди. Бу
даврда Ғарбий Европада эса “икки қилич” назарияси кенг оммалашган.
Унга кўра черков битта қилични ўзида сақлаган бўлса, иккинчи
қиличдан фойдаланиш ҳуқуқини ҳукмдорларга жамиятдаги
масалаларни ҳал қилиш учун тақдим этади. Шу боис Европа давлатлари
монархлари ҳокимияти қонуний бўлиши учун католик черкови бошлиғи
Рим папасидан ёрлиқ олишлари лозим бўлган. Шу билан диний
ташкилот бўлган черковнинг дунёвий давлат устидан устунлиги
таъминланган.
Патриархал назария. Мазкур назариянинг асосчилари
Аристотель, Афлотун ва Конфуций ҳисобланади. Лекин ушбу назария
XVII–XVIII асрларда Генри Мен, Михайловский каби олимларнинг
асарлари орқали кенг тарқалди. Мазкур назария намояндаларининг
фикрича, давлат оиланинг ривожланиши асосида вужудга келган.
Ибтидоий оилага ота бошчилик қилиб, кейинчалик давлат вужудга
келади ва ота ҳокимияти меросий бўлади. Афлотун ўзининг “Давлат”
деб номланган машҳур асарида оиладан ўсиб чиққан юксак адолатли
давлатни тасвирлайди. Унда подшо ҳокимияти отанинг ўз оила аъзолари устидан ҳукмронлигига ўхшатилади.
Патриархал назария ғоялари XVII асрда инглиз олими
Фильмернинг “Патриарх” асарида ривожлантирилди. У мазкур асарида
ҳокимиятнинг худодан олингани, кейин унинг тўнғич ўғли
– Патриархга, ундан кейингина ўз авлодлари – қиролларга берилганини
исботлайди. Мазкур назарияда давлат катта оила сифатида
тавсифланади. Ҳукмдорнинг ҳокимиятига миллат отасининг ҳокимияти
сифатида қаралади. Ҳукмдор худди оила бошлиғи каби жамият
аъзолари ҳақида қайғуриши, ўз навбатида, оила аъзолари отага қандай
бўйсунган бўлса, давлат бошлиғига ҳам шундай содиқ ва итоаткор
бўлишлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |