§ 6. Асосий Реестр
41. Рўйхатдан ўтказувчи ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловасида келтирилган шакл бўйича ариза берувчи томонидан тўлдириладиган домен номини рўйхатдан ўтказиш учун ариза асосида домен номларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни асосий Реестрга киритади.
Тўлдирилиши мажбурий бўлган шаклнинг барча ҳошиялари ариза шаклида кўрсатилади.
42. Ахборотни асосий Реестрга киритиш, ўзгартириш, шунингдек домен номларини рўйхатдан ўтказиш учун шартномани тузиш (рўйхатдан ўтказиш амал қилиш муддатини узайтириш) ариза берувчининг аризасига асосан Рўйхатдан ўтказувчи томонидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
43. Домен номи ва унинг Маъмури тўғрисидаги маълумотлар «UZ» домени Маъмурининг «whois» хизмати орқали фойдаланилиши мумкин бўлиши керак. Бунда «whois» хизмати ёрдамида фойдаланиш мумкин бўлган домен номи тўғрисидаги ахборот ҳажми ошкора ва конфиденциал ахборотни ўз ичига олади.
Ошкора ахборотга қуйидаги маълумотлар киритилади:
домен номининг қисқача таърифи;
домен номи тўғрисидаги ахборотни асосий Реестрга узатилишини амалга оширувчи Рўйхатдан ўтказувчи тўғрисидаги маълумотлар;
ушбу доменга хизмат кўрсатувчи DNS серверлар номлари ва IP-адреслари, шунингдек DNS томонидан фойдаланиладиган бошқа техник ахборот.
Конфиденциал ахборотга қуйидаги маълумотлар киритилади:
домен номининг Маъмурининг тўлиқ номи (номланиши);
электрон почта манзили;
домен номининг Маъмурининг юридик манзили ва мурожаат учун телефонлари.
Домен номининг Маъмури ва Рўйхатдан ўтказувчининг келишуви бўйича домен номининг Маъмури тўғрисидаги қўшимча ахборот киритилиши мумкин.
(43-банд Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 2014 йил 30 декабрдаги 94мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 1830-1, 05.02.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 5-сон, 61-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
44. Асосий реестрга киритилган домен номи ва унинг Маъмури тўғрисидаги маълумотлар конфиденциал ҳисобланади, агар ариза берувчи ва Рўйхатдан ўтказувчи ўртасидаги шартномада, шунингдек ушбу Низомда бошқача қоида кўзда тутилмаган бўлса.
(44-банд Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 2014 йил 30 декабрдаги 94мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 1830-1, 05.02.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 5-сон, 61-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
45. Ушбу Низомга мувофиқ ариза берувчи тўғрисидаги ахборотни «whois» хизматида жойлаштириш ва ундан фойдаланиш учун ариза берувчининг розилиги олиниши шарт.
(45-банд Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 2014 йил 30 декабрдаги 94мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 1830-1, 05.02.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 5-сон, 61-модда)
46. Асосий Реестрдаги домен номлари тўғрисидаги ахборот фақат домен номлари тизимининг лозим даражада ишлашини таъминлаш ва домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида фойдаланилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
47. Домен номининг Маъмури томонидан рўйхатдан ўтказиш (рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш) учун аввал берилган аризанинг маълумотлари ўзгарганда, шунингдек домен номи ёки домен номининг Маъмури тўғрисидаги ахборот ўзгарганда домен номининг Маъмури ўзгаришлар тўғрисида Рўйхатдан ўтказувчига ўн кунлик муддатда хабар беришга мажбурдир.
(47-банд Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 2014 йил 30 декабрдаги 94мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 1830-1, 05.02.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 5-сон, 61-модда)
48. Рўйхатдан ўтказувчи ўз ташаббуси билан ҳам маълумотларни текшириш, бунинг учун домен номи Маъмуридан қўшимча маълумотларни сўраш ёки аввал тақдим этилган маълумотларни тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Домен номи Маъмури Рўйхатдан ўтказувчининг талабларини ўн кунлик муддатда бажариши мажбурийдир.
49. Домен номи Маъмуридан маълумотлар ўзгариши тўғрисидаги хабарни олингандан ва ушбу маълумотларнинг кейинчалик текширувидан кейин Рўйхатдан ўтказувчи асосий Реестр базасига тегишли ўзгаришларни киритишга ва зарур бўлганда, домен номи Маъмури билан шартномани қайтадан тузишга мажбурдир.
50. Рўйхатдан ўтказувчи асосий Реестрни маъмурий бошқариш ҳуқуқига эга эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |