[
ОКОЗ:
1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.14.00.00 Қишлоқ хўжалиги / 09.14.01.00 Умумий қоидалар;
2.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.14.00.00 Қишлоқ хўжалиги / 09.14.06.00 Фермер хўжаликлари]
[
ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Қишлоқ хўжалиги]
Ўзбекистон
Республикаси Президентининг
Қарори
2007 ЙИЛДА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ КОРХОНАЛАРИНИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИГА АЙЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, қишлоқда фермерликни асосий хўжалик субъекти сифатида мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида, шунингдек зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва истиқболсиз қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликларига айлантириш Дастурига мувофиқ:
1. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги
вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда тайёрлаган қуйидаги:
1-иловага* мувофиқ, 2007 йилда қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш;
2-иловага* мувофиқ, 2007 йилда қайта ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектларини барпо этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
* 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
2. Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермер хўжаликлари уюшмаси раҳбарлари зиммасига:
икки ой муддатда 1-иловада кўрсатилган қишлоқ хўжалиги корхоналари Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни талабларига тўла мувофиқ тарзда фермер хўжаликларига
айлантирилиши;
фермер хўжаликларини ташкил этишга даъвогарлар ўртасида очиқ ва ошкора танловлар ўтказилиши. бунда ғолибларни аниқлашда ижтимоий адолат, холислик ва ҳаққонийлик тамойиллари қатъий
таъминланиши;
ширкат хўжаликларини тугатиш бўйича ишлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз вақтида ва тўлиқ якунланиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
3. Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М. Мирзиёев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда:
2007 йилда қайта ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида барпо этиладиган ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари 2-иловага қатъий мувофиқ равишда жойлаштирилишини бир ой муддатда аниқласин ва уларни ташкил қилиш устидан назоратни таъминласин;
«Ўздонмаҳсулот» АК корхоналари билан қайта ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасида аввал тузилган шартномаларга тенг ҳажмда давлат эҳтиёжлари учун 2007 йил ҳосилидан бошоқли дон харид қилиш учун янги ташкил этилган фермер хўжаликлари билан шартномалар
имзоланишини таъминласин;
1-иловага мувофиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил этиш натижасида бўшайдиган ходимлар иш билан таъминланишини ташкил этсин.
7. Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ёрдамчи, ўқув, ўқув-тажриба хўжаликлари ва бошқа хўжалик субъектлари ихтиёридаги қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг тўлиқ инвентаризациясини ўтказсин.
Инвентаризация натижаларига кўра, ушбу ерлардан оқилона, самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон
Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермер хўжаликлари уюшмаси телевидение ва оммавий ахборот воситаларида фермер хўжаликларини ривожлантириш ва
уларнинг фаолияти, қишлоқда ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш масалаларини ёритиш бўйича махсус кўрсатув ва рукнлар ташкил этсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 21 ноябрь,
ПҚ-514-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 46-47-сон, 457-модда)