[
ОКОЗ:
1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.06.00 Маъмурий тартиб-таомиллар / 02.08.06.02 Алоҳида фаолият турларини лицензиялаш (шунингдек, 09.01.05.00 га қаранг);
2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.06.00 Маъмурий тартиб-таомиллар / 02.08.06.03 Рухсат бериш тартиб-таомиллари (шунингдек, 09.01.05.03га қаранг)]
[
ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш]
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 5 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 23 апрелда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг мақсади лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш, шунингдек комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси (франшизинг тўғрисидаги шартнома) асосида амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолияти;
тадбиркорлик субъектларини, битимларни, ҳуқуқларни ва мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда ҳисобга қўйиш;
аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш;
давлат экологик экспертизаси;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолият;
ушбу Қонуннинг 2-иловасида кўрсатилмаган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни жисмоний шахсларга бериш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ушбу Қонуннинг 1, 2 ва 3-иловаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тегишли фаолият соҳаларидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.
2-модда. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг ўзига хос хусусиятлари қонун билан белгиланади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: