§ 2. Тартибга солиш таъсирини баҳолашни ўтказиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш (кейинги ўринларда — тартибга солиш таъсирини баҳолаш) Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарорига мувофиқ мазкур Низомга иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 июлдаги 454-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.07.2021 й., 09/21/454/0694-сон)
28. Тартибга солиш таъсирини баҳолашни амалга оширишда қуйидагилар баҳоланади:
юзага келадиган ва юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳуқуқий ва бошқа оқибатлар, шу жумладан ундаги қоидаларнинг тегишли тартибга солиш соҳасига таъсири;
давлат томонидан тартибга солишнинг янги механизмларини жорий этишни назарда тутувчи лойиҳани қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги;
давлат томонидан тартибга солишнинг лойиҳада назарда тутилган механизмлари самарадорлиги;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган давлат томонидан тартибга солиш механизмларининг амалдаги таъсири.
Олдинги таҳрирга қаранг.
29. Тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсири баҳоланади.
Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан сўнг ҳужжатда назарда тутилган давлат томонидан тартибга солиш механизмларининг натижадорлиги ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.
Тартибга солиш таъсирини баҳолаш якунлари бўйича зарур ҳолларда тегишли ҳужжатни қайта кўриб чиқиш, унга тузатишлар киритиш ёки уни кучини йўқотган деб ҳисоблаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
30. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солиш таъсирини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
31. Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар — давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ишлаб чиқилган лойиҳани жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш мақсадида уни ва унга асослантирувчи материалларни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) жойлаштиради.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) лойиҳаларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(29 — 31-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 июлдаги 454-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.07.2021 й., 09/21/454/0694-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
32. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталидаги (regulation.gov.uz) муҳокама, шунингдек, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиш натижалари бўйича ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва унга илова қилинган материалларни қайта ишлайди.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 июлдаги 454-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.07.2021 й., 09/21/454/0694-сон)
33. Қайта ишланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва унга илова қилинган материаллар ишлаб чиқувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга риоя қилинганлигига, ҳужжат лойиҳасида белгиланаётган маъмурий ва бошқа чекловлар, тақиқлар ва мажбуриятлар ёки уларнинг киритилишига имкон берувчи қоидаларнинг, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети учун харажатлар юзага келишига имкон берувчи қоидаларнинг етарли даражада асослантирилганлигига, шунингдек, кутилаётган ижобий натижага эришиш имкониятига баҳо беради.
34. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг эътироз ва таклифлари мавжуд бўлган ҳолларда ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қайта ишлайди, лойиҳа бўйича ҳужжатлар тўпламини шакллантиради ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
35. Вазирлар Маҳкамасида лойиҳаларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш Бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(35-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 июлдаги 454-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.07.2021 й., 09/21/454/0694-сон)
Ўтказилган тартибга солиш таъсирини баҳолаш якунлари бўйича Бошқарма томонидан хулоса тайёрланади.
36. Лойиҳанинг тартибга солиш таъсирини баҳолашда лойиҳанинг ишлаб чиқишнинг асослантирилганлиги, лойиҳа билан назарда тутилаётган давлат томонидан тартибга солиш тартиб ва механизмларининг мақбуллиги, лойиҳадан келиб чиқадиган маъмурий ва бошқа харажатлар, лойиҳанинг тушунарлилиги, изчиллиги ҳамда фуқаролар ва ижрочилар учун қулайлиги, ваколатли давлат органининг лойиҳага таклиф ва эътирозлари, шунингдек, Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали келиб тушган эътирозлар, шу билан бирга, қабул қилинадиган лойиҳани амалга ошириш механизмларининг самарадорлиги кўриб чиқилади.
37. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган давлат томонидан тартибга солиш механизмларининг амалдаги таъсирини ўрганиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан олти ой ўтганидан кейин тартибга солиш таъсирини баҳолаш ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
38. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш режасига мувофиқ ўтказилади.
Бошқарма Адлия вазирлиги томонидан тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш режасига мувофиқ, қоида тариқасида, ҳар чоракда киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш режасининг бажарилиши ҳолати, тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисоботларнинг умумлашмаси ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни (мавжуд бўлса) назарда тутувчи ахборот-таҳлилий маълумотни кўриб чиқади.
Бошқарма Адлия вазирлиги киритган ахборот-таҳлилий маълумотни кўриб чиқиш якунлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш натижаларини амалга оширишга қаратилган «йўл харитаси»ни тасдиқлайди ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўлиқ ёки алоҳида нормаларини ўзгартириш тўғрисида таклифларни Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурига ёки қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш режаларига киритиш чораларини кўради. Зарур ҳолларда тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳам юборилиши мумкин.
(38-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 июлдаги 454-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.07.2021 й., 09/21/454/0694-сон)
39. Кейинчалик тартибга солиш таъсирини баҳолаш якунлари бўйича ҳужжатнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашни, шунингдек, тегишли ҳужжатга тузатишлар киритиш ёхуд ҳужжатни ёки унинг таркибий қисмини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш бўйича асослантирилган таклифларни ўз ичига олган хулоса шаклидаги таҳлилий ахборот маълумотномаси тайёрланади.
40. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш якунлари бўйича хулоса кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ахборот бериш учун Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига киритилади. Зарур ҳолларда тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳам юборилиши мумкин.
41. Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўлими тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари бўйича маълумотлар базасини юритади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармаси тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш
СХЕМАСИ