3-боб. Божхона органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш
9-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш шартлари
Божхона органи ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида жисмоний куч ишлатиш, ўзига бириктирилган махсус воситаларни ва ўқотар қуролни олиб юриш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Божхона органи ходими махсус тайёргарликдан ўтиши, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий жиҳатдан яроқлилигини аниқлаш учун даврий текширувдан ўтиши шарт.
Махсус тайёргарликдан ўтган божхона органи ходимига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан тегишли рухсатнома берилади.
Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва божхона органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.
Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахсларнинг хатти-ҳаракатлари хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда божхона органи ходими ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.
Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.
Жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган, шунингдек жисмоний шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига ёхуд юридик шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида божхона органининг ходими бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.
Божхона органлари жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига ёхуд юридик шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида прокурорга дарҳол хабар беради.
Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш ушбу Қонунда белгиланган асослар бўйича амалга оширилган бўлса, божхона органи ходими жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |