7-модда. Божхона органларининг ҳуқуқлари
Божхона органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
божхона назоратини амалга ошириш учун маълумотлар ва ҳужжатларни текшириш, оғзаки сўров ўтказиш, ахборот олиш, божхона кўздан кечирувини, божхона кўригини ва шахсий кўрикни ўтказиш, шунингдек бинолар, ҳудудлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш;
товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини ҳамда уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назоратини амалга ошириш;
банклардан, молия органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ва олиш;
божхона назоратини ўтказиш мақсадида товарлар ҳамда бошқа буюмлардан намуналар ва нусхалар олиш;
божхонага оид ҳуқуқбузарликларнинг бевосита предмети бўлган товарлар ва бошқа қимматликларни ушлаб туриш ҳамда олиб қўйиш;
терговга қадар текширув, суриштирув олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туришни амалга ошириш;
махсус рухсатномалар ва лицензиялар бериш;
божхона органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан ва назоратнинг техник воситаларидан фойдаланиш;
божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида мутахассисни ёки экспертни жалб этиш;
божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.
8-модда. Божхона органларининг мажбуриятлари
Божхона органлари:
божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши;
божхона тўловлари тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириши;
божхона назоратини ташкил этиши;
товарларни ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтиш чоғида жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиши;
ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслиги;
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига имкон яратган сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўриши;
божхона органларида коррупция ва бошқа мансабдорлик жиноятлари содир этилишининг олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга ошириши;
давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиши;
ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |