1-боб. МАШИНА ДЕТАЛЛАРИ
1.1. Машина деталлари тўғрисида умумий тушунчалар.
Умуман машиналар бир неча алоҳида қисмлар йиғиндисидан иборат бўлади. Энергияни бир турдан иккинчи турга айлантириб берадиган, бирор ишни бажариш учун мўлжалланган механизм ва деталлар мажмуи машина дейилади. Мисол учун, электр юритгич (двигатель) электр энергиясини механикавий энергияга айлантириш учун мўлжалланган; қурилиш кранлари юкларни қурилаётган бинони зарур жойларига кўтариб, етказиб бериш учун мўлжалланган.
Ҳар қандай машина умумий корпусга, рамага ёки станинага бирлаштирилган, турли вазифаларни бажаришга мўлжалланган бир нечта механизмлардан иборат бўлади.
Деталь-машинанинг бир жинсли материаллардан, бириктиришлардан фойдаланмасдан тайёрланган қисмлардир.
Деталлар оддий, мураккаб, умумий ишларга мўлжалланган, махсус турларга бўлинади.
Оддий деталларга парчин мих, шпилка, шпонка ва бошқалар киради. Мураккаб деталлар-тирсакли вал, экскаватор чўмичи, редуктор корпуси ва бошқалар.
Умумий ишларга мўлжалланган деталларга болтлар, гайкалар, валлар, пружнналар ва хоказолар киради.
Махсус деталларга кран илмоқлари, насос поршенларининг корпуси ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.
Машиналарнинг асосий қисмлари: станина, двигатель (ҳаракатланиш механизми), двигателдан ижро механизмига ҳаракат узатувчи система (трансмиссия)лардан иборатдир.
Машина ва деталларни тайёрлаш ва лойихалашда деталларга маълум талаблар қўйилади.
Деталлар ўз вазифасига тўла мос келиши, айни шароитда ишлаш лаёқатига эга, иш параметрлари катта бўлгани ҳолда ихчам, иложи борича енгил бўлиши, стандарт ва ўзаро алмашинадиган деталлар бўлиши, мустаҳкамлигини сақлайдиган, тежамли ишлаши, пухта ва фойдали иш коэффициенти юқори, имкони борича арзон тушиши лозим.
Мустахкамлик, бикирлик, иссиққа бардошлилик, титрашга ва ейилишга чидамлилик деталнинг ишлаш лаёқатини белгилайдиган асосий мезонлардир. Мустахкамлик: деталнинг унга четдан таъсир этадиган кучларга қаршилик кўрсата олиш хусусияти бўлиб, у таъсир этадиган кучларнинг характери, деталнинг шакли ҳамда у тайёрланган материалга боғлиқ.
Бикирлик деталнинг унга ташқи куч таъсир этадиган эгилувчанлиги билан характерланади. Титрашга чидамлилик деталларнинг титраш мавжуд бўлган шароитларда ишлай олиш қобилияти билан характерланади.
Ейилишга чидамлилик. Ишлаши натижасида деталларнинг ейилиши, ўлчамлари ўзгаради, бу эса уз навбатида деталнинг нотекис ишлашига сабаб бўлади.
Ҳозирги замон машинасозлигида деталь ва узеллар ўзаро алмашувчан бўлишини талаб қилинади, бусиз кенг унификацияни амалга ошириб бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |