Ўзаро ҳамкорлик ва манфаатдорлик ошади
Ҳозиргача молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари расмий тўртта — француз, немис, рус ва поляк тилларига таржима қилинган. Айни пайтда эса хитой, япон, португал ва испан тилига таржима қилиш жараёни кечмоқда. Норасмий тартибда эса 30 дан ортиқ тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Бу эса қарор ижросини таъминлашда қўл келади.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш, корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий, мулкий ва молиявий ҳолатини, уларнинг ўтган даврлардаги молиявий натижаларини қиёсий ўрганиш орқали объектив баҳолаш орқали келгусидаги фаолиятни кенгайтириш, ташқи молиявий манбааларни излаб топиш, халқаро молиявий институтлардан капитал жалб қилиш имконини беради.
Мазкур ислоҳотлар, биринчи навбатда, йирик бизнес субъектларининг МҲХСга ўтишларига қаратилган “Йўл харитаси” бўлиб, уларда анъанавий тарзда амалга ошириб келинган ҳисоб тизими тубдан қайта кўриб чиқилишини назарда тутади. Хусусан, ушбу “Йўл харитаси”да мамлакатимизда фаолият юритаётган акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этишлари, 2021 йил якунидан бошлаб, молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлашлари белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, қарорда, 2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сетификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд CIPA — Сертификатланган халқаро профессиональ бухгалтер, АССА— Буюк Британиянинг малакали бухгалтерлар уюшмаси, СРА— Тармоқ орқали ўзаро фойдали ҳамкорлик дастури ва DipIFR — Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом каби сертификатларидан бирига эга бўлган камида уч нафар бухгалтерия хизмати ходими билан таъминлашлари лозимлиги алоҳида қайд этилган.
Мазкур қарорда, аккредитациядан ўтган ўқув марказлари орқали ва соҳага оид ОТМ укув дастурлари асосида қадрларни тайёрлаш масаласи юзасидан аниқ топшириқлар берилганлигини ҳам кўриш мумкин.
Қарор, албатта, йиллар давомида шаклланиб келган, бухгалтерлар, аудиторларнинг ҳисоб хизматларини йўлга қўйишдаги анънавий ёндашувлардан тўлиқ воз кечишни талаб қилмайди. Аксинча, бухгалтерлар, аудиторларнинг профессионал тажрибаларига кўпроқ таянишга, эркин бўлишга, яъни ягона қолипдан чиқишга ҳам ундайди. Шу билан бирга, бизнес субъектларининг катта қисмини ташкил этадиган кичик бизнес субъектларида бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари амал этишини инкор қилмайди. Яъни улар тўлиқ хўжалик опреацияларини, молиявий ҳисоботларни тайёрлашни халқаро стандартларга яқинлаштирилган, мувофиқлаштирилган амалдаги нормалар асосида юритишни йўлга қўядилар.
Албатта, ўзларининг молиявий ҳисоботларини МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган бизнес субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этиладилар.
Карорда шунингдек, МҲХСни жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ваколатли орган этиб белгиланиши билан бир қаторда ҳисоб сиёсатининг айрим жиҳатларини Республика бухгалтерлар ва аудиторларининг жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, қарор ижросида Олий таълим вазирлиги билан ҳам ҳамкорликда ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим жиҳатлар белгиланади. Тажриба-синов тариқасида олинган ОТМ (Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Фарғона политехника институти)ларида «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини тасдиқлашлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |