1-Амалиёт иши
Мавзу: Радиоузатувчи ва радиоқабул қилувчи қурилмалар хусусиятларини ўрганиш
1. Ишдан мақсад
Радио алоқа тизимларида қўлланилувчи радиоузатувчи ва радиоқабул қилувчи қурилмалар ишлаш принципларини ва хусусиятларини ўрганиш.
2. Назарий қисм
Манбанинг фойдали сигнали ёки хабари радиолиниялар(ҳаво) орқали манбадан қабул қилувчига етказиладиган бўлса, бу хабар аввало хабарни сигналга ўзгартиргичлар ёрдамида бирламчи электр сигналларига айлантирилади. Лекин бу сигналнинг ўзини ҳаво орқали қабул қилиш томонига узатиб бўлмайди. Бу сигнал манзили ёзилмаган ва элитувчиси бўлмаган хатга ўхшайди. Бизнинг ихтиёримизда хатнинг ўзи мавжуд, лекин хатнинг манзилини ёзилгандан сўнг элитувчи манба мавжуд эмас. Хатни керакли манзилга етказиш учун эса элитувчи манба – конверт керак бўлади. Бизнинг ҳолимизда хам бирламчи сигнални ташувчи, элитувчидан фойдаланиш керак. Хаво орқали хабар узатишда ташувчи сифатида юқори частотали сигналардан фойдаланилади. Бу юқори частотали сигналга фойдали хабар юкланади. Фан термини билан айтганда, юқори частотали сигналнинг бир ёки бир нечта параметрлари (амплитудаси, частотаси ёки фазаси) бирламчи фойдали сигнал ўзгариш қонунига кўра ўзгартирилади. Бу жараён модуляция дейилади. Узатиш томонидан қабул қилиш томонига модуляцияланган сигнал узатилади.
2.1– расм. Радиолинияларнинг тузилиш схемаси
Бирламчи сигналларни радиолиниялар орқали узатишга тайёрлаш учун ўзгартириш жараёнлари узатгичлар деб аталадиган, ўзгартирилган сигналларни бирламчи сигналларга айлантириш эса қабул қилгичлар деб аталадиган қурилмаларда амалга оширилади. Лекин узаткичлар/қабул қилгичлар бу вазифалардан бошқа вазифаларни ҳам бажаради. Ўзгартирилган сигналларни узатувчи ва қабул қилувчи қурилма эса антенна деб аталади. Ўзгартирилган сигналларни узаткич/қабул қилгичдан антеннага ёки аксинча етказиб берувчи муҳит фидер дейилади. Антенна ва фидернинг функциялари бир-бирига қарама қарши бўлади – антенна сигналларни иложи борича максимал равишда тарқатиши ёки қабул қилиши керак, фидер эса сигналларни иложи борича йўқотишларсиз, минимал нурланишларсиз антеннага етказиб бериши керак.
2.1 - расмда радиолиниялар тузилиш схемаси келтирилган. Бирламчи сигнал модулятор (М), частота синтезатори (СЧ) ва модуляцияланган тебранишлар ёки сигналлар кучатиргичи (УМК) дан ташкил топган узатгичга келиб тушади. Модулятор ёрдамида юқори частотали элитувчи (ташувчи) сигналнинг параметрларидан бири ёки бир нечаси бирламчи сигнал қонуниятига кўра ўзгартирилади ва антенна(А) ёрдамида тарқатилади. Қабул қилиш томонида антеннада қабул қилинган сигнал селектив знжирлар (СЦ) ва детектордан иборат бўлган қабул қилгичда бирламчи сигнал кўринишига келтирилади. Селектив занжирлар қабул учун керакли сигнални бошқа радиостанциялар сигналларидан ва шовқинлардан ажратиб олиш учун ишлатилади. Детектор эса модуляция жараёнига тескари бўлган демодуляция жараёнини амалга ошириш учун хизмат қилади. Бу келтирилган схема фақат бир томонлама алоқа учун хизмат қилади. Аслида рдиоалоқалар симплекс, ярим дуплекс ва дуплекс радиоалоқалардан иборат. Симплекс алоқада алоқа фақат бир томонлама амалга оширилади. Бунда узатиш томони ва қабул қилиш томони мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири мос ҳолда фақат узатиш ёки қабул қилиш учун ишлатилади. Ярим дуплекс алоқада қурилмалар ҳам узатиш, ҳам қабул қилиш учун ишлатилиши мумкин, лекин вақтнинг айни онида хар бир қурилма фақат бир вазифани бажаради – узатди ёки қабул қилади. Дуплекс радиоалоқа усулида қурилмалар бир вақтнинг ўзида узатиш ва қабул қилиш вазифаларини бажаради. Узатгич ўзи тарқатаётган сигнални ўзи қабул қилмаслиги учун узатиш ва қабул қилиш турли частоталарда амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |