2.Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш йўлидаги муаммолар
Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг Афғонистон ҳудуди орқали яқинроқ интеграцияси жараёнида юзага келадиган истиқболли имкониятлар билан бир қаторда, ушбу йўлда учраши мумкин бўлган бир қатор қийинчиликларга ҳам тўхталиб ўтиш лозим.
Биринчи. Афғонистондаги мавжуд беқарор вазият ҳар қандай лойиҳаларни амалга оширишни қийинлаштирмоқда, юқори инвестицион хавфи бўлган катта сармояларни ва юқори хавфсизлик даражасини таъминлаган ҳолда кўплаб хорижий ва маҳаллий мутахассисларга эҳтиёжи бўлган йирик инфратузилма объектлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Толибларнинг мамлакатнинг турли вилоятларида ҳужумлар уюштириб, вазиятни ўз томонларига оғдириш учун фаол уринишлари ҳамда Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида билан 2020 йил сентябрь ойида Доҳада ишга туширилган тинчлик музокаралари жараёнида кузатилаётган турғунлик фонида халқаро коалиция қўшинларининг Афғонистондан жадал суръатларда олиб чиқиб кетилиши ихтилофдаги томонлар ўртасида келишув ечимларини тез орада топиш имкони йўқлигини кўрсатмоқда.
Қўшни Афғонистондаги можаронинг кучайишига жавобан Марказий Осиё мамлакатлари ҳаракатларининг етарли даражада мувофиқлаштирилмаганлиги хавотирли ҳолатдир. Минтақа чегаралари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик тузилмаларининг тезкор маълумотлар ва контактлар билан алмашиш бўйича келишилган ҳаракатларига бўлган эҳтиёж билан бир қаторда минтақа давлатлари раҳбарларининг Афғонистондаги мавжуд вазият бўйича умумий позиция ва вазиятни барқарорлаштириш мақсадида уни тартибга солиш бўйича таклифлар юзасидан қўшма баёнотини эълон қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, афғон қуролли кучларининг жанговар қобилияти ва уларнинг мамлакат ичидаги ҳудудларни назорат қилиш даражаси суст ва заиф бўлиб қолмоқда. Афғонистон раҳбарияти турли вакилларининг ҳаракатларида мамлакатнинг ҳозирги ва келажакдаги ривожланиши масалалари бўйича келишмовчиликлар ва рақобат кузатилмоқда. Қобулдаги Афғонистон ҳукуматининг ички тарқоқлиги ва бошқарув тизимидаги кўзга кўриниб турган камчиликлар мамлакатда муҳим лойиҳаларни амалга оширишда улар билан музокара олиб бориш учун имкониятларни чекламоқда. Бундай ҳолат ҳукумат билан тузилган деярли ҳар қандай келишув хатарини сезиларли даражада оширади.
Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини боғловчи режадаги йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шубҳасиз, ҳозирги тангликдан чиқиб, Афғонистондаги мавжуд можарони ҳал қилишни талаб қилади. Ҳокимият тепасига мамлакатдаги мавжуд танглик ҳолатидан чиқишга қодир ва чет эл инвестицияларининг хавфсизлигини кафолатлай оладиган аҳоли томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватланадиган ҳукуматнинг келиши муҳим. Афғонистоннинг кўплаб қўшнилари ва ҳамкорлари Қобулда кутилмаган ҳаракатлар қилмайдиган, барқарор, консолидациялашган ва музокара олиб бориш қобилиятига эга, Афғонистонни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш бўйича узоқ муддатли диалог олиб бориш мумкин бўлган ҳукумат билан ишлашни истайдилар. Акс ҳолда, ушбу мамлакатда муҳим транспорт ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш жуда мушкул бўлади.
Иккинчи. Афғонистон ҳукумати ва Покистон раҳбарияти ўртасидаги мавжуд келишмовчиликлар Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида бирлаштирувчи кўприк яратиш ишларини қийинлаштириши мумкин. Афғонистон сиёсий истеблишментида расмий Исломободни салбий томондан қабул қилувчи ва унинг афғон можаросини ҳал қилишни қўллаб-қувватлаш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш бўйича эзгу ниятларига ишонмайдиган кўплаб одамлар гуруҳи мавжуд.