Адабиётшуносликнинг бошқа фанлар билан алоқаси. Бугунги кун кишисининг
тафаккур даражаси, инсоният томонидан тўпланган билимлар кўлами бениҳоя
кенгайган. Қадимда фанлар ўзаро ажралмаган, хусусан, адабиётшунослик ҳам фалсафа
ичидаги бир ҳодиса эди. Кишилик жамиятининг тараққиёти, инсон тафаккурининг
ривожи давомида турли фанлар алоҳида мустақил фанлар сифатида ажралиб чиқди.
Бироқ бу ажралишни тамомила махдудлашиш деб тушунмаслик лозим. Чунки
адабиётшунослик, фаннинг барча мустақил тармоқлари сингари, бошқа фанлар билан
алоқада яшайди, ривожланади. Бу хил алоқа давомида адабиётшунослик бошқа
фанлардан нималарнидир олади, уларга нималарнидир беради.
Адабиётшуносликнинг бошқа фанлар билан алоқаси ҳақида гапирганда, аввало,
унинг тилшунослик билан алоқаси хусусида тўхталиш лозим. Бадиий адабиётнинг
материали сўз, адабий асар эса сўзлардан таркиб топувчи матндир. Бадиий матн эса,
равшанки, тил қонуниятлари асосида таркиб топади. Тил қонуниятларини билишлик
матннинг қурилиши, тагмаънолари, ишлатилган стилистик фигураларнинг эстетик
қиммати ҳақида фикр юритишда жуда муҳим. Одатда бадиий матн тилини ўрганишга
қаратилган ишларни адабиётшунослик ва тилшунослик чегарасидаги ишлар деб
қаралади. Бироқ бунда биз чегарани аниқ олишимиз керак. Гап шундаки,
адабиётшунослик тилшунослик ютуқларига таяниб тасвир воситаларининг эстетик
томонларини ўрганса, тилшунослик тил қонуниятларини ўрганишни ўзига мақсад
қилади. Яъни, тилшунос учун бадиий матн материал бўлса, адабиётшунос учун мақсад
саналади. Тилшунослик билан адабиётшунослик алоқалари яна бир жиҳатдан муҳим.
Тилшунослик кишилар орасидаги мулоқот воситаси бўлган тилни ўрганса,
адабиётшунослик ижодкор ва ўқувчи орасидаги бадиий мулоқот воситаси бўлган
бадиий асарни ўрганади. Мулоқот қонуниятларининг муштараклиги эса
адабиётшуносликнинг қатор муаммоларини тил қонуниятлари билан қиёсан ўрганиш
ва ўргатиш имкониятини очади. Адабиётшунос ўз фаолиятида бадиий нутқ шакллари,
ритми, интонация, шеър синтаксиси, экспрессивликни оширувчи воситалар каби
қатор тушунчаларга дуч келадики, буларнинг тилшунослик илмидаги талқинини
билган адабиётшунос изланишлари, албатта, самаралироқ бўлади. Кейинги давр
адабиётшунослигида пайдо бўлган "структурал адабиётшунослик", "семиотик таҳлил"
каби тушунчалар бевосита тилшунослик ютуқлари асосида юзага келгандир.
Адабиётшуносликнинг тарих фани билан ҳам узвий алоқаси бор. Маълум бир давр
адабиёти ёки ўтмишда яратилган конкрет асарни тадқиқ этаётган адабиёт тарихчиси
ўша давр ижтимоий-тарихий ҳодисаларини ўрганмоғи шарт, акс ҳолда у
ўрганилаётган давр адабиётида кузатилган ҳодисалар моҳиятини ҳам, таҳлил
қилинаётган асарнинг моҳиятини ҳам тўла англай олмайди.
Адабиётшунослик санъатнинг умумий қонуниятларини ўрганувчи эстетика фани
билан ҳам мустаҳкам алоқададир. Сўз санъати сифатида бадиий адабиёт санъатнинг
умумий қонуниятлари асосида яшаши, унинг бошқа санъат турлари билан алоқада
эканлиги адабиётшуносдан эстетика фани ютуқларидан хабардор бўлишни тақозо
қилади
6. Масаланинг иккинчи муҳим томони — адабиёт шу бурчни қай йўсин ўташи.
Адабиётни мафкурадан ҳоли кўришни истовчилар, бизнингча, айни шу масалада
тўғри тасаввурга эга эмаслар. Назаримизда, улар "хизмат қилиш" билан "югурдаклик
қилиш", "шотирлик қилиш" тушунчаларини фарқлай билмайдилар. Энди ўртага бир
савол ташлайлик: шўро даврида ўзини коммунистик мафкура хизматчиси деб билган
ижодкорлар ҳақиқатан ҳам мафкурага хизмат қилганми ёки ўша мафкура соясида
давру даврон сурган номенклатурага югурдаклик қилганми? Бу саволга жавоб бериш
учун ижодкор билан мафкура муносабати қандай бўлмоғи лозим, деган масалани
ойдинлаштириб олайлик. Аввало, чинакам санъаткор жамиятнинг илғорида бўлиши
зарур ва табиий ҳам, чунки у идеал қўйнида яшайди. Айни пайтда, санъаткорнинг
идеали ғойибдан келган нарса эмас: у, бир томондан, асрлардан бери аждодлар
синовидан ўтиб келган ўлмас қадриятларни, иккинчи томондан, ўша санъаткор
яшаётган муҳит шароитида етилган энг илғор орзу-интилишларни ўзида мужассам
этади. Айтмоқчимизки, санъаткорнинг эстетик идеалига ўз даврининг илғор
ижтимоий мақсади ҳам сингиб кетади. Фақат бир шарти борки, ўша ижтимоий мақсад
санъаткор учун шу даражада шахсийланиб кетиши зарурки, энди у ўша мақсадга ўзўзининг мақсади деб қарасин — ижтимоийлик ва шахсийлик чегаралари йўқ бўлиб
кетсин. Мана шу шартни уддалаган ижодкор энди ҳеч кимнинг хизматчиси эмас,
аниқроғи, у энди ўз идеалининг хизматчиси, холос. Истиқлолнинг оташин куйчиси
Чўлпонни эсланг. Ўз даврининг энг илғор ижтимоий мақсади — юрт озодлиги
Чўлпон онгида шу даражада шахсийландики, энди у шоирнинг шахсий дардига,
орзусига, ҳаётининг мазмунига — ИДЕАЛИга айланди. Шу боис ҳам мустабид
болтаси остида туриб истиқлол руҳида шеърлар битишга Чўлпонни биров мажбур
қилган эмас, ЭРК мафкурасини юртдошлар дилига сингдиришга интилган шоир
бировга хизмат қилишни ўйламаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |