3 – MAVZU: LIDERLIK VA BOSHQARUV
3.1. Лидерлик ва бошқарув
Лидер сўзининг изоҳига оид. Умуман олганда адабиётда «лидер» сўзини «етакчи» атамаси билан алмаштириш ҳоллари кўп учрайди. Ўйлашимизча, «етакчи» атамаси «лидер»га хос бўлган психологик тавсифни тўла ифодалай олмайди. «Етакчи» сўзи гуруҳга муносабат сифатида, унинг аъзоларига таъсир ўтказувчи ва мақсадга етакловчи шахсга нисбатан ишлатилади. Етакчилик гуруҳ таркибини, ундаги муносабатлар тизимини таҳлил этиш орқали аниқланадиган шахс ҳолатидир. Лекин лидерга хос бўлган фазилатни ифодаловчи яна қатор жиҳатлар борки, уларни муносабатлар тизими доирасидагина таҳлил этолмаймиз. Бундай талқинда лидерга хос бўлган асосий жиҳатлардан яна бири – шахснинг вазиятга мувофиқ равишда ҳаракат қилиш қобилиятини ҳисобга олиш зарурати туғилади. Бирон-бир муаммоли вазиятда пайдо бўлган қийинчиликни бартараф этишдаги ташаббус, топқирлик ва моҳирлик лидерга хос фазилатлардир. Муаммони ечиш билан боғлиқ қийин вазиятда лидер бошқаларга нисбатан ўзининг илғорлиги, пешқадамлиги билан ажралиб туради. Фикримизча, ўзбек тилида айнан шу икки ибора – «пешқадам» ва «етакчи» сўзлари мажмуаси лидер моҳиятини тўла ифодалаши мумкин.
Назаримизда, «Етакчи» сўзи шахснинг гуруҳни етаклашга, бошчилик қилишга бўлган иштиёқи мавжудлигидан келиб чиқади. «Пешқадам» ибораси эса маълум фазилатларга эга бўлган шахс кетидан гуруҳнинг эргашишини, жамоанинг ўз ихтиёрига кўра ўзи ишонган одам бораётган йўлни танлашини англатади. Айнан шу холат «лидер» иборасига нисбатан ҳам ишлатилиши зарур. Лидернинг бу хусусияти унинг ҳиссий жозибадорлигида, ўзгаларни ўзига жалб этиш фазилатида намоён бўлади.
Шундай қилиб, «лидер» сўзини фақат «етакчи» атамаси билан алмаштириш лидерлик ҳолатининг психологик талқинини тор доирага киритиб қўяди. Ушбу мулоҳазадан келиб чиққан ҳолда қўлланмамиз матнида «лидер» сўзидан фойдаланишни маъқул деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, «лидер» сўзидаги изоҳий маънони англаб олиш ўзбек китобхони учун таниш ҳолдир.
Лидерлик ва раҳбарлик. Меҳнат жамоасидаги ҳар бир ходим гуруҳда ўзининг мавқеига эга. Бу мавқе расмий ёки норасмий тарзда қўлга киритилган бўлиши мумкин. Расмий мавқе ходимнинг мансаб поғонасидаги ўрни ва унинг лавозимидан келиб чиқувчи ваколатлари билан ифодаланади. Ҳар қандай ходим ўз ҳамкасабалари билан ўзаро муносабатда бўлар экан, турли омиллар таъсирида бу муносабатлар ҳиссий ранг ола бошлайди.
Ҳиссиётга асосланган муносабатлар икки кўринишда - ёқтириш (симпатия) ва ёқтирмаслик (антипатия) сифатида шаклланади. Шундай ходимлар ҳам борки, улар ўзининг маълум хислатлари билан жамоанинг кўпчилик аъзоларида симпатия уйғота оладилар ва улар гуруҳнинг норасмий тизимида юқори мавқени эгаллайдилар. Психологик талқин бўйича, жамоанинг расмий тизимида юқори мавқени эгалловчи ходим раҳбар бўлиб ҳисобланса, норасмий тизимда юқори мавқени эгалловчи шахс эса - лидердир.
Лидерлик ҳолати, одатда, гуруҳнинг норасмий муносабатлар тизимида амалга ошади. Бирон-бир шахснинг лидер даражасида тан олиниши унга ҳиссий яқинликни, унинг иш билан боғлиқ бўлган қатор фазилатларини юқори баҳолашни ва ушбу шахснинг гуруҳ манфаатларига эътиборлилигини англатади. Лидер - гуруҳнинг ҳамма аъзолари томонидан тан олинган шахс. Лидернинг қадриятлар тизимидаги асосий жиҳати - гуруҳ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш, доимо гуруҳ олдига қўйилган вазифани ечишга сидқидилдан киришиш ва бу жараёнда жамоани сафарбар эта олишидир.
Меҳнат жамоасидаги лидер авваламбор ўзининг ишчанлик хусусиятлари билан фарқланиб туради, чунки, у айнан меҳнат фаолияти туфайли бошқалардан ажралиб кўзга ташлана бошлайди. Бундан ташқари, лидер, гуруҳ манфаатини ҳимоя этар экан, кези келганда расмий муносабатлар тизимига ва расмий доиралар манфаатига ҳам зид чиқа олади. Натижада, жамоада расмий раҳбар ва норасмий лидер ўртасида зиддият пайдо бўлиши мумкин. Корхона манфаатидан келиб чиқсак, жамоадаги расмий раҳбар ва норасмий тизимда шаклланувчи лидер бир шахс орқали ифодаланиши энг мақбул ҳолдир.
Замонавий психология фани, ўз ютуқлари орқали, лидерга хос фазилатлар табиати ва унга эришиш йўл-йўриқлари ҳақида етарлича маълумот бера олади. Шу муносабат билан лидерга хос бўлган жиҳатларни уч тоифага киритишимиз мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |