Логистика – бу материал оқимларни ва улар билан боғлиқ хизматлар, ахборотлар, молия ва бошқа оқимларни оптималлаштириш ва уларни маълум тизимда бошқариш асосида унинг мақсадларига эришиш хақидаги фандир.
АҚШнинг материал тақисмлашни бошқариш бўйича миллий кенгаши ходимлари эса логистиканинг қуйидагича аниқланишини кўрсатмоқдалар: Логистика- бу корхоналарга кириб келаётган материал ва унга мос равишда шаклланаётган ахборот оқимларини режалаштириш, назорат этиш ва бошқаришдир.
Логистиканинг асосий мақсади корхонанинг бозордаги рақобатдошлигини таъминлашдан иборат. Бундай мақсадга логистика оқимлари жараёнини қуйидаги қоидаларга мувофиқ бошқариш асосида эришилади: бу қоида кўра истеъмолчи (харидор)га керакли маҳсулот (хом ашё, хизмат, ресурс) лозим бўлган сифати таъминлаган ҳолда керакли миқдорда ва белгиланган муддатда, энг кам харажатлар эвазига етказиб берилиши лозим.
Логистиканинг асосий мақсади бошқарув вертикали бўйича турли даражадаги локал мақсадларга бўлинади. Мақсадлар горизонтал текисликда ҳам бўлиниб, ҳар бир ижрочи ёки логистик операциянинг мақсадларигача етиб боради. Логистик тизимда вертикал ва горизонтал текисликдаги интеграллашувда турли функционал соҳа ва бошқариш даражаларидаги ўзаро таъсир ва қайта боғланишларни ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Қўйилган мақсадларга эришиш учун логистика маълум вазифалар, умумий ва хусусий вазифаларни амалга ошириши лозим (1.6. расм).
1.6-расм. Логистиканинг глобал ва локал вазифалари
Логистиканинг умумий глобал вазифаларига қуйидагилар киради:
материал, ахборот ва бошқа керакли оқимларнинг интеграллашган комплекс тизимларини яратиш;
ишлаб чиқариш ва муомала соҳаларида логистик имкониятлардан фойдаланишни назоратга олиш, уларни режалаштириш ва стратегик мувофиқлаштириш;
логистик тизимнинг юқори даражадаги мослашувчанлигини таъминлаш;
бозор муҳитини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинган стратегия доирасида логистик концепцияни доимий мукаммаллаштириш.
Глобал масалаларни ҳал қилишда вақт омилини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки ташқи муҳит тез ўзгариши мумкин ва бунда глобал масалаларнинг ечими секинлашиб, ташқи муҳит ўзгаришидан орқада қолса, унда қабул қилинган ечимлар натижаси салбий бўлиши мумкин.
Логистиканинг хусусий вазифалари локал характерда бўлиб, улар турлича ва ўзгарувчандир (1.6 расм):
маҳсулотни сақлаб туриш вақтини максимал қисқартириш;
ташиш муддатини камайтириш;
етказиб бериш муддатини қисқартириш;
истеъмолчилар талабларига тезда жавоб бериш;
ахборотларни жадал қайта ишлаш, узатиш ва шу кабилар.
1.7- расм. Логистиканинг умумий вазифалари
Юқорида келтирилган глобал ва хусусий вазифаларни бажариш логистиканинг умумий масалалари доирасида бўлиб, улар қуйидагилардан иборат (1.7. расм):
логистик тизимдаги оқимлар жараёнининг бошидан охиригача назорат этиш;
материал оқимларни бошқариш усулларини ишлаб чиқиш ва уларни такомиллаштириш;
ҳодисаларнинг ривожланишини турли вариантларда олдиндан кўра билиш;
логистик операциялар сифатига бўлган талабларни стандартлаштириш;
бозор талабларига мувофиқ бўлган логистик операциялар билан логистик тизим имкониятлари ўртасидаги номувофиқликни аниқлаш;
ташкилотнинг техник ва технологик тузилмаларини оптималлаштириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |