14-мавзу:ЎЗБЕКИСТ0НДА ДЕМОКРАТИК ЖАМИЯТ ҚУРИШНИНГ МИЛЛИЙ ВА УМУМИНСОНИЙ ДЕМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАРИ. (2 соат)
РЕЖА:
Демократик тамойилларва қадриятлар.
Қадриятлар ва уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни. Миллий қадриятлар тушунчаси.
Ўзбекистонда миллий қадриятларнинг тикланиши ва уларнинг демократик жараёнлар билан уйғунлашуви.
Миллий, умумбашарий ва демократик қадриятлар синтези — демократик жамият қуриш шарти сифатида.
Ҳозирги даврдаги замонавий назарий қарашларга мувофиқ демократия — бу маълум давлат институтлари тўплами мавжуд бўлишининг ўзи эмас. Демократия бутун дунё бўйлаб турли маданий бирликлар ўртасида турли шаклларда гавдаланса-да, у аниқ ва мавжуд қадриятлар, қарашлар ва жараёнлар гуруҳига таянган ҳолда яшай олади. Лекин, шу билан бирга, демократия амалий ҳал қилишнинг бир хиллигига эмас, балки бир неча асосий негиз бўладиган принципларга таянади. Демократия ўзига хос қадриятлар тизими сифатида миллий қадриятлар билан уйғунлаша олади.
Демократиянинг асосий хусусиятлари:
демократия — бу ҳокимият ва фуқаролик масъулияти барча фуқароларнинг тўғридан тўғри ёки ўзларининг эркин сайлаган вакиллари воситасида амалга оширадиган бошқариш тизимидир;
демократия кўпчилик ҳокимияти ва шахсий ҳуқуқ принципларига таянади. Демократик давлат марказий ҳокимият органлари куч-қудратининг ошиб кетишига йўл қўймайди, барча даражадаги ҳокимиятларни фуқаролар учун очиқлигини таъминлаш, барча кишилар эҳтиёжларига акс садо бера олиши учун минтақавий ва маҳаллий даражалардаги ҳокимиятларни номарказлаштиради;
демократик давлат қуйидаги масъулият ҳиссини доимо сезиб туради: фуқароларнинг сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, қонун асосида тенг ҳимояланиш ҳуқуқи, ташкилотлар тузиш имкониятига эга эканлиги, жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этиши каби ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
демократик давлат фуқаролар учун очиқ бўлган, сайлов ҳуқуқи бериладиган ёшга етган фуқароларнинг овоз беришига шарт-шароитлар яратади, шу мақсадда мунтазам равишда эркин ва адолатли сайловларни ўтказиб боради;
демократия шароитида фуқаролар нафақат ҳуқуқларга эга бўлади, балки сиёсий тизимда иштирок этиш бурчини ҳам ўзида ҳис этади. Бу жараёнда улар ўз эркинликлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
демократик жамият бағрикенглик, ҳамкорлик ва ўзаро муросасозлик қадриятларига берилган бўлади. Махатма Ганди ибораси билан айтганда, «муросасизлик ўзини ўзи жабрлашдан ташқари чинакам демократик. руҳнинг шаклланиши учун ғовдир»92.
Шунингдек, барча ривожланган мамлакатларда эътироф этилган демократиянинг устунлари мавжуд бўлиб, уиарнинг бирортаси ишламай қолса, демократия механизмларининг барчасига путур етади. Бу устунлар қуйидагилардан иборатдир:
Халқ ҳокимияти;
Фуқаролар иродасига таянувчи ҳукумат;
Кўпчилик овоз қоидаси;
Озчилик ҳуқуқларини ҳимоя этиш;
Асосий инсон ҳуқуқлари кафолати;
Эркин ва адолатли сайловлар;
Қонун олдида барчанинг тенглиги;
Одил суд юритиш;
Ҳукумат фаолиятини конституциявий чекланганлиги;
Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий плюрализм;
Толерантлик, омилкорлик, ҳамкорлик, ўзаро келишув.
Кўриниб турибдики, замонавий фуқаролик жамиятини ишлабтуришини таъминловчи демократиянинг тамойиллари, қадриятлари ва устунлари мавжуд бўлиб, улар даврлар ўтиши билан умуминсоний қадриятлар сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, турли мамлакатларнинг ривожланиш тарихи, миллий менталитети, дини, мафкуравий қарашлари, иқтисодиётининг шаклланиш йўли, ижтимоий муносабатлари айнан бир-бирига ўхшаш бўлмаганидек, ҳар бир мамлакатда демократик тамойилларни қўллаш ва уларга амал қилишда фарқланишлар мавжуд бўлиши табиий бир ҳолдир. Бошқача айтганда, демократик жамият қуриш жараёнида ҳар бир мамлакат ўзининг миллий ўзлигидан келиб чиққан ҳолда ислоҳотларни амалга оширади. Ёки, демократик жараёнлар шаклан миллий характер касб этишини тарихий тараққиёт жараёни кўрсатиб берди.
Қадриятлар ва уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни.Миллий қадриятлар тушунчаси
Қадриятлар муаммоси Платон давридан бошлаб тадқиқотлар объекти сифатида яшаб келмоқда. Унга немис классик фалсафаси томонидан анча аниқликлар киритилди. Немис олими Кант биринчи марта инсонни қадриятларни аниқлаш асосида талқин этди:
Инсон иккита оламга мансуб мавжудот сифатида тушунилди:
эркин бўлмаган, ҳали ўз йўлини англаб етмаган, ўз инстинктига эргашиб юрадиган табиат олами. Бу оламда қадриятлар мавжуд бўлмайди;
эркинлик ва идроклаш олами. У ўзининг тақдирини белгилайди, ва уни ўзи белгилаган ўз идеаллари, мақсадлари асосида қуради. Бу оламда қадриятлар мавжуд, лекин улар очиқ мужассам бўлмайди, балки мақсад сифатида намоён бўлади. Қадриятларни Кант талқинича идрок этишда унинг соф субъектив ҳосила эканлиги, яъни уларни ҳар бир шахс ўз ҳаёти қадриятларини ўзи аниқлаши илгари сурилади.
Кўплаб инсонлар учун объектив мазмунга эга умумийлик мавжуд эмас. Улар учун қадриятлар аниқ обектлар ҳаёти вазиятларга богииқ ҳолда чорлайдиган ҳис-туйғулар ва ички кечинмалардир.
Шунга мувофиқ ҳолда қадриятларни учта тушунчаси шаклланди:
Қадрият — ҳар қандай фойдали ва маъқул бўлган нарса. Бу утилитар нуқтайи назар сифатида пайдо бўлди.
Қадрият идеал, муқаддас ҳодиса, ҳис-туйғулар интилиши сифатида тушунилади. Бу санъатга мансуб тушунча сифатида амалга оширилади.
Қадрият инсон учун объектларни муҳим аҳамият касб этиши сифатида англанади. Қадрият ўз мазмунига мувофиқ объектив мазмунга эгадир. Объектив қадриятлар одамлар томонидан айнан бир хил муносабатларни пайдо бўлишини билдирмайди.. Шунинг учун ҳам қадриятларни баҳолаш субъектив бўлиши мумкин.
*Қадриятларнинг объектив эканлигини аниқлаш учун мезонлар ишлаб чиқилади. Бу каби мезонлар сифатида ҳодисалар ёки воқеаларнинг ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлигини кўрсатиш мумкин. Ундан қадриятлар иерархияси ва умуминсоний қадриятлар тўғрисидаги масала пайдо бўлади. Умуминсоний қадриятлар деганда, барча даврларда мавжуд бўлган ва барча инсонлар қадриятлари тушунилади. Барча қадриятлар ичида умуминсоний қадриятлар унчалик кўп эмас:
1. Ҳаёт. 2. Саломатлик. 3. Билим. 4. Меҳнат.
Аксиологик нуқтайи назардан қараганда оддий аскар ва қўмондоннинг ҳаёти гарчи амалда намоён бўлмаса ҳам бир хил қимматга эгадир. Умуминсоний қадриятлар бизнинг ҳаётимизда идеаллар сифатида иштирок этиб туришига боғлиқ равишда улардаги умуминсоний мазмуннинг мавжудлиги даражасига мувофиқ равишда қадриятлар иерархиясини тузиш мумкин. Қадриятлар иерархиясини қадриятларни таснифлаш билан адаштириб бўлмайди. Қадриятларни синфларга бўлиш мумкин:
Турмуш даражаси бўйича: а) олий қадриятлар; б) моддий ҳаёт қадриятлари; д) ижтимоий; г)маънавий.
Субъектлар бўйича: а) шахсий қадриятлар; б) гуруҳий қадриятлар; д) синфий қадриятлар; э) ижтимоий.
Ижтимоий онг шакллари бўйича: а) фанлар қадриятлари;
аҳлоқий қадриятлар; д) эстетик қадриятлар; э) сиёсий қадриятлар; ф) ҳуқуқий қадриятлар; г) диний қадриятлар.
Умуман олганда, қадриятлар деганда, маълум бир жамият одамлари, алоҳида олинган шахснинг манфаатлари ва эҳтиёжларини қондириш воситаси, шунингдек меъёрлар, мақсадлар ва идеал сифатидаги ундовчи ҳамда қўзғатувчи ғоялари, предметининг моҳияти, ҳодисаси шунингдек, уларнинг хусусиятлари тушунилади. Кўпинча юқорида кўриб ўтилган қадриятлар билан уйғунлашадиган, лекин ўзининг алоҳида хусусиятларига эга бўлган миллий қадриятлар ҳам бир неча минглаб йиллардан буён ривожланиб ва такомиллашиб келмоқда.
Миллий қадриятлар илдизларини англаб етишда, таснифлашда ва аниқлашда уни соддалаштиришдан эҳтиёт болиш зарур. Бу ижтимоий ва олий қадриятларнинг бир-бирлари билан ўзаро боғлиқ бўлган ҳамда ўзаро бир-бирини тақозо қиладиган, лекин, шу билан бирга, нисбатан ўзини барқарорлиги ва мустақиллигини сақлай оладиган ҳодисаси сифатида намоён бўлади.
Фанда «миллий қадриятлар», «миллий қадриятли-йўналтирилган онг» ва «миллий руҳнинг универсал умуминсоний қадриятлари» маълум этносни ижтимоий, психологик ўзига хослигини, бошқа шу каби бирликлардан фарқланишини, мазкур этноснинг барча аъзоларини умумий ғоялар ва йўл-йўриқ кўрсатмалар асосида бирлашувини ифодалайди. Ривожланиш ва шаклланишининг турли босқичларини ўз бошидан кечираётган кўплаб этнослар тарихини ўрганиш шуни кўрсатадики, этнос аъзоларининг бирлиги бошқа нарсалардан кўра кўпроқ маълум психик хислатларнинг мавжудлиги, воқеалар ва муносабатларни ўзлаштириш ва баҳолаш каби қадриятлардаги умумийлик билан таъминланади. Миллий қадриятларни англашда шу каби ҳис-туйғулар ва муносабатларнинг айни шу бирикувлари нуқтайи назари билан ёндашиш талаб этилади.
Миллий руҳнинг универсал умуминсоний қадриятлари, миллий қадриятлар ва миллий қадриятли йўналтирилган онг нафақат психологик — ҳис-ҳаёжонли характер касб этади, балки этник бирлик томонидан эътироф этиладиган ҳаётий муҳим моддий обектлар, тимсоллар, нишон-белгиларни ҳам ўзида ифодалайди. Бу қадриятларнинг эътироф этилган муҳимлиги асосида аниқ бир этнос вакили бўлган инсоннингтуб манфаатлари ётади: яшамоқлик, ривожланиш, идеал мақсадларга эришиш. Ҳар бир миллат фақат унинг ўзигагина мансуб бўлган темперамент бирикуви, тафаккурлаш ва дунёни идрок этиш тури билан яққол ажралиб туради. Маълум бир ўзига хос шаклда ахборот олаётган миллатнинг ички дунёсининг ноёблиги, ички тузилишининг барқарорлигида ҳар қандай миллат вакилларининг биоижтимоий ҳамжамияти ва маданий бирлиги сифатидаги қадрияти туради.
Шу тариқа, миллий қадриятлар ва миллий руҳнинг универсал умуминсоний қадриятлари — бу у ёки бу этнос вакилларининг муайян-тарихий шарт-шароитлардаги ижтимоий ва шахсий маънавияти ривожланишининг рағбатлантирувчи омилидир.
Шунингдек, Ўзбекистон олимлари ҳам мустақиллик йилларида «қадрият» ва «миллий қадриятлар» тушунчаларига анча аниқликлар киритди. «Фалсафий энсиклопедия»да «қадрият» тушунчаси шундай таърифланади: «Қадрият фалсафий ва социологик тушунча. У биринчидан, бир объектнинг ижобий ёки салбий қимматини, иккинчидан, ижтимоий онгнинг норматив белгиловчи-баҳоловчи жиҳати (субъектив қадриятлар ёки онг қадриятлари)ни ифода этади»93. Яна бошқа фалсафий ва социологияга доир асарларда эса бу тушунча қуйидагича берилган: «Қадрият — воқеликдаги муайян ҳодисаларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маърифий аҳамиятини кўрсатиш учун қўлланиладиган тушунча. Қадриятлар ўз мазмуни ва характерига кўра, прогрессив ва реакцион турларга ажралади». Албатта, кўриниб турибдики, турли талқинлар бир-биридан фарқланса-да, улар моҳиятан бир-бирини тўлдирувчи унсурлар сифатида намоён бўлмоқда.
Умуминсоний қадриятлар, энг аввало жамият ва инсон учун энг қадрли ва унинг маънавий камолоти учун хизмат қилувчи умумижтимоий аҳамият касб этувчи нарсалар, ҳодисалар, фаолиятлар кабилар, кўлами ижтимоий ифодалаш учун ишлатиладиган тушунчалардир. Демак, умуминсоний қадрият деганда, жамият аъзоларининг ҳаммаси учун умумий аҳамиятга эга бўлган ва ҳар бир кишининг ҳаётига ижобий таъсир этадиган, кишиларнинг хатти-ҳаракати, амалий фаолияти, яшаш тарзи, бошқаларга муносабати ҳам умуминсоний қадриятларнинг мезони сифатида баҳоланади. Масалан, эркинлик, тинчлик, тенглик, мустақиллик, биродарлик, демократия ва ҳ. к.
Демак, қадриятлар қуйидаги вазифаларни бажаради:
Биринчидан, жамиятнинг бойлиги, пойдеворидир. Уни авайлаб-асраш ва ривожлантириш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи ҳисобланади;
иккинчидан, қадриятлар ўтмишни бугун ва келажак билан боғлаш воситадир;
Учинчидан, қадриятлар маънавий етук - баркамол инсонни тарбияловчи, уларни камолотга етакловчи кучдир;
Тўртинчидан, қадриятлар жамиятни жаҳон ҳамжамиятига интеграция қилувчи ишончли воситадир94.
Ўзбекистонда миллий қадриятларнинг тикланиши ва уларни
демократик жараёнлар билан уйғунлашуви
Ўзбекистонда давлат мустақиллиги эълон қилинганидан кейин ислоҳотлар орқали кун тартибига демократик жамият қуриш масаласи қўйилди. Мустақилликнинг илк давридан бошлаб амалга оширилган демократик ўзгаришлартабиий равишда миллий характеркасб эта бошлади.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакат демократик тараққиёт йўлини танлади. Бунда асосан, демократик ривожланиш йўлининг фақат замонавийлиги ёки бошқа жозибадор жиҳатлари учун эмас, балки бу йўлнинг миллий манфаатларга мослиги, уларнинг ифодалаганлиги, демократияга эришиш халқимизнинг бир неча асрлардан буён орзу-умидлари сифатида яшаб келаётганлигига муҳим эътибор берилган эди. Лекин, ривожланган мамлакатлардан демократик турмуш тарзини кўчириб олиб, уни мамлакатдаги ислоҳотларда қўллаш кутилган натижани бермаслиги аниқ эди. Чунки, демократик қадриятлар ва тамойиллар маълум бир мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳияти, давлатчилик тарихи, бозор иқтисодиётига ўтиш даражаси, миллатнинг менталитети, фуқароларнинг сиёсий маданияти даражаси каби қатор омилларга боғлиқ эди. Айниқса, ғарбдан ўзининг дини, маънавияти ва ахлоқий меъёрлари билан анча фарқ қиладиган Шарқ олами учун демократик тамойиллар миллий хусусиятлар билан уйғунлашган тарздагина муҳим аҳамият касб этиши мумкин эди. Демократик қадриятларни ўзлаштириш ғарб учун индивидуализм, кўпроқ хусусий манфаатларни қондириш, алоҳида олинган шахс дунёқараши устуворлигини ифодалаш, шахс эркинлигини ҳаётда намоён қилиш учун зарурат сифатида рўй берган бўлса, Шарқ учун демократия кўпроқ маънавий қадриятларни ҳаётда амал қилишини таъминлаш, миллий анъаналар ва миллий мерос асосида яшаб келаётган жамиятни миллий қадриятлар асосида модернизациялаш учун зарур эди.
Шунинг учун ҳам мамлакатда демократик жамият қуриш ислоҳотлари миллий ва умуминсоний қадриятларни тиклаш билан уйғун ҳолда чуқурлашиб борди. И.А.Каримов 1992- йилда ўзининг «Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли» асарида қуйидаги вазифани қўйган эди:
«Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг ўз йўли тўртта асосий негизга асосланади. Бу негизлар:
умуминсоний қадриятларга содиқлик;
халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши;
ватанпарварлик».
Шу билан бирга, мустақил Ўзбекистоннинг куч-қудрати манбаи - халқимизнинг умуминсоний қадриятларга содиқлиги эканлигини яна бир карра таъкидлаб кўрсатиб ўтади.
Собиқ иттифоқ даврида «демократия» тамойилларини ҳаётда жорий этиш ниқоби остида мафкуралар плюрализми, турли хил дунёқарашга эга бўлиш, сиёсий партияларнинг ўзаро муҳолифий фаолият юритиши, ўзаро рақобатдошлик, миллий қадриятлар ва маданиятга амал қилиш узоқ даврлар таъқиқлаб келинганлиги учун ҳам мустақилликнинг дастлабки даврида миллий қадриятларни нафақат демократия билан уйғунлаштириш, балки миллий қадриятларни тиклашнинг ўзи катта бир муаммога айланган эди.
Албатта, мустақиллик эълон қилинган пайтда жаҳон ҳамжамиятининг мустақил Ўзбекистонни тан олиши, давлатимизнинг кенг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти ўзбек халқининг маънавий қадриятлари ва имкониятлари тикланишига, ўзини бошқа халқиар оиласидаги тоиа ҳуқуқли миллат сифатида англаб етишига.ян.ада катта куч бахш этди. Кенг миқёсдаги халқаро алоқалар жаҳон маданиятини янада чуқурроқ билиш, умуминсоний қадриятлардан баҳраманд бўлиш учун қулай шарт-шароитлар яратди.
Ўзбекистоннинг жаҳонга очилиши натижасида ривожланган мамлакатлардан замонавий маданият ва замонавий билимлар кириб келиши баробарида демократик ғоялар ҳам тезлик билан ёйила бошлади. Дунёнинг демократик қадриятларидан баҳраманд бўлишда аҳолининг билимдонлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу даврда фақат билимли, маърифатли жарниятгина демократик тараққиётнинг барча афзалликларини қадрлай олишини ва, аксинча, билими кам, оми одамлар авторитаризмни ва тоталитар тузумни маъқул кўришига доир тасаввурлар шаклланди.
Мустақиллик шарофати билан мамлакат аҳолисининг билим доираси янада кенгайиб борди. Дунёнинг кенг очилиши натижасида тарихий ва ҳозирги замон воқеликларидан баҳрамандликнинг ўсиши халқимизнинг ижтимоий тафаккурида илгари ўрнашиб қолган ҳаётни идрок этишнинг мавҳум ва ақидапарастлик қолипларини енгиб ўта бошлади, унинг мустақил фикр юритиш ва рўй бераётган ҳодисаларни мустақил баҳолай олиш қобилияти шакллана бошлади.
Мустақилликнинг дастлабки давридан бошлаб Ўзбекистон давлати бош ислоҳотчи сифатида фуқаролик жамиятини шакллантиришда умуминсоний тамойилларга амал қилди. Маълумки, демократик жамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тамойиллари мавжуд. Инсоннинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши ҳамда уни амалга ошириши, озчиликнинг кўпчиликка бўйсуниши, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, давлат ва жамият бошқарувида қонун устуворлиги, давлатнинг асосий органлари сайланиши, уларнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши, тайинлаш йўли билан шаклланадиган давлат органларининг сайловчи ташкилотлар олдидаги жавобгарлиги ва бошқалар шулар жумласига киради.
Лекин, Ўзбекистонда демократик жамият қуришнинг ўзига хос хусусияти шунда эдики, бу жараён халқаро тажрибаларни қўллаш доимо миллий қадриятлар ва тамойилларни эътиборга олган ҳолда борди. Айниқса, Шарқ оламига мансуб бўлган миллий анъаналар ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари сифатида намоён бўлди.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш ва бозор иқтисодиётига ўтиш ислоҳотларини тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликда амалга оширилганлигининг асосий манбайи ҳам миллий қадриятлар, миллий анъаналар ва миллий маданиятни тиклаш жараёнлари янги жамият қуришнинг таркибий сифатида қаралганлиги, уларни демократик жамият қуриш принциплари ва шартлари сифатида белгиланганида бўлди. А.Каримов бу ҳақда сўз юритар экан, қуйидаги фикрни билдиради. «...демократик жараёнлар халқимиз миллий маданиятининг ўзига хос жиҳатларини, унинг табиатини ўзида мужассам этмоғи керак. Маълумки, ғарб намунаси кўп ҳолларда индивидуализм фалсафасига таянади ва оммани ҳаддан ташқари сиёсийлаштиришга олиб келади. Осиё минтақаси ва мусулмон Шарқидаги демократик қадриятлар ва ўзгаришларнинг ривожланиш тажрибаси ўзига хос хусусиятлар, ўзига хос анъаналарга эга. Шарқда демократия тушунчаси ҳамжиҳатлик ғояси, жамоатчилик фикрининг устуворлиги заминида шаклланади. Бизнинг мамлакатимизда демократик жараёнлар халқимизнинг қонунни ҳурмат қилиш, қонунга итоат этиш каби фазилатларига мос равишда ривожланиши зарур. Ахлоқий, маънавий қадриятлар сиёсий муносабатларда ҳам устунлик касб этиши даркор".
Мамлакатда демократик жамият қуришда Шарқ Уйғониш даврида яшаган Ватандошларимиз — Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино кабилар томонидан илгари сурилган фозил жамият ва унинг асосий мезони-қадрияти бўлган ижтимоий адолат принципи яна қайтадан тикланди. Адолат принципи миллий принцип сифатида намоён бўлди. Бу ҳақда И.А.Каримов қуйидаги ғояни илгари сурди: «Биз шунчаки демократик жамият эмас, демократик одил жамият қурмоқчимиз. Адолат ва ҳақиқатга интилиш эса халқимиз табиатининг энг муҳим фазилатларидан биридир. Ўтмишда олий адолат ғояси мансабдор шахсларга қўйиладиган талаб ва баҳонинг асоси бўлган, У давлатчилик негизларини белгилаш, исломий қоидалар ва шариат мезонларининг пойдеворини ташкил этган. Биз тарихимиздаги ана шу жиҳатларни ҳисобга олмасак, қудратли, эркин, демократик давлат қура олмаймиз. Адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор. Адолат ва ҳақиқат ғояси қонунчилик фаолиятимизнинг замини, бош йўналиши бўлмоғи шарт. Давлатчилик ва фуқаролик муносабатлари, меҳнат ва уй-жой, нафақа ва солиқ, табиатни муҳофаза қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари, қўйингки, ҳаётимизнинг ҳаммажабҳалари ана шу заминга таяниши зарур. Бугун жамиятда ижтимоий мулкий жараёнларнинг объектив ўзгариши юз бераётган бир пайтда адолат ғоясини ихчам бир хулоса билан ифодалаш мумкин. Яъни давлат жамиятнинг кескин табақаланишигаошиб-тошиб кетган бойлару камбағал-қашшоқларга бўлиниб кетишига йўл қўймаслиги керак».
Миллий, умумбашарий ва демократик қадриятлар синтези - демократик жамият қуриш шарти сифатида
Ўзбекистон мамлакати ҳудудида бир неча минг йиллар давомида давлатчилик, миллий ва этноижтимоий анъаналари яшаб келмоқда. Уларнинг ҳаммаси миллатнинг шаклланишида муҳим роль ўйнаб, ҳозирги миллий қадриятларнинг шаклланишига олиб келди. Мазкур миллий қадриятларнинг умуммиллий характер касб этадиганлари миллатнинг яшаш тарзи ёки миллатнинг ривожланиш омили сифатида ҳам намоён бўла бошлади. Мустақилликнинг дастлабки даврида эса мазкур миллий қадриятларнинг аксарияти илгари, яъни иттифоқ даврида топталгани, ижтимоий-сиёсатдан ажратиб қўйилганлиги учун қайтадан тикланиш жараёнига зарурат сезмоқда эди. Энди демократик жамият қуриш вазифалари ва қайтадан тикланиш зарурати пайдо бўлганлиги сабабли мазкур миллий қадриятлар янги жамият қуришнинг тамойиллари сифатида намоён бўла бошлади.
Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки даврида юқорида келтирилган миллий қадриятлардан ташқари яна қуйидаги қадриятларни тиклаш янги жамият қуриш вазифалари сифатида намоён бўла бошлади:
халқимиз ҳаётида кучли жамоатчилик руҳиятининг сақланиб қолганлиги;
оила, маҳалла, эл-юртнинг ҳар бир инсон учун муқаддаслиги;
ота-она ва бошқарув раҳбарларига нисбатан ҳурмат- эҳтиромнинг сақланиб қолганлиги;
миллатнинг овози бўлган она тилига бўлган иззат-ҳурматнинг кучлилиги;
катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззат қилиш одатларининг мавжудлиги;
жамиятда аёл зотига нисбатан алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши;
халқимизнинг сабр-бардошли, меҳнатсевар эканлиги;
халқимиз ўртасида ҳалоллик ва меҳр-оқибатлиликнинг кенг тарқалганлиги;
халқимиз менталитетида ўзгаришларга доир ислоҳотларни шошилмай, аста-секин олиб боришга мойиллиги;
халқимизнинг тафаккур тарзи ва ижтимоий қарашларининг ривожланганлиги;
халқимиз миллий маънавияти ва маданиятининг ўзига хос шарқоналиги.
Мустақиллик даврида миллий қадриятларнинг фуқароликжамияти қуриш, демократик тамойилларни жамиятда қўллашдаги ўрни масаласи нафақат давлат сиёсати даражасига кўтарилди, балки, демократик жамият қуришнинг «Ўзбек модели»ни таркибий қисми сифатида эътироф этилди. Чунки, бир неча минг йиллар давомида шаклланган миллий қадриятлардан бирданига воз кечиб бўлмаганидек, миллатнинг бир неча минг йилларда одатланиб қолган қадриятларисиз ҳеч қандай ислоҳотларни амалга оширолмаслиги табиий бир ҳолдир. Айниқса, Шарқ оламида турли халқларнинг бир неча минг йилликлар ичида шакллантирган ва ривожлантирган миллий қадриятлари яшаш тарзининг қирралари сифатида маҳкам ўрнашганлиги, уни ҳеч қандай куч йўқота олмаслиги учун янги жамият қуришни ҳам уларсиз амалга ошириб бўлмайди.
Иттифоқ даврида миллий қадриятлар тазйиқлар ва таъқиқларга учраган бўлса ҳам улар халқимиз руҳиятида, тарихий хотирасида сақланиб қолди. И А.Каримов бу ҳақда қуйидаги фикрни билдиради. «Узоқ вақт давом этган қаттиқ мафкуравий тазйиқига қарамай, Ўзбекистон халқи авлоддан авлодга ўтиб келган тарихий ва маданий қадриятларини ҳамда ўзига хос анъаналарни сақлаб қолишга муваффақ бўлди».104 Мустақилликнинг дастлабки давридан бошлаб миллий қадриятларни тиклаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Бу соҳада долзарб вазифаларни И.А.Каримов қуйидагича ифодалаган эди. «Биз маънавий қадриятларни тиклашни миллий ўзликни англашнинг ўсишидан, халқнинг маънавий сарчашмаларига, унинг илдизларига қайтишдан иборат узвий, табиий жараён деб ҳисоблаймиз.
Шу билан бирга, И.А.Каримов миллий қадриятларни, миллий ривожланиш, демократик жамият қуриш билан боғлиқ жиҳатларидан кенг фойдаланишни, ҳозирги давр цивилизацияси| талабларига жавоб бермайдиган қадриятларга заруратнинг йўқлигини қадриятларга қуйидагича ифодалаб берган эди: «... ўтмиш қадриятларга анъаналарга ва турмуш тарзига бетартиб равишда, орқа-кетини ўйламай қайтиш бошқа бир кескинликка — ҳозирги даврни қабул қилмасликка, жамиятни янгилаш заруриятини инкор этишга олиб келиши мумкин» эди106. Шунингдек, «миллий қадриятлар миллат учун муҳим ва жиддий аҳмиятга эга бўлган жиҳат ва хусусиятлар ўз миллий қадрияти бўлмаган миллат ёки элат йўқ. жиҳатнинг таназзули — миллий қадриятларнинг таназзулидир. Миллий қадриятлар миллатнинг тарихи, яшаш тарзи, келажаги, уни ташкил этган авлодлар ижтимоий қатламлар, миллий онг, тил, маънавият ҳамда маданият билан узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлади»107. Негаки, миллий қадриятлар нафақат мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлайдиган маънавий асослардан дин, балки демократик, адолатли, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг асосий манбайи ҳамдир. Марказий Осиё халқлари томонидан яратилган миллий қадриятлар узоқ тарихий жараёнларда машаққатли ва оғир синовларни ўз бошидан кечирди. Дарҳақиқат, минтақа халқлари уч-тўрт минг йиллик давр ичида жаҳон эътироф этган Марказий Осиё цивилизациясини яратди.
Марказий Осиё халқлари ўз тарихий тараққиёти жараёнида минтақада яшаган барча халқларга мансуб бўлган уларни бирлаштириб туришга қобил бўлган миллий қадриятларни яратди:
туғилган ота макон ва она юртга эҳтиром ҳис-туйғуларининг кучли бўлиши;
аждодларни хотирлаш, улар қолдирган қадриятларга садоқат туйғуларининг мавжудлиги;
ёши улуғ, мўйсафидларнинг обрў-эътиборини жойига қўйиш, ёшларга ғамхўрлик қилиш ва уларга иззат кўрсатиш;
инсоний муомала ва муносабатларда маънавий қадриятларга қатъий амал қилиш;
аждодлардан мерос бўлиб қолган ҳаё, андиша, оғир вазминлик, сабр-тоқат каби қадриятларни сақлаш, ривожлантириш ва уларга амал қилиш.
Демократик қадриятларнинг ривожланиши фақат замонга эмас, балки макон ва кенгликлар, улардаги тараққиёт босқичларига ҳам боглиқдир. Улар шаклий жиҳатдан муайян кенгликларда ривожланади. Масалан, уларнинг ривожланиши учун муайян кенгликларга зарурат туғилади:
маҳаллий;
миллий;
минтақавий.
Уларда шаклланган маҳаллий, миллий ва минтақавий қадриятлар ривожланиб боргани сари умуминсоний аҳамият касб этиб боради.
Ўзбекистонда демократик жамият қуришда миллий қадриятлардан кенг фойдаланишдан ташқари диний қадриятларни тикланишига ҳам муҳим аҳамият берилмоқда. Чунки, аксарият диний қадриятлар миллий қадриятлар сифатида намоён бўлиши табиий бир ҳолдир. Миллий қадриятлар ҳам, диний қадриятлар ҳам фозил жамият қуришни, фаровонликни, комил инсонни шакллантиришни, ижтимоий адолат ўрнатишни, тинчликни, миллатлараро аҳилликни олий қадриятлар сифатида эътироф этади.
Демократик қадриятларнинг шаклланиши бир неча поғоналар ва уларнинг ўзаро алоқадорлиги, ўзаро уйғунлашуви натижасида содир бўлади. Тарихий жараёнлар бу қадриятларнинг маҳаллий, миллий, минтақавий ва умуминсоний шаклларда намоён бўлишини кўрсатди.
Тарихий ривожланиш тажрибаси шуни кўрсатадики, демократик жамиятни умуминсоний ва миллий қадриятлар уйғунлигисиз барпо этиб бўлмайди. Умуминсоний қадриятларнинг асосий вазифаси оламни билиш ва уни амалий ўзгартиришнинг муҳим омили сифатида ривожланди. Умуминсоний ва миллий қадриятлар уйғунлиги инсон маънавий камолатининг энг муҳим омили сифатида эътироф этилди.
Такрорлаш учун саволлар:
Демократик тамойиллар ва қадриятлар деганда нимани тушунасиз?
Қадриятлар нима? Миллий қадрият деганда нимани тушунасиз?
Миллий қадриятлар демократик жамият қуришда қандай роль ўйнайди?
Ўзбекистонда миллий қадриятларнинг тикланиши ва уларни демократик жараёнлар билан уйғунлашуви қандай кечди?
Нима учун миллий, умумбашарий ва демократик қадриятлар уйғунлашувига зарурат пайдо бўлди?
Do'stlaringiz bilan baham: |