5- мавзу. ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ
Айтиш мумкинки, ижтимоий соҳани ривожлантириш жамият баркарорлиги ва давлат қудратини белгилайдиган муҳим маънавий-маърифий ва руҳий омиллардан бири ҳисобланади. Жумладан, аҳоли бандлиги, қандайдир иш ёки ҳунар билан шуғулланиш даражаси конкрет фуқаронинг кундалик реал даромадлари билан уйғунлашиб кетган ижтимоий муаммодир. Бу ҳаракатлар Стратегиясида асосий масала сифатида белгиланган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш жамият тараққиётида алоҳида мавқе касб этади. Ушбу масаланинг нақадар долзарблиги ва реал ҳаётий ҳақиқатга асосланганлигини назарда тутиб, Президент Ш.М.Мирзиёев арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш ҳамда уларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ғоясини илгари сурмоқда. Бу бевосита меҳнат қилиш қобилиятини йўқотган ногиронлар, пенсионерлар, ёш болалар, ёш болали оналарни ҳимоя қилиш, қишлоқ жойларида, олис шаҳар ва туманларда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уларни замонавий асбоб-ускуналар ҳамда малакали тиббий ходимлар билан таъминлашни долзарб вазифа қилиб қўйди. Кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор бериш, улар турмуш шароитини янада яхшилаш чораларини ҳар томонлама кўриш зарур бўлиб қолмоқда. Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни фан асосида қайта қуриш, фан ютуқларини, янги ишланма ва ихтироларни ўз вақтида амалиётда жорий этиш жамият тараққиётида асосий омил сифатида кўрсатилади. Жаҳон фани илғор тижрибаларини ўзлаштириш, миллий фанимизни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига тегишли бўлган муаммоларнинг илмий ечимини топишга қаратиш ҳозирги куннинг долзарб вазифасидир.
Аҳолисининг асосий қисмини болалар ва ёшлар ташкил этаётган Ўзбекистонда, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш давлат ижтимоий сиёсатининг истиқболга мўлжалланган, узоқни кўзлаган, Ўзбекистонинг буюк келажагини яратишга қодир бўлган авлодни тарбиялаб вояга етказишни талаб этмоқда. Чунончи, халқимизнинг мавжуд интеллектуал салоҳияти, ақлий ва маънавий имконияти бу борада катта ютуқларга эришишга асос бўлади. Бироқ, уни такомиллаштиришнинг, ундан фойдаланишнинг янги, замонавий механизмини яратишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ҳар қандай давлатнинг қудрати унинг ижтимоий ҳимоя сиёсатида намоён бўлади. Иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан кучли давлатда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва умуман аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш юқори даражада бўлади. Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўзининг аниқ қонцепцияга асосланган ижтимоий сиёсатини изчил амалга ошириш йўлидан борди. Жумладан, иш ҳаққи, пенсия ва нафақаларнинг мунтазам равишда ошириб борилиши, кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоялаш механизмининг самарали ишлаши, 1997 йилдан бошлаб йилларни қайси шиор остида ўтказиш анъанаси давлат ижтимоий сиёсатининг изчиллигидан далолат беради.
Буюк келажак сари дадил қадам ташланаётган, тезкор ислоҳотлар жараёни ва жадал тараққиёт йўли танланган ҳозирги шароитдан келиб чиқиб Президент Ш.М.Мирзиёев “Аҳолини иш билан таъминлаш биз учун нафақат иқтисодий, айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга эгадир. Ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, иш берувчи ташкилотлар билан бир қаторда банк муасасаларини ҳам бу ишга янада фаол жалб этиши керак. Аҳоли бандлигини ҳал этишда туризмни ривожлантиришда катта имкониятларни ҳам ишга солишимиз лозим”,–дейди.
Дарҳақиқат, мамлакатнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этган Ўзбекистондай мамлакатда ушбу масала ҳамиша долзарб бўлиб қолаверади. Ҳар йили ўртача 600 мингга яқин йигит-қиз академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини тугатишади. Уларнинг ўн фоизи олий ўқув юртларига ўқишга киришади. Қолган катта қисмини иш билан таъминлаш, ишсизликнинг олдини олиш, кундалик муаммосини ҳал қилиш қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Ҳаракатлар Стратегиясида меҳнат бозорини кенгайтириш ва аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларига катта эътибор берилган. Айрим маълумотларга кўра мамлакатимизда бир ярим миллион одамни ишга жойлаштириш мумкин бўлган бир пайтда ўтган 2016 йилда 248 минг киши иш билан таъминланди. Ёки бошқача қилиб айтганда, мавжуд бўш иш жойларининг 16 фоизига аҳоли жойлаштирилган, холос. Бунинг асосий сабаблари бандликка кўмаклашиш марказлари фаолиятидаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этишдаги расмиятчиликларнинг мавжудлигидир. Демак, бу соҳадаги ишларни қайта кўриб чиқишга, мавжуд расмиятчилик, боқимандалик, бефарқлик ва ўзибўларчилик иллатларига барҳам бериб, меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган ҳар қандай фуқарони лаёқати ва қизиқишига қараб иш билан таъминлаш зарур.
Замонавий шароитда янги иш ўринларини ташкил қилиш, ижтимоий масалани ҳал этишнинг муҳим омилидир. Зотан, ишсизлик инсонни маънан ва руҳан заифлаштиради. Ишсиз одам ўзини ҳеч кимга кераксиздай ҳис қилади. Яшаш учун зарур бўлган кундалик эҳтиёжларга муҳтож бўлиб қолади. Натижада хаётнинг ҳам, яшашнинг ҳам улар учун қизиғи қолмайди. Бироқ ҳар қандай инсон ўзини ўзи ривожлантириши, такомиллаштириши, ички бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳиятини, ақлий имкониятларини ишга солмоғи лозим. Бунга эришган одам жамиятда ўзига хос ва муносиб ўрин топа олади. Қайсидир касб эгаси бўлади. Шу касби билан, меҳнатию ақли билан кун кечириш имкониятига эга бўлади. Бу, албатта, ҳар бир инсоннинг ўзига тегишли бўлган, ўзини ўзи бошқариш, йўлга солиш, ҳаётда ўз ўрнини топа билишга даъват қила олиш, ички ирода ва руҳий салоҳиятни ишга солиш билан боғлиқ бўлган хусусий ҳолат.
Давлат ҳар бир фуқарога муносиб иш жойи, муносиб меҳнат қилиш шароити ва ҳар бир фуқаронинг ички яратувчанлик ва бунёдкорлик салоҳиятини кучайтиришга олиб келадиган имкониятларни яратмоқда. Бандлик масаласи, касбга эгалик, ҳунар соҳиби бўлиш шарт-шароитларини тобора кенгроқ яратиб бермоқда. Ҳамма гап энди ана шу имкониятлардан унумли фойдаланишда.
Таълим тизимидаги жиддий ўзгаришлар, туб бурилишлар бунга яққол мисол бўла олади. Умумтаълим мактабларининг 11 йиллик таълим тизимига ўтиши бу фуқаролар, ота-оналар ва қатор жамоат ташкилотлари мақсадларининг рўёбга чиқиши билан боғлиқ бўлган жуда катта маънавий, маърифий, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳодиса. Айни мактаб ёшида болалар аниқ ҳаётий позицияга, бутун умрини белгилаб берадиган, ҳаёти мазмунига айланадиган касбни танлаган бўлиши керак. Бунинг учун оила–маҳала–мактаб уйғунлиги, уларнинг ўзаро мустаҳкам ҳамкорлиги катта роль ўйнайди. Хусусан, 11 йиллик таълим тизимига ўтишнинг бу борадаги афзалликлари кўзга яққол ташланади. Жумладан:
Do'stlaringiz bilan baham: |