§ 7. УСЛУБЧИ
Лавозим вазифалари:
а) ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасасида, услубий хоналарда (марказларда) услубий ишларини ташкил қилади;
б) таълим муассасасидаги ўқув-услубий ва тарбиявий ишлар ҳолатини, унинг давлат таълим стандартларига мос келишини таҳлил қилади ва унинг самарасини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
б) ўқитувчиларнинг ва бошқа педагогик ходимларнинг, шу қаторда муҳандис-педагогларнинг, ишлаб чиқариш таълими усталари ва тарбиячиларнинг илғор ва ривожланган иш тажрибаларини ўрганади ва тарқатади;
в) ўқув гуруҳларни, тўгаракларни ва ўқувчилар ташкилотларини тузишда қатнашади;
г) таълим муассасаларининг мутахассислари ва раҳбарларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни режалаштириш ва истиқболини белгилаш, диагностик, ахборот ва услубий материалларни ишлаб чиқишда қатнашади;
д) ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасасининг педагогик ходимларига уларнинг фаолият йўналишига тегишли ҳолда таълим мазмунини, шаклларини, услублари ва қуролларини аниқлашда маслаҳат ва амалий ёрдам беради. Тегишли йўналишлар бўйича ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишда қатнашади;
е) ўқув, ўқув-тақвим режаларни, фанлар ҳамда ўқув курслари бўйича дастурларни тузади;
ж) ўқув-услубий ҳужжатларни, қўлланмаларни (ўқув фанлари, дидактик материаллар, жиҳозлар рўйхати турлари ва бошқалар) ишлаб чиқишни, тақриз қилишни ва тасдиқлашни ташкиллаштиради;
з) муассасаларнинг тажриба-синов ишларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;
и) муассасалар мутаҳассислари ва раҳбарларининг энг натижавий тажрибаларини умумлаштиради ва жорий қилиш бўйича чоралар кўради;
к) конференциялар, семинарлар, конкурслар, кўргазмалар, олимпиадалар, мусобақалар ва бошқаларни ўтказиш бўиича лозим бўлган ҳужжатларни ишлаб чиқади ва ташкил қилади;
л) таълим мазмунини экспертиза қилиш ва илмий-услубий таъминлаш бўйича ишларни ташкил қилади. Услубий материаллар, ўқув қўлланмалар, дарсликларни нашр этишнинг келажак режаларини ишлаб чиқишда ва уларнинг муаллифларини танлашда иштирок этади. Услубий хоналарга ва таълим муассасаларига нашр этилаётган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, видеоматериаллар, таълимнинг аудиовизуал ва бошқа воситалари ҳақида ахборот бериб туради ва муассасаларнинг уларга бўлган эҳтиёжларини таҳлил қилади;
м) жаҳон педагогик тажрибалар ҳақидаги маълумотларни ўрганади ва таълим ҳамда тарбия бўйича илғор технологияларни жорий қилишни ташкил қилади.
Билиши лозим:
а) Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида", "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги, таълим стандартларининг мазмуни ва талабларини. Ўқув услубий ва тарбиявий иш масалалари бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим марказининг буйруқлари, фармойишлари, услубий ва бошқа бошқарув материалларни;
б) дидактика принципларини, педагогика ва ўсмир психологияси асослари, таълим беришнинг умумий ва шахсий технологиялари, ўқув фанини ёки фаолият йўналишини услубий таъминлаш принциплари ва қўллаш услубларини, муассасада таълим жараёнини ташкил қилиш тизимини;
в) муассасадаги педагогик ишларнинг самарали услубларини аниқлаш, умумлаштириш ва уларни тарқатиш усулларини;
г) муассаса педагогик ходимларининг услубий уюшмалари ишларининг мазмуни ва уни ташкил қилиш тамойилларини;
д) мутахасисликлар, таълим дастурлари бўиича ўқув-дастурий ҳужжатлар, ўқув режалар, ўқув жиҳозларининг рўйхатлари турлари ва бошқа ўқув-услубий ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартиби ва тамойилларини;
е) нашриётлар билан ишлаш асослари, услубий ва ахборот материалларини тизимга киритиш тамойиллари, таълимнинг аудиовизуал ва интерфаол воситаларига бўлган асосий талабларни.
Do'stlaringiz bilan baham: |