4-боб. ТупроҚнинг иссиҚлик режими
4.1. Тупроқнинг исиш ва совиш жараёнлари
Қуруқлик сиртига тушган қуёш радиациясининг бир қисми ундан қайтиб атмосфера ва космик фазога тарқалади, қуруқлик юзасида ютилган қисми эса иссиқликка айланади, ўз навбатида бу иссиқликнинг бир қисми ерга туташган ҳаво қатламини, ўсимликларни иситишга ва тупроқнинг юза қатламидаги ҳамда ўсим-ликлардаги сувни буғлантиришга сарфланади. Ютилган иссиқликнинг қолган қисми эса тупроқнинг пастки қатламларига узатилади (тупроқ юзасининг ҳарорати пастки қатламларнинг ҳароратидан юқори бўлганда).
Бирор жойга тушувчи қуёш радиациясининг миқдори бир кеча - кундуз ва йил давомида ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам ўша жойдаги тупроқнинг исиш даражаси қуёшнинг уфқдан баландлигига, жойнинг географик кенглигига ва рельефига, ўсимликлар билан қопланиш даражасига, йил фаслларига боғлиқ равишда ўзгариб боради, баъзан бу ўзгариш жуда кенг чегарада рўй беради.
Тупроқ иссиқлик режимининг асосий кўрсаткичи унинг ҳароратидир. Тупроқнинг иссиқлик режими деб, тупроққа иссиқликнинг келиши, қайтиши тўпланиши ва унинг тупроқ қатламларига узатилиши каби ҳодисалар мажмуасига айтилади.
Ер сиртининг ҳарорат режими асосан радиацион балансга, яъни тушадиган қуёш радиацияси миқдорига, жойнинг альбедосига ва самарали нурланишига боғлиқ.
Мусбат радиацион балансда тупроқнинг устки (энг юқоридаги) қатлами исийди, бунда юқорида айтганимиздек ютилган иссиқликнинг маълум қисми пастки қатламларга узатилади.
Агар радиацион баланс манфий бўлса, тупроқнинг юза қатлами совийди, бунда иссиқлик тупроқнинг ички қатламларидан тупроқ юзасига узатилади. Натижада тупроқнинг ички (пастки) қатламлари совийди.
Умуман, тупроқ сиртида жойлашган юпқа қатлами билан пастки қатламлари орасида узлуксиз иссиқлик алмашиниш давом этади. Бу иссиқлик алмашиниш асосан молекуляр иссиқлик ўтказувчанлик йўли билан амалга ошади.
Тупроқдаги иссиқликнинг унча кўп бўлмаган қисми ернинг ички қисмидан кўтариладиган иссиқликдан ва ернинг қаттиқ қоплами (литосфера)нинг юқориги қисмларида кечадиган кимёвий реакциялар ва биологик жараёнлар натижасида вужудга келадиган иссиқлик ҳисобига ҳосил бўлади. Органик моддалар (гўнг, ўсим-лик қолдиқлари, ҳар хил чиринди кабилар) нинг чиришидан ажраладиган иссиқлик унчалик кўп эмас. Тупроқнинг исишида фаол қатламдаги сув буғининг конденсациясида ажралган иссиқлик ҳам (жуда оз бўлсада) аҳамиятга эга. Бундан ташқари ер қобиғининг устки қатламларидаги табиий радиоактив моддаларнинг емирилишида ажраладиган иссиқлик ҳам тупроқни жуда кам даражада иситади.
Тупроқ юзаси Ернинг узун тўлқинли нурланиши, совуқ ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида совийди.
Do'stlaringiz bilan baham: |