1.1. Агрометеорология предмети.
Қишлоқ хўжалиги учун аҳамиятга эга бўлган метеорологик, иқлим, гидрологик ва тупроқ шароитларининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш объектлари ва жараёнлари билан ўзаро таъсирини ўрганадиган фан қишлоқ хўжалиги метеорологияси деб аталади.
Ҳозирги замон қишлоқ хўжалиги метеорологияси агрометеорология, агроиқлимшунослик, агрогидрология ва зоометеорология каби соҳалардан ташкил топган. Агрометеорологияни қишлоқ хўжалиги метеорологиясининг асосий, етакчи бўлими деб айтиш мумкин.
Агрометеорология қишлоқ хўжалиги метеорологиясининг метеорологик шароитлари, қишлоқ хўжалик ўсимликларининг ўсиш, ривожланиш ва ҳосилининг шаклланиш жараёнлари ва агротехник тадбирлар билан ўзаро таъсирини ўрганадиган соҳасидир.
Агрометеорология бўйича айрим дарсликларда агрометеорология предметига қуйидагича таъриф берилган:
Агрометеорология қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун аҳамиятга эга бўлган метеорологик, иқлим, гидрологик ва тупроқ шароитларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши объектлари ва жараёнлари билан ўзаро таъсирини ўрганадиган фандир. Агрометеорологияга берилган бу таърифнинг мазмуни қишлоқ хўжалиги метеорологиясига берилган таъриф билан деярли мос тушади. Бу эса қишлоқ хўжалиги метеорологиясидаги ишларнинг асосий кўлами агрометеорологияга тўғри келишини кўрсатади.
Бу ерда қайд этилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши объектлари тушунчасига қишлоқ хўжалик экинлари ва ҳайвонлари киради, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши жараёнларига эса ўсимликшуносликда ерни экин экишга тайёрлаш, экинларни экиш (ёки сепиш, кўчат ўтказиш)дан, токи ҳосилини йиғиб-териб олишгача қўлланиладиган агротадбирларни, чорвачиликда эса ем-хашак етиштириш, ҳайвонларни табиий шароитда озиқлантириш, сақлаш ва асраш технологияларини тушунилади.
Агрометеорологиянинг ўрганиш объектларига об-ҳаво, иқлим, тупроқнинг сув ва иссиқлик режимлари, физик ва физик меҳаник хоссалари, қишлоқ хўжалик экинлари, яйлов ўсимликлари ва қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши жараёнлари киради. Агрометеорологияда барча объектларни организмнинг атроф-муҳит билан ўзаро таъсири нуқтаи назаридан ўрганилади.
Шундай қилиб, агрометеорология бир томондан метеорологик катталикларнинг ўзгаришини ўрганса, иккинчи томондан метеорологик катталиклар таъсирида маданий ва чўл-яйлов ўсимликларининг ўсиши ва ривожланишини бир вақтда (паралел) кузатиб боради ва бу кузатишлар асосида об-ҳаво ва иқлим шароитларининг ўсимликка таъсирини аниқлайди.
Бу фан XIX асрнинг охиридан бошлаб метеорология фанининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига қўлланишини ўрганадиган бўлими сифатида ривожлана бошлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |