Mavzuni va maʼlumotlarni oʻzlashtirish
Ўсиш ва ривожланиш
Ўсиш ва ривожланиш жараёнлари организмнинг умумбиологик хоссаси бўлиб, у тухум ҳужайрасининг уруғланишидан бошланади ва ҳар бир организм ҳаётининг охиригача сақланиб қолинади. Ўсиш деб организмдаги миқдор ўзгаришларига айтилади, яъни ҳужайралар сонининг кўпайиши, аъзолар массасининг ортиши ва ҳ.к. ривожланиш эса, сифат кўрсаткич бшлиб, асосан функцияларнинг ўзгариши билан ифодаланади. Ривожланиш уч хил, яъни жисмоний, ақлий ва жинсий бўлади.
Ривожланиш жараёнида организмда ҳам миқдор, ҳам сифат ўзгаришлари бўлиб ўтади. Бундай ўзгаришлар туфайли организм ўсган сари мураккаблашиб боради. Ривожланиш жараёни ўз ичига учта асосий омилни олади, булар ўсиш, аъзо ва тўқималарнинг дифференциалланиши ҳамда тўқима, аъзо, организм шаклларининг хосил бўлиши. Бу омиллар бир – бирига узвий боғланган бўлиб, улар бир – биридан ажралган ҳолда шакллана олмайди. Ривожланишнинг асосий физиологик хусусиятларидан бири ўсиш жараёнидир. Ўсиш, асосан, ёш организмга хос хусусият бўлиб, унда ҳужайралар сон ва сифат жиҳатидан ўзгариб боради. Баъзи аъзоларда ҳужайралар сони кўпайса (масалан - суяк, ўпка тўқималари), баъзиларида эса ҳужайралар сони ўзгармасдан, уларнинг ҳажми катталашиб боради (масалан – мускул, нерв тўқималарида).
Одам умрининг даврларга бўлиниши. Онтогенез пренатал ва постнатал даврларни ўз ичига олади. Пренатал даврда тухум ҳужайраси уруғланади, сўнг ҳужайра бўлинади, кўпаяди, тўқималар ҳосил бўлади, тўқималардан аъзолар шаклланади ва, ниҳоят, аъзолардан тизимлар ҳосил бўлиб, бутун бир организм яратилади.
Организмнинг индивидуал ўсиши ва ривожланиши тухум ҳужайрасининг уруғланишидан бошланади.
Уч ойлик эмбрион одам қиёфасига кирган бўлади ва эмбрион йўлдош ёрдамида озиқланишга ўтганда ҳомила даври бошланади. Ҳомиланинг узунлиги ўртача 8 – 10 см бўлиб, бош қисми танасига нисбатан катта бўлади. Унинг юз қисми тўлиқ шаклланади. Ҳомила ҳаётининг 28 ҳафтасида тез ўсади ва ривожланади ҳамда она организмидан ташқарида ҳаёт кечиришга лаёқатли бўлади. Бундай ҳомиланинг бўйи 355 мм ва массаси эса 1300г бўлади. Тўққиз ойлик ҳомиланинг бўйи 50см га яқин, оғирлиги эса 3.0 – 3.5 килограммга етиши мумкин.
Ҳар бир организмнинг пренатал даврда босиб ўтиладиган ҳаёт жараёнлари, аъзо ва тизимларнинг шаклланиши генетик дастурга киритилган бўлиб, дастурнинг ривожланишида ташқи муҳит омилларининг (ижтимоий омил, овқатланиш омили, иқлим омиллари ва бошқалар) роли катта бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |