РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ ШАРОИТИДА МОНЕТАР СИЁСАТ ВОСИТАЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ
Р.T.Шомуродов, ТМИ доценти, и.ф.н.
АҚШ, Япония ва Германия каби тараққий этган давлатларнинг илғор тажрибалари таҳлили кўрсатадики, монетар сиёсат ва уни амалга ошириш воситалари йиллар давомида инновацион ғоялар таъсирида такомиллашиб борган. Дунё иқтисодиёти тарихида турли давлатларда кузатилган молиявий ёки иқтисодий инқирозларни ҳал этишда монетар сиёсат муҳим роль ўйнаган ҳамда у доимо инновацион ғоялар асосида такомиллаштирилиб борилган.
Монетар сиёсат – миллий валюта, тўлов баланси, нархлар, пул таклифи, молия бозори, иқтисодий ўсиш, инвестицион фаоллик, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган усуллар, воситалар ҳамда чора-тадбирлари йиғиндисидир. Шу сабабли, жаҳон иқтисодиётида кузатилган турли даражадаги макроиқтисодий ва молиявий муаммолар, инқирозлар ҳамда пандемиялар шароитида монетар сиёсат мунтазам равишда такомиллаштирилган.
Марказий банкларнинг очиқ бозор операциялари илк марта юзага келганида унинг объекти бўлиб, фақат ҳукумат томонидан чиқарилган
қимматли қоғозлар ҳисобланар эди. Йиллар ўтиши билан иновацион ғоялар асосида унинг объектлари сони кўпайди. Хусусан, ҳозирги даврда, депозит сертификатларидан (Нидерландия, Дания, Испания марказий банклари, Европа Марказий банки), молиявий векселлардан (Англия Марказий банки, Швеция Рикс банки, Германия Бундесбанки, Япония Марказий банки), корпоратив облигациялардан (Жанубий Корея, Чили, Россия марказий банклари) ушбу операцияларнинг объекти сифатида фойдаланилмоқда48.
Макроиқтисодий муаммоларни ҳал этишда монетар сиёсат муҳим роль ўйнайди ва у ҳар бир давлат сиёсатининг устувор мақсадларига эришишда қулай шарт-шароитлар яратади. Хусусан, у пул ва кредит ҳажмига, банк тизими ва пул бозори ликвидлилигига, реал секторга, тўлов балансига бевосита таъсир этади. Шунинг учун у ҳар бир давлатда доимо иқтисодиётни тартибга солишнинг энг муҳим ва самарали воситаси бўлиб қолаверади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони49, аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, валюта сиёсатини либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратишга қаратилган. Банк тизимининг инновацион ривожланиш йўлига ўтишини таъминлаш тижорат банкларининг ликвидлилигини тезкор таъминлашни талаб этади. Республикамиз банк амалиётида эса, бу борада муаммолар мавжуд. Жумладан, Марказий банкнинг ҳисоб ва ломбард кредитларининг мавжуд эмаслиги ликвидлиликни тезкор таъминлаш имконини бермайди.
Фикримизча, Марказий банкининг очиқ бозор операцияларини бошқа турдаги қимматли қоғозлардан, хусусан, тижорат банкларининг депозит сертификатлари ва узоқ муддатли облигацияларидан объект сифатида фойдаланган ҳолда, йўлга қўйиш лозим. Бунинг учун етарли имкониятлар, шарт-шароитлар мавжуд. Яъни, тўловга қобиллиги ва ликвидлилиги талаб даражасида бўлган тижорат банклари мавжуд. Иккинчидан, тижорат банклари депозит сертификатлари ва узоқ муддатли облигацияларининг катта ҳажмдаги эмиссияси мавжуд.
Амалга ошрилган тадқиқотлардан маълумки, монетар сиёсатнинг анънавий воситаларидан бири бўлиб Марказий банкнинг мажбурий захира талаблари сиёсати ҳисобланади. Мажбурий захира талаблари меъёрини ўзгартириш орқали мамлакат пул массаси ҳажмини ўзгартириш мумкин. Бироқ, мажбурий захира талаблари сиёсати монетар сиёсатнинг маъмурий воситаси ҳисобланади, унинг пул мультипликатори орқали пул массасига таъсири ниҳоятда катта.
48 Моисеев С.Р. Денежно-кредитная политика: теория и практика. – М.: Московская финансово- промышленная академия, 2011. - С. 737.
49 Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ -5177-сонли Фармони.
Жумладан, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда мажбурий захиралаш воситасини такомиллаштиришнинг иккинчи босқичи амалга оширилди. Хусусан, миллий валютадаги депозитлар учун мажбурий захира меъёрлари пасайтирилди ва чет эл валютасидаги депозитлар бўйича мажбурий захира меъёрлари оширилди. Шунингдек, 2018 йилнинг 25 сентябридан Марказий банк ўз қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиздан 16 фоизгача оширди50.
Ўз навбатида, Марказий банк Бошқарувининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоизли бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида ҳамда 2020 йил 11 сентябрдан асосий ставка яна 1 фоизли бандга пасайтирилиб, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан монетар сиёсатни такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларни ҳал қилишда бир қатор ижобий ютуқларга эришилди. Хусусан:
– 2017 йилнинг иккинчи ярмида Марказий банк томонидан қайта молиялаш кредитларини бериш амалиётининг жорий этилганлиги пул-кредит сиёсатининг, шу жумладан қайта молиялаш сиёсатининг самарадорлигини ошишига хизмат қилди.
2018 йил 1 октябрдан бошлаб Марказий банкнинг мажбурий захира сиёсатини такомиллаштириш мақсадида мажбурий захира ажратмалари суммасини фақат миллий валютада шакллантириш тартиби жорий қилиниб, юридик ва жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича захиралаш меъёрлари бирхиллаштирилди, яъни миллий валютадаги депозитлар учун мажбурий захира меъёрлари пасайтирилди ва чет эл валютасидаги депозитлар бўйича мажбурий захира меъёрлари оширилди51.
2020 йил 1 январдан Марказий банк асосий ставкаси ва фоиз коридори, Марказий банк облигациялари ҳамда 2 ҳафталик ва 1 кунлик (овернайт) депозит, РЕПО ва своп операциялари амалиётга жорий этилди.
Ўз навбатида, монетар сиёсат соҳасидаги тадбирларни кенгайтириш ва Марказий банк томонидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Жумладан:
Иккиламчи бозорни ривожлантириш мақсадида монетар сиёсат билвосита воситалари, жумладан ломбард ва овердрафт механизмлари, валюта СВОПлари, овернайт кредитлари ҳажмини, РЕПО ҳамда қайта РЕПО операцияларини кенгайтириш зарур. Бу эса, Марказий банкка муомаладаги ортиқча ликвидлиликни ва пул массасини самарали тартибга солиш асосида монетар сиёсат самарадорлигини ошириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки монетар сиёсатининг банк тизими ликвидлилигига таъсирини кучайтириш мақсадида қуйидаги инновацион воситаларидан фойдаланиш лозим:
50 Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот. www.cbu.uz (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки).
51 Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот (Б.73)//www.cbu.uz (Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки).
а) халқаро рейтинг агентликларининг юқори (инвестицион) рейтинг баҳоларига эга бўлган корпоратив облигациялардан тўғри ва тескари РЕПО операцияларининг объекти сифатида фойдаланиш лозим;
б) тижорат банкларининг Марказий банкдаги мажбурий захира ажратмалари миқдоридан келиб чиққан ҳолда, уларга қайта молиялаш кредитлари бериш зарур.
Марказий банк қайта молиялаш кредитлари ҳажмини ошириш ва мажбурий захира ставкаларини инфляциянинг кутилаётган даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш йўли билан тижорат банкларининг кредит экспансиясини рағбатлантириш ва шунинг асосида иқтисодиётни пул маблағлари билан таъминланганлик даражасини ошириб бориш лозим;
Халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган очиқ бозор операциялари амалиётини мамлакатимизда қайта тиклаш лозим. Унинг объектлари сонини эса корпоратив облигациялар ҳисобига ошириш ва РЕПО операциялари ҳажмини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир. Бу эса, банкларнинг жорий ликвидлилигини, ресурс базасини, кредитлаш салоҳиятини ва молиявий воситачилик ролини янада ошириши имконини беради.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, мазкур таклифнинг амалиётга татбиқи натижасида, биринчидан, тижорат банклари фаолиятида юз берадиган ликвидлилик муаммосини ҳал қилиш имкони юзага келади, иккинчидан, мажбурий захира талабномасининг банкларнинг ресурс базасига ва ликвидлилигига нисбатан салбий таъсири камаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |