114-модда. Даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар
Даъво аризасига қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини;
2) даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганлигини;
3) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни.
Агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, унинг даъво тақдим этишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Шартнома тузишга мажбур этганлик тўғрисидаги аризага шартнома лойиҳаси илова қилинади.
115-модда. Бир нечта даъво талабини бирлаштириш ва ажратиш
Даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни битта даъво аризасида бирлаштиришга ҳақли.
Хўжалик суди айни бир шахслар иштирок этувчи бир турдаги бир неча ишни битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.
Хўжалик суди бир ёки бир неча бирлаштирилган талабни алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.
Хўжалик суди ишларни бирлаштириш ва талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисида ажрим чиқаради.
116-модда. Даъво аризасини қабул қилиш
Даъво аризасини қабул қилиш масаласини судьянинг якка ўзи ҳал қилади.
Судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган даъво аризасини хўжалик судининг иш юритишига қабул қилиши шарт.
Судья даъво аризасини қабул қилиш тўғрисида у келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай ажрим чиқаради. Бу ажримнинг мазмуни ишни мажлисда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда баён қилиниши мумкин.
117-модда. Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш
Судья даъво аризасини қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади:
1) низо хўжалик судида кўриб чиқишга тегишли бўлмаса;
2) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ишни юритишни тугатиш тўғрисида хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ажрими ёхуд умумий суднинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ҳал қилув қарори ёки ажрими бўлса;
3) хўжалик судининг, умумий суднинг, ҳакамлик судининг иш юритишида айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса; (ЎзР 01.08.2007 й. ЎРҚ-106-сон Қонуни тахриридаги банд)
4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган ҳакамлик судининг қонуний кучга кирган қарори бўлса, хўжалик суди ҳакамлик судининг қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этиб, ишни қарорни қабул қилган ҳакамлик судига янгидан кўриш учун қайтарган, бироқ ишни ўша ҳакамлик судида кўриш имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно. (ЎзР 01.08.2007 й. ЎРҚ-106-сон Қонуни тахриридаги банд)
Судья даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмасдан юборилади. Даъвогарга юборилаётган ажримга даъво материаллари илова қилинади.
Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда даъво аризаси хўжалик судига дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |