464-модда. Солиқ базаси
(1-қ.) Ушбу Кодекснинг 463-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган жами даромад солиқ базаси деб эътироф этилади, бундан қуйидагилар мустасно:
1) Ўзбекистон Республикасининг давлат облигациялари ва бошқа давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларнинг халқаро облигациялари бўйича даромадлар;
2) солиқ агентида солиқ солиниши лозим бўлган дивидендлар;
3) қайтариладиган кўп марта айланадиган тара қиймати, агар унинг қиймати илгари товарларни (хизматларни) сотишдан олинадиган даромадга киритилган бўлса;
4) амортизация қилинадиган активларни тугатишда уларни қўшимча баҳолашда олинган, олдинги нархни туширишлардаги суммадан ортиқча сумма ҳисобидан олинган даромадлар;
5) ҳисобот йилида аниқланган ўтган йиллардаги даромадлар. Мазкур даромадларга улар шаклланган даврдаги қонунчиликка мувофиқ солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китоб ўтказилганлиги инобатга олинган ҳолда солиқ солинади; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)
6) товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинган даромадлар, агар товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинган даромадлар умумий даромаднинг 15 фоизидан кўпроғини ташкил этса.
(2-қ.) Солиқ солинадиган база ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чегирмалардан ташқари қуйидагилар учун камайтирилади:
1) брокерлик ташкилотлари учун - битим суммасидан биржага ўтказиладиган воситачилик йиғими суммасига;
2) комиссия шартномаси бўйича воситачилик хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар учун - товарларни импорт қилишда тўланган божхона тўловлари суммасига реализация қилинган товар улушида;
3) туризм фаолияти субъектлари учун - туристик хизматларни онлайн бронлаштириш ва сотиш учун яратилган дастурий маҳсулотларни ҳамда ахборот тизимларини жорий этишга йўналтирилган маблағлар суммасига.
465-модда. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ
базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари
(1-қ.) Якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ базаси бўлиб ушбу Кодекс 463-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган, унинг тадбиркорлик фаолияти доирасида олинган жами даромади ҳисобланади.
(2-қ.) Жисмоний шахс ўз тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ битимларни тузишда ўзининг якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаётганлигини, агар бу битимларни тузиш ҳолатининг ўзидан яққол келиб чиқмаса, кўрсатиши шарт.
(3-қ.) Солиқ солишда якка тартибдаги тадбиркорнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган, унинг тадбиркорликни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган шахсий (оилавий) мол-мулкини сотишдан олинган даромадлари ҳисобга олинмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |