35-БОБ. СОЛИҚ СТАВКАЛАРИ.
СОЛИҚ ДАВРИ
258-модда. Солиқ ставкалари
259-модда. Солиқ даври
258-модда. Солиқ ставкалари
(1-қ.) Агар ушбу Кодекснинг 36-бобида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида белгиланади.
(2-қ.) Ушбу Кодекснинг 36-бобида назарда тутилган ҳолларда солиқ ставкаси 0 фоиз миқдорида белгиланади.
259-модда. Солиқ даври
Ушбу Кодекснинг 39-бобида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бир ой солиқ давридир.
ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ иккинчи қисм чиқариб ташланган
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига бир миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак ҳисобланади. (ЎзР 30.12.2020 й. ЎРҚ-659-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)
36-БОБ. НОЛЬ ДАРАЖАЛИ СТАВКА БЎЙИЧА
СОЛИҚ СОЛИНАДИГАН АЙЛАНМА
260-модда. Экспорт операцияларига ва уларга
тенглаштирилган операцияларга солиқ солиш
261-модда. Экспорт операцияларини тасдиқлаш
263-модда. Халқаро ташишлар билан боғлиқ
хизматларга солиқ солиш
264-модда. Айрим ҳолларда ноль даражали
ставканинг қўлланилиши
260-модда. Экспорт операцияларига ва уларга
тенглаштирилган операцияларга солиқ солиш
(1-қ.) Ноль даражали ставка бўйича солиқ солиш қуйидагилар реализация қилинганда амалга оширилади:
1) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан экспорт божхона тартиб-таомилига олиб чиқилган товарлар;
2) илгари Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилган товарлар ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш натижасида олинган (ҳосил бўлган) товарлар (қайта ишлаш маҳсулотлари, чиқиндилар ва (ёки) қолдиқлар);
3) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилган ғамлаб қўйилган нарсалар. Ушбу модда мақсадида ҳаво кемаларидан рисоладагидек фойдаланилишини таъминлаш учун зарур бўлган ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материаллари ғамлаб қўйилган нарсалар деб эътироф этилади;
4) чет элдан келтирилган товарларни ташиш чоғида божхона транзити божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни бевосита Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етиб келиш жойидаги божхона органидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш жойидаги божхона органигача ташиш ёхуд транспортда ташиш билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар;
5) халқаро ташишлар билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар.
(2-қ.) Ноль даражали ставкани айрим ҳолларда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу Кодекснинг 264-моддасида белгиланган.
(3-қ.) Ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар солиқ ҳисоботи билан бирга тақдим этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |