254-модда. Тижоратбоп топилма бонуси
Тижоратбоп топилма бонуси тегишли лицензияда кўрсатилган ер қаъри участкасида фойдали қазилма конларининг ҳар бир тижоратбоп топилмаси учун, шу жумладан дастлабки белгиланган ажратиб олинаётган захираларни кўпайтиришга олиб келувчи конларни қўшимча қидириш ўтказиш чоғидаги фойдали қазилмалар топилмаси учун тўланадиган тўловдир. Тижоратбоп топилма бонуси, агар аввал мазкур кон бўйича тижоратбоп топилма бонуси тўланмаган бўлса, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳуқуқини олишда ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ҳам тўланади.
(254-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
Фойдали қазилма конларини кейинчалик уларни кавлаб олишни назарда тутмайдиган қидириш ўтказишда тижоратбоп топилма бонуси тўланмайди.
Ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган конда фойдали қазилмаларнинг қазиб олинадиган захиралари ҳажми солиқ солиш объектидир.
Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати солиқ солинадиган базадир. Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:
Товар бозорларида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган ер қаъридан фойдаланувчилар учун — фойдали қазилманинг мазкур тури учун тасдиқланган декларация қилинган нархи бўйича;
бошқа ер қаъридан фойдаланувчилар учун — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда халқаро биржада белгиланган биржа нархи бўйича, жаҳон бозорида нарх мавжуд бўлмаган тақдирда эса, фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати — ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган нарх бўйича.
(254-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қийматини аниқлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
(254-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
Тижоратбоп топилма бонуси солиқ солинадиган базадан ва бонуснинг белгиланган ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Тижоратбоп топилма бонусининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ваколатли давлат органи фойдали қазилмалар захираларини тасдиқлаган кундан эътиборан йигирма беш кундан кечиктирмай солиқ тўловчи томонидан тақдим этилади.
Тижоратбоп топилма бонусини тўлаш ваколатли давлат органи фойдали қазилмалар захираларининг кондан қазиб олинадиган ҳажмини тасдиқлаган кундан эътиборан тўқсон кундан кечиктирмай амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |