151-модда. Суғурта ташкилотларининг чегириладиган харажатларини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари
Суғурта ташкилотларининг чегириладиган харажатларига ушбу Кодекснинг 142—146-моддаларида назарда тутилган харажатлардан ташқари қуйидагилар киради:
1) қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича тўланган тўлов суммалари;
2) аввалги ҳисобот даврларида шакллантирилган суғурта техник захиралари ўсишининг қайта суғурта қилувчиларнинг суғурта захираларидаги улуши ўзгариши ҳисобга олинган ҳолдаги суммаси;
3) суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш мажбуриятлари бўйича амалга оширилган ҳамда ҳисобланган тўлов суммалари;
4) фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтган йиллардаги суғурта ҳодисалари бўйича тугалланмаган тўлов суммалари, шу жумладан даъво муддати доирасидаги мажбуриятлар суммаси;
5) суғурта ҳодисаси рўй берганлиги ҳақида маълум қилинган, лекин зарар миқдори тақдим этилмаган шартномалар бўйича суғурта суммалари;
6) суғурта ташкилоти суғурта ҳодисалари рўй беришини бартараф этиш ва унинг олдини олишга доир тадбирларни (превентив тадбирларни) молиялаштиришга сарфлайдиган маблағлар суммалари;
7) суғурта ташкилотлари захира фондларининг миқдори суғурта ташкилотлари устав фондининг 25 фоизига етгунига қадар мазкур ташкилотлар ўз даромадларининг 20 фоизигача миқдорида захира фондларига қиладиган ажратмалар суммаси;
8) суғурта фаолияти билан боғлиқ ўзга юридик шахсларнинг хизматларига тўланган ҳақ.
(151-модданинг 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
24-боб. Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари даромадларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари
152-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромадлари
(152-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромадларига қуйидагилар киради:
(152-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
1) қимматли қоғозларни реализация қилишдан олинадиган, қуйидагича аниқланадиган даромадлар:
қимматли қоғозлар, бундан қарз қимматли қоғозлари (облигациялар, депозит сертификатлари) мустасно, ва иштирок этиш улуши бўйича — реализация қилиш қиймати ва олиш қиймати (ҳисса) ўртасидаги ижобий фарқ сифатида;
қарз қимматли қоғозлари бўйича — реализация қилиш қиймати билан реализация қилиш санасидаги дисконт амортизацияси ва (ёки) мукофот инобатга олинган ҳолда олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида;
2) қимматли қоғозлар бозорида воситачилик ва бошқа хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
3) мижозларнинг маблағларидан фойдаланишдан юзага келадиган даромаднинг бир қисми;
4) депозитар хизматлар, шу жумладан қимматли қоғозлар тўғрисида ахборот тақдим этиш, депо ҳисобварағини юритиш бўйича хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
(152-модданинг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 1-сон, 2-модда)
6) қимматли қоғозлар билан биржада ва биржадан ташқарида савдоларни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
(152-модданинг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 1-сон, 2-модда)
8) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган инвестиция активларини бошқариш бўйича даромадлар;
9) қимматли қоғозлар бозорида маслаҳат хизматлари кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
10) профессионал фаолиятдан олинган бошқа даромадлар.
(152-модданинг 10-банди Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |