211-модда. Солиқдан озод қилинадиган импорт
Қуйидаги товарларни импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:
1) жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб киришнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тасдиқланган нормалари доирасида олиб кирилаётган товарлар;
2) чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар расмий фойдаланиши учун, шунингдек ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ва маъмурий-техник ходимлари, шу жумладан уларнинг ўзлари билан бирга яшаётган оила аъзолари шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарлар;
3) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда инсонпарварлик ёрдами тариқасида олиб кирилаётган товарлар;
4) давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар томонидан хайрия ёрдами мақсадида, шу жумладан техник кўмак кўрсатиш мақсадида олиб кирилаётган товарлар;
5) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) маблағлари, шунингдек грантлар ҳисобига юридик шахслар томонидан олиб кирилаётган товарлар;
(211-модданинг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)
6) дори воситалари ва тиббиёт (ветеринария) учун мўлжалланган буюмлар, шунингдек дори воситалари ва тиббиёт (ветеринария) учун мўлжалланган буюмлар ишлаб чиқариш учун қонун ҳужжатларида белгиланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган хом ашё. Мазкур имтиёз олиб кирилаётган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ҳам ишлаб чиқарилаётган тайёр дори воситаларига ва тиббиёт (ветеринария) учун мўлжалланган буюмларга татбиқ этилмайди;
(211-модданинг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
7) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса. Импорт қилинган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан уч йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши қўшилган қиймат солиғи тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланган ҳолда бекор қилинади;
(211-модданинг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
8) инвестор билан давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ инвестиция мажбуриятлари сифатида олиб кириладиган мол-мулк;
9) ваколатли давлат органининг ёзма шаклдаги тасдиғи мавжуд бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ва тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари;
(211-модданинг 10-банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
11) қонун ҳужжатларида белгиланадиган рўйхат бўйича ёғоч-тахта материаллари ва ёғоч.
(211-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонунига асосан 11-банд билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |