32-боб. Солиқ ставкалари ва солиқ даври
181-модда. Даромадларнинг алоҳида турларига солинадиган солиқ ставкалари
Жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадларига белгиланган энг кам ставка бўйича солиқ солинади:
баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган коэффициентлар бўйича қўшимча тўловлар тариқасида олинган даромадларга. Бунда чўл ва сувсиз жойларда, баланд тоғли ва табиий-иқлим шароити ноқулай ҳудудларда ишлаганлик учун юридик шахслар ходимларининг иш ҳақига коэффициентлар ҳисоблашнинг энг юқори суммаси ҳисоблаш пайтидаги ҳолатга кўра белгиланган энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида белгиланади;
корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларига юборилган жисмоний шахсларнинг шу ишларни бажаришдан олинган даромадларига бундан ушбу Кодекснинг 179-моддаси 33-бандида кўрсатилган жисмоний шахсларнинг даромадлари мустасно.
(181-модданинг биринчи қисми учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)
мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга;
жисмоний шахслардан текин олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги даромадларга;
жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадларга.
(181-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-313-сонли Қонунига асосан тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 556-модда)
Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган аёлларнинг даромадларидан олиш даражаси 20 фоиздан ошмаслиги лозим. Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишлар рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
182-модда. Жисмоний шахсларнинг — Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадларига солинадиган солиқ ставкалари
Жисмоний шахснинг — Ўзбекистон Республикаси норезидентининг Ўзбекистон Республикасидаги даромадлар манбаидан олинган, даромадларига манбада чегирмаларсиз қуйидаги ставкалар бўйича солиқ солинади:
дивидендлар ва фоизларга — 10 фоиз;
ушбу Кодекс 155-моддаси учинчи қисмининг 9-бандига мувофиқ белгиланадиган халқаро ташишларда транспорт хизматлари кўрсатишдан олинадиган даромадларга (фрахтдан олинадиган даромадларга) — 6 фоиз;
меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олинган даромадларга, ушбу қисмнинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилмаган бошқа даромадларга — 20 фоиз.
(182-модданинг биринчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
Тўлов манбаида солиқ солиш тўлов Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида содир этилганлигидан қатъи назар амалга оширилади.
(182-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |