165-модда. Солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш тартиби
Юридик шахслардан тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи белгиланган ставкаларни чегирмаларни амалга оширмасдан тўланадиган даромад суммасига нисбатан қўллаш орқали ҳисоблаб чиқарилади.
Агар ушбу Кодекснинг 1551-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, юридик шахслардан тўлов манбаида олинадиган фойда солиғини юридик шахслар қуйидагиларни тўлаш пайтида ушлаб қолиши шарт:
(165-модданинг иккинчи қисми биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
дивидендлар ва фоизларни;
Ўзбекистон Республикаси норезидентларига даромадларни.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси тўлов манбаида ушлаб қолинмаган ёки Ўзбекистон Республикаси халқаро шартнома қоидаларининг ғайриқонуний тарзда қўлланилиши мазкур солиқ ушлаб қолинмаслигига ёхуд тўлиқ ушлаб қолинмаслигига сабаб бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезиденти юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ушлаб қолинмаган суммасини ва у билан боғлиқ пеня суммасини қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджетга киритиши шарт.
(165-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 1-сон, 2-модда)
Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган шахслар:
1) юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини Ўзбекистон Республикаси норезидентларига дивидендлар, фоизлар ва тўловларни тўлаш санасидан кечиктирмай бюджетга ўтказиши. Банклар Ўзбекистон Республикасининг норезидентларига амалга оширилган тўловлар (дивидендлар ва фоизлар тўловидан ташқари) бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлов амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмай бюджетга ўтказади;
(165-модда тўртинчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)
2) юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳисоб-китобини давлат солиқ хизмати органларига тўлов амалга оширилган ҳисобот даври тугагандан кейин йигирма беш кундан кечиктирмай тақдим этиши;
3) давлат солиқ хизмати органларига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги, бу шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақами, уларнинг номи, даромадининг умумий суммаси ва солиқ даври учун ушлаб қолинган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг умумий суммаси кўрсатилган маълумотномани солиқ даври тугаганидан кейин ўттиз кун ичида тақдим этиши;
4) даромад олувчи шахсларга уларнинг талабига биноан, даромад суммаси ва солиқ даври учун ушлаб қолинган солиқнинг умумий суммаси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда маълумотнома тақдим этиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |