309-8-модда. Суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича ажрими Суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқаради.
Суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ёки ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш ҳақидаги ажримида қуйидагилар ҳам бўлиши керак:
1) ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарори тўғрисидаги ва мазкур қарор қабул қилинган жой ҳақидаги маълумотлар;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби тўғрисидаги маълумотлар;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ёхуд аризачининг талабини тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этиш учун кўрсатма.
Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгитдан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
Агар ҳакамлик судининг ҳал килув қарори ҳакамлик битими ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича хулосалар мавжудлиги ёинки низо ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлиши мумкин эмаслиги оқибатида суд томонидан тўлиқ ёки қисман бекор қилинган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан судга мурожаат этишлари мумкин.
35-3-боб. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш 309-9-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришнинг умумий қоидалари Ушбу бобда белгиланган қоидалар ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалари суд томонидан кўриб чиқилаётганда қўлланилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги масала ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг аризасига биноан суд томонидан кўриб чиқилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза қарздор яшайдиган жойдаги ёки жойлашган ердаги ёхуд, агар қарздор яшайдиган жой ёки жойлашган ер номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги судга берилади.