215-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш
Ҳал қилув қарори тушунарли бўлмаса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек суд ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.
(215-модданинг 1-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сон Қонуни таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
Агар ҳал қилув қарори ижро қилинмаган ва уни мажбурий ижро қилдириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлсагина, ҳал қилув қарорини тушунтиришга йўл қўйилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг судга келмаслиги ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги аризани у тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқади.
(215-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сон Қонунига мувофиқ 4-қисм билан тўлдирилган - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи юзасидан суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
216-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ва уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ҳал қилув қарорини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш
Алоҳида ҳолларда, иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган суд ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш жойидаги суд ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризасига кўра, тарафларнинг мулкий аҳволи ёки бошқа ҳолатларга қараб, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга йўл қўйишга, шунингдек, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. Мазкур аризалар ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаслиги суд олдига қўйилган масалани ҳал этишга тўсқинлик қилмайди.
Ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ҳамда қарздорга, шунингдек суд ҳужжатини ижро этиш суд ижрочисининг иш юритувида бўлса, суд ижрочисига юборилади.
(216-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сон Қонунига мувофиқ 2-қисм билан тўлдирилган - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, шунингдек ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги масала бўйича суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |