329-модда. Апелляция шикоятини (протестини) тўлдириш, ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш ва протестни қайтариб олиш
Апелляция шикояти берган шахс уни тўлдириш, ўзгартириш ёки ундан воз кечишга ҳақли. Бироқ, бундай воз кечиш қонунга зид бўлмаса ёки бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлмасагина, суд уни қабул қилиши мумкин.
Апелляция протести билдирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунига қадар протестни тўлдириш, ўзгартириш ёки қайтариб олишга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят бермаган бўлса, шикоятдан воз кечиш қабул қилинганида ва протест қайтариб олинганида, апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариб, апелляция тартибида иш юритишни тугатади.
(329-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
330-модда. Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими
Апелляция шикояти берилган ёки протест келтирилгандан кейин даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими тузиши ёзма шаклда баён этилиб, апелляция инстанцияси судига топширилиши лозим. Агар ишни кўриш вақтида даъвогар арз қилган талабларидан воз кечса, жавобгар арз қилинган талабларни тан олса ёки тарафлар келишув битими тузсалар, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади ва баённомани тегишинча даъвогар, жавобгар ёки ҳар икки тараф имзолайди.
(330-модданинг 1-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Суд даъводан воз кечишни қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин даъвогарга ёки тарафларга бундай процессуал ҳаракатларнинг оқибатларини тушунтиради.
Апелляция инстанция суди даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилганида ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаганида чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилади ва иш юритишни тугатади.
(330-модданинг 3-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Агар даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши ёки тарафларнинг келишув битими қонунга зид бўлса ёхуд бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлса, суд воз кечишни рад қилиб ёки тузилган келишув битимини тасдиқламай, ишни апелляция тартибида кўради.
(330-модданинг 4-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |