313-модда. Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш
Қуйидаги ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилган ёки нотўғри қўлланган ҳисобланади:
1) суд татбиқ қилиниши лозим бўлган қонунни қўлламаган бўлса;
2) суд татбиқ қилинмаслиги лозим бўлган қонунни қўллаган бўлса;
3) суд қонунни нотўғри талқин қилган бўлса.
314-модда. Процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланганлиги ишнинг нотўғри ҳал этилишига сабаб бўлган ёки сабаб бўлиши мумкин бўлган тақдирдагина ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади.
Агар:
1) иш суд томонидан ғайриқонуний таркибда кўрилган бўлса;
2) иш суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабар берилмаган шахслардан бирортасининг йўқлигида кўрилган бўлса;
3) иш кўрилаётганида иш юритиладиган тилга доир қоидалар бузилган бўлса;
4) суд ишда қатнашишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалани ҳал қилган бўлса;
5) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор чиқаришда суд маслаҳатининг сир сақланишига доир қоидалар бузилган бўлса;
6) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор судьялардан бирортаси (судья) томонидан имзоланмаган ёки ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, уларда кўрсатилмаган судьялар (судья) томонидан имзоланган бўлса;
7) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ишни кўрмаган судьялар томонидан чиқарилган бўлса;
8) ишда суд мажлиси баённомаси мавжуд бўлмаса ёки у имзоланмаган бўлса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарор мажбурий тартибда бекор қилиниши шарт.
315-модда. Апелляция, кассация ва назорат инстанциялари ажримининг (қарорининг) мазмуни
(315-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг ажрими ёки қарорида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
(315-модданинг 1-қисми 1-хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
1) ажрим ёки қарор чиқарилган вақт ва жой;
2) ажрим ёки қарор чиқарган суднинг номи ва таркиби;
3) тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг иштироки тўғрисидаги маълумотлар;
4) иш кимнинг шикояти ёки протести бўйича кўриб чиқилганлиги;
5) шикоят берилган ёки протест билдирилган ҳал қилув қарорининг (ажрим ёки қарорнинг) номи ва унинг қисқача мазмуни;
6) шикоятда ёки протестда баён этилган важлар, тақдим этилган материалларнинг қисқача мазмуни, ишни кўришда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурорнинг фикри;
(315-модда 1-қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
7) апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди хулосага келишига асос бўлган далиллар ҳамда суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари:
(315-модда 1-қисмининг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
8) қарорнинг хулоса қисми.
Ҳал қилув қарори, ажрим, қарор бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилган тақдирда, суд ишни янгидан кўрганда қандай ҳолатлар аниқланиши зарурлигини, қандай далиллар талаб қилиб олиниши кераклигини, шунингдек иш топширилаётган суд бошқа қандай ҳаракатларни бажариши лозимлигини кўрсатиши шарт.
Суд шикоят ёки протестни рад қилса, қандай асосларга кўра шикоят ёки протестдаги важларни нотўғри деб ёки қарорни бекор қилиш, ўзгартириш ёки янги ҳал қилув қарори чиқариш учун асос бўлмайди деб топганлигини ҳам ўз ажримида ёки қарорида кўрсатиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |