14-боб. Давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари
74-модда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатлари
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағларидан:
ишлаётган пенсионерларга давлат пенсияларини тўлаш;
ишламайдиган пенсионерларга давлат пенсияларини тўлаш;
давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга қобилиятсиз фуқароларга нафақалар;
дафн этиш маросими учун нафақалар;
белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа харажатлар учун фойдаланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
75-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси харажатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг маблағларидан:
(75-модданинг номи ва биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-454-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.01.2018 й., 03/18/454/0493-сон)
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, шу жумладан жиҳозлаш (технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар олиш);
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган, унинг ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилотлари бошқарув аппарати ходимларининг ҳамда муҳандис-техник ходимларининг ва Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ходимларининг малакасини ошириш;
Жамғарманинг ижро этувчи дирекциясини, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли органнинг ижро этувчи девонини ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилотларини сақлаб туриш;
белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа харажатлар учун фойдаланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
76-модда. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасининг харажатлари
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасининг маблағларидан:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра бир йўла тўланадиган тўловлар;
давлат активларини олиш бўйича белгиланган тартибда бекор қилинган шартномалар юзасидан маблағларни сотиб олувчиларга қайтариш;
давлат активларини реализация қилиш билан боғлиқ харажатлар;
давлат корхоналарини хусусийлаштиришда акцияларни чиқариш, сақлаш ва реализация қилиш билан боғлиқ харажатлар;
баҳолаш, илмий-тадқиқот, аудиторлик, молиявий, консалтинг ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, мустақил экспертларнинг амалий тадқиқотларни бажариш, тегишли экспертизани ўтказиш, норматив-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, давлат активларини сотишдан олдинги тайёргарликни ўтказиш хизматлари ҳақини тўлаш харажатлари;
юридик шахсларнинг акциялари, улушлари, пайларини, шунингдек бошқа активларни давлат манфаатларини кўзлаб олиш билан боғлиқ харажатлар;
давлат активларини бошқариш бўйича хизматлар ҳақини тўлаш харажатлари;
белгиланган тартибда аниқланадиган бошқа мақсаддаги харажатлар учун фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасининг маблағлари, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган харажатлар чегириб ташланган ҳолда, қуйидагича тақсимланади ва йўналтирилади:
1) хусусийлаштиришдан тушган маблағларга, давлат активлари юзасидан тузилган ҳамда бекор қилинган олди-сотди шартномалари бўйича жарималар ва пенялар суммаларига, берилган кредитлар ва қарзлардан тушган маблағларга тааллуқли қисми:
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, бозор инфратузилмаси институтларини шакллантириш учун Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига;
бундай маблағларни мақсадли равишда фақат бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтириш учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига;
тақсимлаш ва бошқариш вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун, шу жумладан Хусусийлаштириш, давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини ахборот жиҳатидан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурини амалга ошириш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш харажатлари учун давлат активларини бошқарувчи ваколатли органнинг ҳисобварақларига йўналтирилади;
2) резидентлар томонидан ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағларга тааллуқли қисми:
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;
Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш учун мақсадли равишда фойдаланиш учун йўналтирилади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган йўналишлар бўйича тақсимланадиган маблағлар улуши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади.
(76-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-454-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.01.2018 й., 03/18/454/0493-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |