Лизинг олувчининг важлари Биз ҳамда лизинг берувчи ўртасида лизинг шартномаси тузилган.
Унга кўра лизинг берувчи “Доминатор-130” русумли бир дона ғалла ўриш комбайнини лизинг шартларида ҳақ эвазига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун бериш, лизинг олувчи эса қишлоқ хўжалиги техникасини қабул қилиб олиш, шартнома белгиланган муддатларда ва миқдорда лизинг тўловларини тўлаб бориш мажбуриятини олган.
Лизинг берувчи томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилган, яъни лизинг объекти ўз вақтида етказиб берилган.
Лизинг шартномасига кўра лизинг тўловлари 110 000 000 сўмни, шу жумладан 90 000 000 сўм лизинг объектининг қиймати, 20 000 000 сўм эса фоизларни ташкил қилган.
Лекин айрим объектив сабабларга кўра лизинг олувчи томонидан лизинг шартномасида белгиланган тартибда тўловлар амалга оширилмаган. Лизинг тўловларининг асосий қисми, яъни 87 000 000 сўм тўлаб берилган бўлсада, қолган 23 000 000 сўмни тўлаш кечиктирилган. Қолган лизинг тўловлари ҳам албатта тўланади.
Шу сабабли рнизо юзасидан адолатли қарор қабул қилиш лозим.
Шарҳ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Мазкур Кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.
Низо лизинг шартномасидаги мажбуриятлар тегишли даражада бажарилмаганлиги натижасида келиб чиққан. Низо бўйича тарафлар бўлиб юридик шахслар ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳал этиш иқтисодий судга тааллуқлидир.
Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади)
8 ва 234-моддаларининг мазмунидан кўринишича, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда лизинг берувчи ва лизинг олувчининг мажбуриятлари лизинг шартномасидан келиб чиққан.
ФКнинг 587-моддасига кўра лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади.
Лизинг берувчи ҳамда лизинг олувчи ўртасида лизинг шартномаси тузилган.
Унга кўра лизинг берувчи “Доминатор-130” русумли бир дона ғалла ўриш комбайнини лизинг шартларида ҳақ эвазига эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш учун бериш, лизинг олувчи эса қишлоқ хўжалиги техникасини қабул қилиб олиш, шартнома белгиланган муддатларда ва миқдорда лизинг тўловларини тўлаб бориш мажбуриятини олган.
Лизинг берувчи томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилган, яъни “Доминатор-130” русумли бир дона ғалла ўриш комбайни лизинг олувчига ўз вақтида етказиб берилган.
Лизинг олувчи томонидан эса шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаган, яъни лизинг тўловлари белгиланган тартибда амалга оширилмаган.
Шу сабабли лизинг берувчи лизинг олувчига нисбатан судга мурожаат қилган.
Лизинг муносабатларининг лизинг тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қисмлари ФКнинг олди-сотди ва ижара ҳақидаги умумий қоидалари билан тартибга солинади.
ФК 422-моддасининг учинчи қисмида сотиб олувчи ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган ва ўзига топширилган товар учун навбатдаги тўловни шартномада белгиланган муддатда амалга оширмаса, сотувчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва сотилган товарни қайтаришни талаб қилишга ҳақли, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчидан олинган тўловлар суммаси товар баҳосининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно эканлиги белгиланган.
Лизинг шартномасига кўра лизинг тўловлари 110 000 000 сўмни, шу жумладан 90 000 000 сўм лизинг объектининг қиймати, 20 000 000 сўм эса фоизларни ташкил қилган.
Лизинг тўловларининг асосий қисми, яъни 87 000 000 сўм тўлаб берилган бўлсада, қолган 23 000 000 сўмни тўлаш кечиктирилган.
Мазкур ҳолатда лизинг олувчи лизинг обьекти учун тўланиши лозим бўлган сумманинг учдан икки қисмидан ортиқ бўлган қисмини амалга оширган.
Агар лизинг шартномаси барча лизинг тўловлари тўланганидан кейин лизинг объектига нисбатан мулк ҳуқуқи лизинг олувчига ўтишини назарда тутса, бундай шартнома ижара ва олди-сотди шартномаларининг белгиларини ўз ичига олади. Бундай ҳолларда лизинг тўловлари жадвали бузилганлиги асосида лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг объектини қайтариш ҳақидаги ишни кўришда, лизинг олувчидан қабул қилинган тўловлар суммаси барча лизинг тўловларининг учдан икки қисмидан ошганлиги аниқланган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, судлар даъво талабларини қаноатлантиришни рад этишлари лозим. Агарда лизинг берувчи томонидан ҳам етказилган зарарни ундириш ва лизинг объектини қайтариб олган ҳолда шартномани бекор қилиш, ҳам барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш талаблари билдирилган бўлса, фақат барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш ҳақидаги талаб қаноатлантирилиши лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини хўжалик судлари томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида” 2015 йил
27 ноябрдаги 289-сонли қарорининг 6.2-бандида тушунтириш берилган.
Шу сабабли мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди даъво талабининг асосий қарз, фоиз ва пеня ундириш қисми қаноатлантириш, даъво талабининг лизинг шартномасини бекор қилиш ва лизинг обьектини қайтариш қисмини рад этиш ҳақида асосли хулосага келган.
* * *
Лизинг олувчи томонидан шартномада белгиланган лизинг тўловлари ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, лизинг берувчи шартномани муддатидан олдин бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилганда, лизинг олувчи ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар тўланмаган лизинг тўловларини тўлиқ тўлаб берса, суд шартномани муддатидан олдин бекор қилмасдан, балки низо бартараф этилганлиги учун даъвони қаноатлантиришни рад этиши лозим.