Низонинг моҳияти:
Масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда тайёрловчи ёки жавобгар деб юритилади) ва фермер хўжалиги (бундан буён матнда фермер хўжалиги ёки даъвогар деб юритилади) ўртасида 2016 йил 10 февралда “қишлоқ маҳсулотлари харид қилиш бўйича” 26-сонли контрактация шартномаси тузилган ва унга кўра фермер хўжалиги 5 га ер майдонида
100 тн “Заргулоби” қовун қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва тайёрловчига етказиб бериш, тайёрловчи эса ушбу маҳсулотни қабул қилиш ва келишилган бозор нархи бўйича унинг ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Тайёрловчи ушбу шартномага асосан фермер хўжалигига 1 800 000 сўмлик 30 кг қовун уруғи топширган ва 7 000 000 сўм аванс маблағини ўтказиб берган.
Фермер хўжалиги томонидан 2016 йил август-сентябрь ойида қовун етиштирилган. Ушбу маҳсулотларни бозор нархида келишилган ҳолда олиб кетиш ҳақида тайёрловчига таклиф билдирилган.
Бироқ, тарафлар ўртасида қовун нархи бўйича келишувга эришилмаганлиги сабабли тайёрловчи томонидан қовун маҳсулотлари қабул қилиб олинмаган.
Шу боис фермер хўжалиги судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тайёрловчидан 43 000 000 сўм қовун маҳсулотларининг қиймати ва 10 750 000 сўм жарима ундиришни сўраган.
Даъвогарнинг важлари:
Шартнома шартларида жавобгар келишилган бозор нархи бўйича қовун маҳсулотларининг ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
“Деҳқон бозори” АЖ томонидан бозорда 1 кг қовуннинг ўртача сотилиш нархи 2016 йил 27 август ҳолатига 300 - 1 000 сўм, 2016 йил 8 сентябрь ҳолатига 300 - 800 сўмни ташкил этиши маълум қилинган.
Даъвогар 2016 йил 25 август ва 2016 йил 7 сентябрда жавобгарга ёзма равишда мурожаат этиб, шартнома бўйича 5 гектар ер майдонида “Заргулоби” қовуни етиштирганлигини, қовун маҳсулотини 1 кг ўртача бозор нархида 500 сўмдан сотишга розилигини билдирган.
Аммо жавобгар, ушбу мурожаатларга жавобан етиштирилган маҳсулотларни энг кам бозор нархида, яъни 300 сўмдан сотиб олишга розилигини маълум қилган ва бу нархга даъвогар рози бўлмаганлиги сабабли жавобгар етиштирилган маҳсулотни олиб кетмаган. Натижада, қовун маҳсулотлари нобуд бўлган.
Шартноманинг 5.1-бандида маҳсулотни мазкур шартномада белгиланган ассортименти, турлари, муддатларида қабул қилиниши асоссиз рад этилган ҳар бир ҳолатда тайёрловчи (жавобгар) хўжаликка (даъвогарга) қабул қилинмаган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланган.
Шунингдек, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 31-моддаси, Фуқаролик кодексининг 448 ва 467-моддаларида тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилиб олишни таъминламаган тақдирда етиштирувчига қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматини тўлаш лозимлиги белгиланган.
Шу сабабли, даъвогар контрактация шартномаси бўйича 43 000 000 сўмлик қовун маҳсулотларини етиштирганлиги, жавобгар ушбу маҳсулотларни олиб кетмаганлиги сабабли у маҳсулотнинг қиймати ва 10 750 000 (43 000 000 х 25 %) сўм жаримани тўлаб бериши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |