5-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш
22. Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг қўшимча даромадларининг бир қисми, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
23. Агентлик бошқарув ходимларига нисбатан Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.
Агентлик директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
24. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан, мукофотлардан, қўшимча тўловлар ва устамалардан, рағбатлантирувчи тўловлардан, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча моддий рағбатлантиришлардан ташкил топади.
25. Агентлик ходимларига транспорт ва овқатланиш харажатлари учун ҳар ойлик тўловлар ҳамда байрам муносабати билан тўланадиган мукофот пуллари, шунингдек, юқори малакали ходимлар учун устамалар белгилаш Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Жамғарманинг қўшимча даромадлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.
Агентлик ходимларига транспорт ва овқатланиш харажатлари, байрам муносабати билан тўланадиган мукофот пуллари ҳамда юқори малакали ходимлар учун устамалар бериш тартиби Агентлик буйруғи билан тасдиқланади.
26. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офисларининг жорий таъминоти ва фаолияти, шунингдек, ходимларига кўп йиллик хизматлари учун тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офисларининг ходимларига нисбатан Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.
Агентлик директори Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офисларининг юқори малакали ходимларига Жамғарманинг қўшимча даромадлари ҳисобидан устамалар ажратиш ҳуқуқига эга.
27. Агентликка жами 18 та, шу жумладан марказий аппаратига 3 та хизмат ва 1 та навбатчи ҳамда Агентликнинг ваколатли офисларига 14 та енгил автотранспорт воситасини харид қилиш ва сақлашга республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан лимит ажратилади.
Зарур ҳолларда, Агентликнинг қўшимча енгил автотранспорт воситаларини харид қилиш ва сақлаш харажатлари ўрнатилган тартибда Жамғарманинг қўшимча даромадлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |