9-модда. Давлат инспекциясининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари
Давлат инспекцияси:
мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёни сифати устидан назоратни ва мониторингни амалга оширади;
мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказади;
давлат мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини аттестациядан ўтказади;
мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларига малака тоифалари берилишини ташкил этади;
нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мактабгача таълим ва тарбия соҳасида лицензиялар беради.
Давлат инспекцияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:
мактабгача таълим ва тарбия соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайди;
мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
ўз ваколатлари доирасида мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади ҳамда уларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
давлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади;
мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятига услубий жиҳатдан раҳбарликни амалга оширади;
мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастурини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
илғор педагогик технологияларни ўрганади, умумлаштиради ва таълим-тарбия жараёнига жорий этади;
давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўқув-услубий, дидактик материаллар, бадиий адабиётлар, ривожлантирадиган ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминланишини, шунингдек уларнинг моддий-техника базаси жиҳозланишини ҳамда мустаҳкамланишини ташкил этади;
LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентябрдаги 746-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим муассасалари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш ва экспертизадан ўтказиш, уларни нашр қилиш тартиби тўғрисида низом, Мактабгача таълим муассасаларини ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари (17.03.2018 й., рўйхат рақами 2986).
давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг малакасига доир талабларни белгилайди;
мактабгача таълим ва тарбия соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;
мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги статистика маълумотларининг ҳисоби юритилишини ҳамда таҳлил қилинишини таъминлайди;
давлат мактабгача таълим ташкилоти кузатув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;
мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги илмий-тадқиқот ҳамда илмий-услубий фаолиятни амалга оширади ва мувофиқлаштиради;
боланинг қонуний вакилларига услубий, маслаҳат ёрдами ва бошқа ёрдам кўрсатади;
мактабгача таълим ва тарбия тизимига инвестициялар ҳамда грантларни жалб этиш чораларини кўради, чет эл инвестициялари иштирокидаги амалдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |