Мормонлар. Мазкур оқимга 1830 йили Нью-Йорк (АҚШ) шаҳрида Жозеф Смит (1805-1844) исмли шахс томонидан асос солинган.
Смит 1823 йилда Вермонт шаҳридаги Шерон ўрмонида камбағал ва бечора тарафдорларига Морони номли бир фариштанинг ўзига ваҳий олиб келганини даъво қилади. Унга кўра Морони, Смитга Нью-Йоркдаги Кумора тепалигига кўмилган, қадимги Миср тилида ёзилган олтин лавҳлар ва уларни таржима қилиш учун Урим ва Тҳуммин тошларини келтириб берган.
Жозеф Смит матнларни ўқигани ва фаришта ёрдамида таржима қилганини эълон қилади ва уни нашр эттиради. Шундай қилиб, 1830 йилда “Мормон китоби” босиб чиқарилган. Китобдаги буйруққа биноан янги бир черков қурилган. Бу черков, “Исо Масиҳнинг Охирги Кун Азизлари черкови” деб номланган. Унинг тарафдорлари эса шундан сўнг “Мормонлар” дейила бошланган.
Мормонлар эътиқодига кўра, америкаликлар исроил қабилаларидан келиб чиққан ва қизил оқ танлилардан ташкил топган. Исо тирилганидан кейин оқ танлилар орасида фаолият олиб борган, лекин унинг черкови қизил танлилар томонидан вайрон қилинган. Охирги оқ танлилар XV асрда яшаган Мормон билан унинг ўғли Моронидир. Лавҳларни ана ўшалар кўмган ва уларни Смит топиб олган.
Смит 1831 йилда янги Қуддуснинг Киртландда (Огайо шатати, АҚШ) қурилишига доир ваҳий олганини айтган. Тарафдорлар сонини орттириш мақсадида мормонлар фаол равишда миссионерлик билан шуғулланганлар.
Сиқувга олинган Мормонлар, Киртландни ташлаб Миссурига; у ерда ҳам айни ҳолга дуч келгач эса Иллиноисга кўчишга мажбур бўлишади. 1840 йилда ботқоқзор ўрнида Наву шаҳрини қуриб ўз марказларини шу ерда ташкил этадилар.
Омадли кечган бир-икки йилдан кейин Смит “Мормон китоби”да акси ёзилган бўлишига қарамасдан, янги бир “ваҳий”га асосланиб, кўпхотинлиликни тарғиб қилган ва ўзи бу ишни бошлаб берган. Унинг бу фикрига жиддий қаршиликлар бўлган, натижада Смит укаси ва тарафорлари билан қамоқхонага ташланган. Қисқа бир муддатдан кейин улар маҳбуслар томонидан ўлдирилган.
Смитдан кейин мормонларга Брижман Янг бошчилик қилди. У ўлими ортидан 178 та хотин ва 49 та болани қолдириб кетди. Мормонлар Ютада “Буюк туз кўли” қирғоғида, “Туз кўли шаҳри” ҳозирги Солт Лейк Сити шаҳрини қурганлар. Улар бу ерда жуда ҳам кучайиб кетганлар ва улкан мормон ибодатхонасини барпо этишган.
“Исо Масиҳнинг охирги кун азизлари” сифатида ўзларига баҳо берувчи мормонларнинг эътиқод асослари Ж.Смит томонидан тартибга солинган. Черков бошлиғи “раис” деб номланади.
Мормонлар Ота-Худо, Исо Масиҳ ва Муқаддас Руҳ билан боғлиқ эътиқодни тан оладилар. Уларга кўра, Инжил Худонинг сўзидир, уни, хато қилмаслик шарти билан таржима қилиш мумкин. Мормон китоби ҳам Худонинг сўзидир. Исо Масиҳнинг қайта тирилиш жойи Америка қитъасидир. Янги Қуддус Америкада қурилади; шахсан Исонинг ўзи уни бошқаради, дунё янгиланади ва худди жаннатдек кўриниш олади. Исо минг йиллик салтанат қуради ва унга имон келтирганлар, ёрдамчи бўлган (мормон) лар нажот топадилар.
Улар чўқинтиришда сувга бўктириш усулини қабул қилганлар. Улуғликда олдинга силжишни ва ҳатто, илоҳийликкача юксалишни эътироф қиладилар. Эътиқод асослари орасида жой олган кўп хотинга уйланиш 1895 йилда В.Вудрафт томонидан бекор қилинган. Причашение яъни “Покланиш” маросими, сигарет ва ароқ ҳаром бўлгани сабабли фақатгина нон ва сув билан амалга оширилади.
Мормонлар миссионерлик фаолиятини олиб борадилар ва ушбу фаолият бутун дунёга тарқалганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Мормонлар наздида ҳар бир аъзо икки йил миссонерлик қилиши керак. Миссионерлик фаолияти бугунги кунда 4000 дан ортиқ аёл ва эркак мормон томонидан олиб борилмоқда. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади ва улар ўз ҳаётларини миссионерлик учун бағишлаган.
Бугунги кунда мормонлар дунёнинг 160 мамлакатида фаолият олиб бориб, тахминан 30 минг черков ва 12 миллион издошларига эга. Расмий христианлик мормонларни “адашган оқим” сифатида эътироф этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |