Англикан черкови Англиянинг давлат черкови 1534 йилда маҳаллий католик черкови Буюк Британия қироли Генрих VIII ни черков бошлиғи деб эълон қилди, яъни черков қирол ҳокимиятига бўйсундирилди. XVI аср ўрталарига келиб ибодатни инглиз тилида олиб бориш жорий этилди. Англикан диний таълимоти “Умумий ибодатлар китоби”да акс эттирилган.
Англикан черковида католицизмдаги маросимлар шундайлигича қабул қилиниб, ундаги Иерархия тузумига ўхшаш тартиб жорий этилган. Англикан черкови таркибига 3 черков киради. Улар католицизмга яқин турадиган олий черков, пуританизмга ва пиетизмга яқин қуйи черков, христиан оқимларининг барчасини бирлаштиришга интилувчи ҳукмрон оқим – кенг черков. Англикан черковидан расман ажралган черковлар Шотландия, Уэльс, Ирландия, АҚШ, Канада, Австралия каби жами 16 мамлакатда тарқалган. 1867 йилдан Англикан черкови ўз мустақиллигини сақлаган ҳолда Англикан черковлар иттифоқига бирлашган. Ламбет конференциялари Англикан черковида консультатив орган ҳисобланади.
Баптистлик (Баптизм). Протестант таълимотининг энг кўп сонли давомчилари баптистлардир. Баптизм (юнон. сувга бўктириш) XVII аср бошларида вужудга келган бўлиб, ҳозирги кунда дунёнинг 130 мамлакатида ўз тарафдорларига эга. Бу таълимот тарафдорлари фақат ўспиринларнигина чўқинтиришга олиб борадилар. “Ҳеч ким, жумладан, ота-оналар ҳам киши учун бирор динни танлай олмайди. Киши динни онгли равишда ўзи ихтиёр қилмоғи зарур” деган тамойил баптистларнинг асосий қоидасидир. Уларда ибодат ўта соддалаштирилган бўлиб, диний қўшиқ, ибодат ва мавъизадан иборат. Улар тўртта сирли маросимни сақлаб қолишган: чўқинтириш (ўспиринлар учун), нон ва вино ейиш, никоҳ, руҳонийликка қабул қилиш.
Адвентистлар (лот. келиш, воқе бўлиш) протестантликдаги йўналишлардан бири бўлиб, унга XIX асрнинг биринчи ярмида АҚШда Уильям Миллер (1772-1849) асос солган.
“Библия”ни ўрганиб, “охирзамон”нинг яқинлашаётгани ҳамда Исо Масиҳнинг минг йиллик ҳукмронлик даври бошланиши ҳақидаги фикрга келган У.Миллер 1831 йилда Исонинг 1843 йилда қайтиши ҳақида катта ваъз қилди. Бу ваъз ҳатто Европада ҳам акс-садо берди. 1843 йил кириб келганида эса У.Миллер ўз хулосасини бироз ўзгартириб Исонинг қайтиш муддатини 1844 йилга кўчирди. Масиҳ тушиши керак бўлган ой ва кунни, ҳатто жойини – Нью-Йорк штатидаги тоғни ҳам аниқ кўрсатди. Белгиланган кунда Миллер издошлари оқ кийимларга ўраниб “қиёмат тоғи”да жойлашдилар. Узоқ кутишдан сўнг “пайғамбар” издошларининг сони камая бошлади, лекин кўплар унга содиқ қолдилар. Исонинг 1843 йили келмаганининг сабаби эса ўша йили Исо ерга эмас, балки “осмондаги покланиш жойи” (чистилище) ни тозалаш учун келган, деб талқин қилинди.
1845 йилда У.Миллер ва унинг издошлари баптистлар сафидан четлаштирилганларидан сўнг ўзларининг “адвентистлар” деб аталган ташкилотини туздилар.
Адвентистлар таълимоти Исо Масиҳнинг иккинчи маротаба қайтиши ғоясига асосланади. Унга кўра иккинчи қайтиш даврида фақатгина тақводорлар (биринчи тирилиш) тириладилар ва Худо билан осмонда 1000 йил бўладилар. Бу давр мобайнида ерда инсонлар бўлмайди, улар томонидан яратилган жамики нарса вайрон бўлиб, йўқ бўлиб кетади. Шайтон кишанланади ва унинг жазоси вайронага айланган ерда бўлади. 1000 йилдан сўнг Исо учинчи бор ерга қайтади, шунда жин, алвасти ва шу кабилар тириладилар (иккинчи тирилиш). Шайтон эса халқларни йўлдан оздириб, уларни Исога қарши охирги жангга тўплаш учун вақтинча озодликка чиқади. Лекин осмон олови уларни кулга айлантиради. Шайтон ва инсу-жинслар абадий йўқ қилинадилар - бу улар учун иккинчи ўлимдир. Олов билан тозаланган Ер янгиланади ва уни тақводорлар эгаллайдилар. Қуддус қайта тикланади ва одамлар абадий роҳатда бахтли ҳаёт кечирадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |