ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎРГАНИШНИ ОММАЛАШТИРИШ АГЕНТЛИГИНИНГ
МАТБУОТ ХАБАРИ
Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатишни оммалаштириш ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилган Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар кўлами кундан кунга ортиб бормоқда.
Агентлик фаолиятига бир йил тўлиши муносабати билан шу давр мобайнида амалга оширилган ишлар буйича 2022-йил 18-апрел куни соат 10:00 да Агентлик биносида эришилган ютуқ ва эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар хусусида йил сарҳисоби бўлиб ўтди.
Жумладан, белгиланган вазифалар доирасида хорижий фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш ва замонавий билимларга ўқитиш мақсадида ҳудудларда бепул ўқув курслари ташкил этилди ва xалқаро тан олинган сертификатларга тайёрлаш максадида курслар йўлга куйилиб, юртимизда илк бора синов олди имтиҳонлари бўлиб ўтди. Шунингдек, тил билиш сертификатларининг белгиланган даражасига эга ўқитувчиларнинг иш ҳақларига устамалар белгиланди.
Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчиларига Давлат бюджетидан замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиши учун 1 млн сўмдан маблағлар ажратилди.
Жорий йилдан хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактабларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" кўрик-танлови ташкил этилди.
Агентлик томонидан MM Publications нашриётининг чет тилини чуқур ўргатишга йўналтирилган 17 тонна замонавий дарсликлари болалар боғчаларига тақдим этилди.
Бундан ташкари, Knowledge care "Илм сари ғамхўрлик" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар болалар онкология шифохонасида ҳар пайшанба кунлари хорижий тил дарслари ўтказилмоқда.
Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш ва хорижий тилларни пухта ўзлаштиришга қаратилган “Smart Readers” мусобақаси ташкил этилди.
Педагогларнинг били ва малакаларини оширишга туртки бўлиш мақсадида "Энг яхши чет тили фани ўқитувчиси" кўрик-танловини ташкил этилди ва танлов ғолибларига хорижда малака ошириш имконини берувчи сертификатлар тақдим этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 34-сонли қарорига асосан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 6 та филологик йўналишда: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети; Самарқанд давлат чет тиллари институти; Тошкент давлат шарқшунослик университети; Тошкент давлат педагогика университети; Қўқон давлат педагогика институти; Нукус давлат педагогика институти каби олий таълим муассасаларига кириш учун 4 та тил кўникмалари бўйича ижодий имтиҳон топшириш белгиланган.
Агентлик томонидан дунёнинг қатор нуфузли ташкилотлари ва университетлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди ва бунинг натижаси ўлароқ таълим муаассаларида чет тилларини самарали ўқитиш учун Language Learning Lab лойиҳаси амалга оширилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |