Bog'liq ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҚАРОРИ
3-боб. Аттестациядан ўтказиш, сертификатлар бериш ҳамда таълим олганлик тўғрисидаги маълумотларга қўйилган талабларни белгилаш
27. Аттестация икки босқичда ўтказилади:
биринчи босқичда – аттестациядан ўтувчиларнинг мутахассислиги бўйича малака синови натижалари, психологик маҳорати ва меҳнати самарадорлиги ўрганилади ҳамда тегишли тавсиялар тайёрланади;
иккинчи босқичда – аттестация комиссиялари томонидан психологик хизмат ходимларининг хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологияларини билиши ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади ва берилган саволлар ва жавоблар махсус (саҳифаланган, тикилган ва муҳрланган) дафтарда қайд этилади.
28. Аттестация қуйидаги баҳолаш мезонлари бўйича ўтказилади:
а) психологик малакаси – дарсларни психологик томондан таҳлил қилиш, очиқ машғулотлар ўтганлик, психологик хизматни ташкил этиш воситалари ҳамда шаклларини мақбул равишда танлаш, тавсия этилган илғор психологик услуб ва технологияларни қўллай олиш;
б) меҳнати самарадорлиги – таълим олувчилар ва аттестациядан ўтувчининг туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро кўрик-танловлар, фан олимпиадалари ва турли мусобақалардаги иштироки, мазкур тадбирларга ўқувчиларни психологик тайёрлашда қўшган ҳиссаси ҳамда ўз йўналиши бўйича эришган ютуқлари;
в) мутахассислиги бўйича малака синовлари – дипломида кўрсатилган таълим йўналишлари, мутахассислиги ёки ихтисосликлари бўйича ўтказиладиган тест синови натижалари;
г) хорижий тиллар, ахборот-коммуникация технологияларини билиши ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларини аниқлаш юзасидан ўтказилган суҳбат якунлари.
29. Психологик хизмат ходимларининг аттестация натижалари мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ психологик хизмат ходимларининг аттестация натижаларини баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.
30. Биринчи ва олий малака тоифали мазкур малака тоифаларига талабгор психологик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Аттестациядан ўтказганлик учун йиғим Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига ўтказилади.
Ариза берувчи берилган аризадан воз кечган тақдирда ҳамда психологик хизмат ходимига нисбатан “Аттестациядан ўтмади, тегишли малака тоифаси туширилсин”қарори қабул қилинганда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
Психологик хизмат ходимлари аттестациянинг бирор босқичида узрли сабабга (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органи ёки таълим муассасалари раҳбарлари маълумотномаси) кўра қатнашмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилган тақдирда йиғим суммаси такроран ундирилмайди.
31. Биринчи ва олий малака тоифадаги ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор психологик хизмат ходимлари учун тест материаллари мазмунини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Биринчи ва олий малака тоифадаги ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор психологик хизмат ходимлари учун тест материалларини нашр этиш ва мазкур жараённи ўтказиш Давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.
32. Иккинчи малака тоифасига даъвогар психологик хизмат ходимларининг тест синовларини ўтказиш тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.
33. Аттестация комиссияси психологик хизмат ходимларининг психологик малакаси, меҳнати самарадорлиги ҳамда мутахассислиги бўйича малака синови натижаларини таҳлил қилади, хорижий тиллар, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини билиши ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказади
ва тегишли қарор қабул қилади.
34. Аттестация комиссияси аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган йиғилиш ваколатли ҳисобланади.
35. Аттестация комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
а) олий малака тоифадаги психологик хизмат ходими баҳолаш мезонларининг ҳар биридан:
75 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтди, олий малака тоифаси сақлансин”;
75 фоиздан паст кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтмади, биринчи малака тоифасига туширилсин”;
б) биринчи малака тоифадаги психологик хизмат ходими баҳолаш мезонларининг ҳар биридан:
75 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтди, олий малака тоифаси берилсин”;
75 фоиздан 65 фоизгача кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтди, биринчи малака тоифаси сақлансин”;
65 фоиздан кам кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтмади, иккинчи малака тоифасига туширилсин”;
в) иккинчи малака тоифадаги психологик хизмат ходими баҳолаш мезонларининг ҳар биридан:
65 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтди, биринчи малака тоифаси берилсин”;
65 фоиздан 60 фоизгача кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтди, иккинчи малака тоифаси сақлансин”;
60 фоиздан кам кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтмади, мутахассис малакатоифасига туширилсин”;
г) мутахассисмалака тоифасидаги психологик хизмат ходимибаҳолаш мезонларининг ҳар биридан:
60 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтди, иккинчи малака тоифаси берилсин”;
60 фоиздан 55 фоизгача кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтди, мутахассисмалака тоифаси сақлансин”;
55 фоиздан кам кўрсаткичга эга бўлса –“Аттестациядан ўтмади, мутахассисмалака тоифасига мувофиқ эмас”.
36. Аттестация комиссияси мутахассис малака тоифасига эга бўлган психологик хизмат ходими бўйича “Аттестациядан ўтмади, мутахассис малака тоифасига мувофиқ эмас” қарорини қабул қилса, улар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилади ҳамда кейинги йилда қайта аттестацияга жалб этилади.
Аттестация комиссияси қайта аттестацияга жалб этилган психологик хизмат ходими бўйича “Аттестациядан ўтмади, мутахассис малака тоифасига мувофиқ эмас” қарорини қабул қилса, иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.
37. Баҳолаш мезонлари бўйича ўртача кўрсаткич чиқарилмайди ҳамда баҳолаш мезонларининг бирортаси бўйича белгиланган кўрсаткичдан паст баҳоланса “аттестациядан ўтмади” деган қарор қабул қилинади.
38. Психологик хизмат ходимлари аттестациянинг бирор босқичида узрли сабабга (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органи ёки таълим муассасалари раҳбарлари маълумотномаси) кўра келмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади.
39. Психологик хизмат ходими узрсиз сабабга кўра аттестациянинг бирор босқичида иштирок этмаган бўлса аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ҳамда унга нисбатан мутаносиб равишда “Аттестациядан ўтмади, тегишли малака тоифаси туширилсин” ёки “Аттестациядан ўтмади, мутахассис малака тоифасига мувофиқ эмас” қарори қабул қилинади.
40. Аттестация комиссияси қарори ушбу Низомга3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ҳамда комиссия раиси, раис ўринбосари
ва котиб томонидан имзоланади.
41. Аттестация комиссияси қарори асосида ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги аттестация варақаси расмийлаштирилади ҳамда аттестация комиссияси раиси, раис ўринбосари, йиғилишда иштирок этган аъзолар ва котиб томонидан имзоланади.
Аттестация варақаси икки нусхада тўлдирилади ва бир нусхаси психологик хизмат ходимининг иш жойидаги шахсий ҳужжатлари йиғмажилдида, иккинчи нусхаси аттестация комиссиясида сақланади.
42. Психологик хизмат ходимларининг аттестациясига оид ҳужжатларининг тўпланган йиғмажилди навбатдаги аттестациягача таълим муассасасида сақланади.
43. Аттестация комиссиясининг қарорига кўра иккинчи, биринчи
ва олий малака тоифасига эга бўлган психологик хизмат ходимларига ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклдаги психологик хизмат ходимларининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда сертификат деб юритилади) аттестация ўтказилганидан сўнг бир ой муддат ичида топширилади.
Сертификатларнинг хатосиз тўлдирилиши учун аттестация комиссияси раислари масъул ҳисобланади.
44. Сертификат қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланиб, унда ҳисоб серияси, рақами ва ҳимоя даражаси бўлади. Сертификат бланкалари Давлат инспекцияси буюртмаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Давлат белгиси” давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси босмахонасида тайёрланади.
45. Давлат инспекцияси бошлиғи, халқ таълими бошқармалари
ва тегишли олий таълим муассасалари ректорлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ва таълим муассасалари раҳбарлари сертификатларнинг ҳисоби, сақланиши ҳамда мақсадли ишлатилиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади.
46. Аттестация комиссиялари сертификатларнинг психологик хизмат ходимларига тарқатилишини рўйхатга олиш учун махсус дафтар (саҳифаланган, тикилган ва муҳрланган) юритади ва унда қуйидагиларни қайд этади:
тартиб рақами;
психологик хизмат ходимларининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
сертификатнинг серияси ватартиб рақами;
сертификат берилишига асос бўлган комиссия қарорининг санаси
ва тартиб рақами;
сертификатни берган комиссиянинг номи;
сертификатнинг амал қилиш муддати;
сертификат нусхаси (дубликати)нинг берилиши асоси ва санаси.
47. Психологик хизмат ходимларининг базавий тариф ставкалари миқдори, уларнинг малака тоифаси сертификат асосида белгиланади.
48. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган психологик хизмат ходимларига мутахассис малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади.
Ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътилида бўлган психологик хизмат ходимларига иш фаолиятига қайтганида таътилга чиқиш санасига қадар амалда бўлган малака тоифаси бўйича бир йил давомида ҳақ тўланади.
49. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугаб, мутахассис малака тоифаси бўйича ҳақ тўланаётган психологик хизмат ходимлари навбатдаги аттестацияга охирги сертификатида кўрсатилган малака тоифаси бўйича жалб қилинади.
50. Сертификатларни ҳисобга олиш, сақлаш ва топшириш Давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.
51. Аттестациядан ўтганлиги тўғрисида сертификатга эга бўлмаган ишга янги қабул қилинган психологик хизмат ходимларига ёхуд олий таълим муассасаларини битириб биринчи бор ишга кирган психологик хизмат ходимларига қуйидаги тартибда малака тоифаси берилади:
бакалавр даражасига – мутахассис малака тоифаси;
магистр даражасига эга, шунингдек олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотли психологик хизмат ходимларига – иккинчи малака тоифаси (мазкур малака тоифаси аттестация натижасига кўра ўзгариши мумкин);
фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасига эга бўлган психологик хизмат ходимларига – олий малака тоифаси (мазкур малака тоифаси аттестация натижасига кўра ўзгариши мумкин).