Объектив текшириш
Ҳомиладор аёлни объектив текширганда унинг тана тузилишига аҳамият бериш зарур. Дастлаб аёлнинг бўйи ўлчанади, агар бўйи 145 см дан паст бўлса, унда чаноқ тор бўлиши ва туғиш жараёнида оғир ҳолатлар рўй бериши мумкин.
Аёлнинг скелет суякларидаги нуқсонларга: оёғининг қийшиқ ёки биттасининг калталиги, орқа умуртқанинг қийшиқлиги, шакли, кўкрак қафасининг ичига ботгани, бел-думғаза Михаэлс ромби шаклидаги нуқсонларга аҳамият бериш лозим. Шунда ҳомиладорлик ва туғишнинг қандай кечиш ҳақида фикр юритиш мумкин.
Бел-думғаза ромбини аниқлаш учун ҳомиладор аёлни тик турғазиб, чаноқнинг орқа юзаси кўздан кечирилади. Агар ромб тўртбурчак шаклида бўлса, бу нуқсонсиз (мукаммал) чаноқ ҳисобланади.
Аёлнинг тана юзаси (териси) тозами, тошмалар йўқми, юзида, юқори лаби остида, сут бези сўрғичи атрофида, қорин деворининг оқ чизиғи соҳасида қорамтир доғлар бор-йўқлигини текшириш керак. Сут безларининг тўлишган, тўлишмагани ҳам кўрилади. Бу белгилар ҳомиладорликка хос ва аёлнинг бўйида бўлганига тахмин қилса бўлади.
Ҳомиладор аёллар ички органларини текшириш усули ҳамма ерда бир хил қабул қилинган. Бунда ҳарорат ўлчанади, томир уриши саналади, қон босими аниқланади, тери ва кўз оқи ва кўринадиган шиллиқ қаватлари (лаб, оғиз, тил) кўздан кечирилади ва ҳоказо.
Ҳомиладорлик даврида организмда жиддий ўзгаришлар рўй беришини назарда тутиб, ички органларни текшириш жуда ҳам зарурдир. Бу ўзгаришлар юрак, буйрак, ўпка ва бошқа органлар касалликларига ёмон таъсир қилиши мумкин. Ҳомиладор аёлдаги касалликларни ўз вақтида аниқлаш керак, шунда аёлнинг бўйида бўлиш-бўлмаслиги ва ҳомиладор бўлса, уни давом эттириш мумкин ёки мумкин эмаслиги аниқланади. Айниқса, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида қон ва сийдикни, қон босимини мунтазам равишда текшириш тана вазнини ўлчаб туриш зарур.
Қоринни кўздан кечирганда у тик турган овал шаклда бўлса, ҳомиланинг тўғри ётганини, кўндаланг ёки қийшиқ турса, ҳомиланинг кўндаланг ёки қийшиқ ётганини, юмалоқ шар шаклида бўлса, эгизак бола ёки қоғаноқ суви кўплигини, қорин осилган ёки туртиб чиққан (ўткир учли) бўлса, чаноқнинг торлигини кўрсатади.
Агар юзда ва оёқларда шиш бўлса, бунинг сабабини аниқлаш зарур. Бу ҳолат ҳомиладорликдаги гипертензив ҳолатларда, юрак ва буйрак касалликларида кузатилади. агар тери ва кўринадиган шиллиқ қаватлар рангсиз бўлса, қамқонликдан, лаб ва тирноқ кўкарган бўлса, кислород етишмаслиги (юрак касаллигидан) дарак беради. Бундан ташқари, сут безларининг яхши ривожланмаганлиги, жинсий органлар соҳасида, қўлтиқ остида тукларнинг кам бўлиши ички жинсий органларнинг яхши ривожланмаганлигини билдиради.
Қоринни пайпаслаб кўриш ташқи текширишнинг асосий усулидир. Бунинг учун олдин акушер қўлини тозалаб ювиб, бир оз иситади, аёл тизза бўғимини буккан ҳолда чалқанча ётади. Кўришдан олдин қовуқ ва ичаклар бўшатилади. Пайпаслаб кўришдан олдин суяк дўмбоқлари бойламлари топилади. Булар пайпаслаб кўришда мўлжал бўлади.
Қоринни пайпаслаб кўрганда бачадон туби аниқланади, ҳомиланинг бачадонда ётиш ҳолатида унинг кичик чаноққа яқин турган қисми (боши, думбаси ёки кўндаланг ётиши), унинг майда қисмлари аниқланади. Иложи борича йўлдошнинг бачадон деворига ёпишган жойи аниқланади. Аппаратлар (ультратовуш, гистерограф ва бошқалар) ёрдамида эса ҳомила ва йўлдошнинг ётиши аниқроқ билинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |