5. мавзу. Клиник улим тушунчаси ва белгилари.
Терминал ҳолат - клиник ўлим – биологик ўлим
Электротравмалар, анафилактик шок, жароҳатланишлар, кучли қон йўқотиш, кома ҳолатлари, чўкиш, бўғилиш, кардиоген шок, юрак астмаси ва б.Клиник ўлим ҳаёт ва биологик ўлим ўртасидаги давр бўлиб, организмнинг қайтиши мумкин бўлган босқичидир. Юрак ва ўпка фаолиятининг тўхташидан кейин юзага келадиган организмнинг ўзига хос ҳолати клиник ўлимдир, бу бош мия пўстлоқ ҳужайраларининг кислородсиз ва озиқ моддаларсиз, яъни экстремал шароитдаги яшаш вақти ҳисобланиб, ташқи муҳит ҳароратига боғлиқ ҳолда ўртача 3—5 минут давом этади.Бу ҳолат юрак уриши ва нафас олиш тўхтаган ва тириклик аломатлари йўқолган пайтдан бошлаб организм кечираётган ва бир неча минут давом этувчи қайтувчан функционал ва структура ўзгаришлари жараёнидир. Клиник ўлим рўй бериши билан модда алмашинуви сўниб боради, ҳужайралар деструксияси бошланади.
Қон айланиши тўхтагандан кейин бош миядаги 02 заҳираси 10 сек.да, глюкоза ва АТФ заҳираси эса 5 минут давомида тугайди ва нейронларнинг ўлимига олиб келади. Шу билан бирга гипоксия ҳолати ГЕБ нинг ўтказувчанлик хусусиятини бузади, натижада бош мия ҳужайраларидан биринчи навбатда калий ионлари ташқарига чиқишга, натрий, хлор ва калций ионлари эса ичкарига киришга бошлайди. Охирида оқсиллар нейронлар ичига кириб ичкаридаги осмолярликни 5—6 мартага оширади ва бу ҳолат катта миқдордаги сувнинг ҳужайра ичига кириши ва нейроннинг шишиши билан тугайди. Агар мияда қон айланишининг тўхташи 5 минутдан ортиқ давом этса, бош мияни ўлимга олиб келади. Аммо 3—5 мин давом этувчи бош мия пўстлоғидаги ўзгаришлар қайтувчан хусусиятга эга бўлганлиги туфайли ҳам организмни тўла-тўкис тирилтириш имконияти мавжуд. Инсон организми учун клиник ўлим муддати 3—5 мин. дан ошмайди. Гипотермик шароитда, масалан, тана ҳарорати 10—8°C бўлганда, клиник ўлим муддати 2 соатгача чўзилиши мумкин. Клиник ўлим изидан вужудга келувчи биологик ўлим организмдаги тикланмас силжишлар жараёнидан иборат бўлади ва шу сабабли организмни бир бутун ҳолда тирилтириш имконияти бой берилади. Ўлиш жараёни кетма-кет келувчи босқичлар — клиник, ижтимоий ва биологик ўлим даврларига ажратилади: Организм фаолиятининг сўниб бориши даври. Бу даврда кимёвий, физик жараёнларининг чуқур издан чиқиши оқибатида функциялар намоён бўла олмайди. Бу функционал фаолиятсизлик даври бўлиб, клиник ўлим ҳолатига ўтади ва мияда қайтмас силжишлар вужудга келгунча давом этади. Биологик ўлим даври барча тўқималардаги тикланмас функционал ва структур ўзгаришлардан иборат бўлади.
Шундан келиб чиқиб реанимация сўзининг мазмун моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, қайта тирилтириш бу бош мия пўстлоқ ҳужайраларининг фаолиятини, яъни онг, эс-ҳушни қайта тиклаш дегани ҳисобланади. Бу дегани, агар ўтказилган реанимацион чора-тадбирлардан кейин бемор ҳушига келмаса, у тирилган ҳисобланмайди. Айнан бош мия пўстлоқ функциясини тиклаш бугунги кундаги реаниматологиянинг асосий мақсади ва вазифаси ҳисобланади. Шундай қилиб, реанимацион чора-тадбирлар фақат клиник ўлим ҳолатидагина, яъни 3—5 минут оралиғида самарали бўлиши мумкин. Демак, клиник ўлим бу айнан бош мия ҳужайраларининг яшаш вақти ҳисобланади. Ундан кейин биологик ўлим юзага келади, бунда бош мия, ҳаётий муҳим органлар ва тўқималарда қайтмас ўзгаришлар юзага келади. Ўтказилган реанимацион чора-тадбирлар .(25—30 мин давомида) натижасида юрак ўпка фаолиятини ҳам тиклаб бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |