II боб. Газдан хавфли ишлар
6. Газдан хавфли ишлар раҳбар ёки муҳандис-техник ходимлар рўйхатида бўлган мутахассис раҳбарлигида амалга оширилиши керак, лекин қуйидаги ишлар: пайвандламасдан улаш, алоҳида ўрнатилган газ асбоблари ва аппаратларини, алоҳида баллонли қурилмаларни ишга тушириш, диаметри 50 мм дан ошмайдиган паст босимли газ қувурларида пайвандламасдан ва газ алангаси билан кесмасдан таъмирлаш ишларини, диаметри 50 мм дан катта бўлмаган газ қувурларини демонтаж қилиш, фойдаланиш жараёнида резервуар ва баллонларни СУГ билан тўлдириш, қудуқларни кўздан кечириш, таъмирлаш ва шамоллатиш, ташқи газ қувурларини текшириш ва улардан сув ҳамда конденсатни чиқариш, буғланмаган СУГ қолдиқларини резервуар ва баллонлардан тўкиш, газ баллонли автомобилларга газ тўлдириш, шунингдек газдан фойдаланувчи агрегатларга, СУГ қурилмаларига, ГТШ, ГТП, СУГ АГТШ ускуналарига, газ асбоблари ва аппаратларига техник хизмат кўрсатиш ишлари бундан мустаснодир.
Юқорида кўрсатилган ишларга раҳбарлик қилиш юқори малакали ишчига ҳам топширилиши мумкин.
7. Газдан хавфли ишларни камида икки ишчидан иборат, улардан бири раҳбар бўлган бригада бажариши керак.
1 м дан чуқур қудуқлар, туннеллар, ҳандақ ва котлованларда, коллекторларда ва резервуарлар ичида таъмирлаш ишларини камида уч ишчидан иборат бўлган, улардан бири раҳбар бўлган бригада амалга ошириши керак.
Алоҳида (индивидуал) баллонли қурилмаларни ишга тушириш, турар жой ва жамоат бинолари, болалар ва даволаниш муассасалари, ўқув муассасалари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа коммунал-маиший объектларидаги газ ускуналарига техник хизмат кўрсатишни бир ишчи бажариши мумкин.
8. Газдан хавфли ишлар бажариш учун ушбу Намунавий йўриқноманинг 1 иловасига мувофиқ наряд-рухсатнома берилади.
9. Нарядлар бериш хуқуқига эга бўлган шахслар, газ хўжалиги корхонасининг ёки газ таъминоти тизимини ўзининг шахсий газ хизмати билан ишлатадиган корхонанинг буйруғи билан тайинланади. Бу шахслар имтиҳон топширган раҳбар ходимлар ва мутахассислар орасидан тайинланади.
10. Қоидага кўра (одатда) айнан бир хил шароитда, даврий равишда такрорланадиган, ўзгармас таркибдаги ишчилар томонидан бажариладиган газдан хавфли ишларнинг ҳар қайси тури учун тасдиқланган, ишларни хавфсиз амалга ошириш йўриқномаларига мувофиқ наряд-рухсатнома тузмасдан олиб борилиши мумкин.
Бундай ишларга 3-банд ж,з,м- хат бошларида келтирилган ишлар, турар жой ва жамоат биноларининг газ қувурлари ва газ ускуналарига газни ўчирмасдан техник хизмат кўрсатиш, беркитиш арматураси ва компенсаторларга техник хизмат кўрсатиш, темир йўл ва автомобиль цистерналаридан суюлтирилган газни қайта тўкиш, резервуарларни суюлтирилган газ билан қайта тўлдириш, технологик жараённинг ажралмас қисми саналган саноат печкалари ва агрегатларида бажариладиган ишлар киради.
Мазкур ишлар, газдан хавфли ишларни ҳисобга олиш дафтарида қайд этилиши керак. Дафтар тикилган (шнурланган), муҳр билан тасдиқланган, варақлари эса тартиб бўйича рақамланган бўлиши керак.
11. Шаҳарлар, шаҳарчаларнинг ва қишлоқ аҳоли яшайдиган жойларнинг газ тармоқлари, юқори босимли газ қувурларига газ бериш, ўрта ва юқори босимли газ қувурларини улаш, ГТМ (ГТҚ), ГТШ, СУГ АГТШ, ГТП да пайвандлаш ва газ алангаси билан кесишдан фойдаланиб, таъмирлаш ишларини бажариш, истеъмолчиларни газдан узиб қўйиш билан боғлиқ бўлган пайвандлаш ва газ алангаси билан кесиш қўлланиладиган «газ босими остида»ги ўрта ва юқори босимли газ қувурларини таъмирлаш ишлари, ўрта ва юқори босимли газ қувурларидаги газ босимини пасайтириш ва тиклаш, бутун корхонага газ берилишини ўчириш ва яна газ бериш, ГТШ, АГТШ, ГТПда резервуарларни суюлтирилган газ билан бирламчи тўлдириш ишлари, газ хўжалиги корхонасининг бош муҳандиси, агарда ушбу ишлар корхонанинг газ хизмати томонидан бажарилса, шу корхонанинг бош муҳандиси тасдиқлаган махсус режа асосида олиб борилади.
12. Ишлар режасида қуйидагилар кўрсатилади:
ишларни бажариш кетма-кетлиги;
одамларнинг жой-жойига қўйилиши;
механизм, мосламалар, зарур материал ва жиҳозларга бўлган эҳтиёж;
мазкур ишлар мумкин қадар бехатар амалга оширилишини таъминловчи чора-тадбирлар;
газдан хавфли ҳар қайси ишларнинг олиб борилиши, умумий раҳбарлик ва ишларнинг уйғунлаштирилиши учун масъул шахслар.
13. Ҳар бир масъул шахсга газдан хавфли ишларни амалга оширишга доир ишлар режасига асосан алоҳида наряд-рухсатнома берилади. Нарядда ишларни бажариш учун хавфсизликнинг асосий чоралари кўрсатилиши керак.
14. Ишлар режасига ва наряд-рухсатномага бажариладиган ишнинг хусусияти ва жойи кўрсатилган ижро чизмаси ёки ундан кўчирма нусхаси илова қилинади. Газдан хавфли ишлар бажарилишидан олдин, уларнинг амалга оширилиши учун масъул шахс ижро чизмаси ёки кўчирмасидан объектнинг жойдаги ҳақиқий жойлашувига тўғри келишини текшириши керак.
15. Одамларнинг ҳаётига тўғридан-тўғри хавф соладиган ва моддий бойликларга зиён келтирадиган аварияларни олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича ишлар наряд-рухсатномасиз бажарилади. Хавф бартараф қилингандан кейин, газ қувурлари ва газ ускуналарини техник соз ҳолатга келтириш бўйича ишлар наряд-рухсатнома асосида бажарилади.
Агар авария оқибатлари бошдан охиригача авария хизмати томонидан тугатилса, у ҳолда наряд-рухсатнома тузиш талаб қилинмайди.
16. Газдан хавфли ишларни бажариш учун керакли тайёргарлик ишларини бажариш учун наряд-рухсатнома олдиндан берилиши керак. Наряд-рухсатномада, уни амал қилиш муддати, ишларнинг бошланиш ва тугалланиш вақтлари кўрсатилиши керак. Агар ишларни белгиланган муддатларда бажариш имконияти бўлмаса, у ҳолда наряд-рухсатноманинг амал қилиш муддати уни берган шахс томонидан узайтирилиши керак.
Наряд-рухсатномалар Намунавий йўриқноманинг 2 иловасига мувофиқ махсус журналга қайд қилиниши керак.
Масъул шахс наряд-рухсатномани олиш ва иш тугагандан кейин қайта топширишда журналга имзо қўйиши шарт.
17. Наряд-рухсатномалар энг камида бир йил давомида сақланиши керак. Биринчи марта газни очиш, ишлаб турган газ қувурларни кесиб улаш, ер ости газ қувурларида пайвандлаш ёрдамида таъмирлаш ишларини олиб боришга берилган наряд-рухсатномалар мазкур объектнинг ижро-техник ҳужжатларида доимий сақланиши керак.
18. Агар наряд-рухсатнома асосида бажариладиган газдан хавфли ишлар бир кундан ортиқ муддат ичида бажариладиган бўлса, у ҳолда бу ишларни бажариш учун масъул шахс наряд-рухсатномани берган шахсга ҳар куни ишни бориши тўғрисида маълумот бериб туриши керак.
19. Хизмат сафарида бўлган ходимларга газдан хавфли ишларни бажариш учун наряд-рухсатнома бутун сафар муддатига берилади. Газдан хавфли ишларни хизмат сафаридаги ходимлар томонидан бажарилиши, шу ишларни бажараётган корхона тайинлаган шахс томонидан назорат қилинади.
20. Газдан хавфли ишларни бошлашдан олдин, уни бажариш бўйича масъул шахс ҳамма ишчиларга хавфсизликнинг зарур чоралари бўйича йўриқнома бериши керак. Шундан кейин йўриқномадан ўтган ҳар бир ишчи наряд-рухсатномага имзо қўйиши керак.
21. Газдан хавфли ишлар олиб борилаётган объектда, раҳбарлик фақат битта шахс томонидан бажарилади. Газдан хавфли ишларга раҳбарлик қилаётган шахсдан бошқа шахс ишчиларга бевосита кўрсатмалар бериши таъқиқланади.
Газдан хавфли ишларни бажариш вақтида қатнашаётган бошқа мансабдор шахслар ва раҳбар ходимлар ишчиларга кўрсатмаларни фақат иш олиб боришга раҳбар шахс орқали беришлари мумкин.
Маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда, раҳбар ходимлар газдан хавфли ишларни олиб боришда, ишларни хавфсизлигини ошириши мумкин бўлган қўшимча чора-тадбирлар кўриши керак. Қўшимча чора-тадбирлар ушбу Намунавий йўриқнома ва «Газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари» талабларига зид бўлмаслиги керак.
Газдан хавфли ишлар бажарилаётган иш жойига бегоналарни кириши қатъиян ман қилинади.
22. Газдан хавфли ишлар, одатда, кундузи бажарилиши керак. Аварияларни олдини олиш ва бартараф этиш ишлари исталган вақтда раҳбар ёки мутахассис иштирокида ва бевосита унинг раҳбарлиги остида бажарилади.
23. Янги қурилган, аммо қабул қилиш комиссияси томонидан қабул қилинмаган газ қувурлари ва газ истеъмол қилувчи объектларни, ишлаб турганларига улаш тақиқланади.
24. Комиссия қабул қилиб олган, лекин охирги синов кунидан бошлаб 6 ой мобайнида фойдаланишга туширилмаган объектларга газ беришдан олдин, электр-кимёвий ҳимоянинг ишлаши, тутун ўтказувчи ва шамоллатиш тизимларининг аҳволи, газ жиҳозлари, арматураси, ўлчаш ва автоматлаштириш воситаларининг бутлиги ва созлиги, газ қувурларининг герметик ҳолати қайтадан текшириб кўрилиши керак.
25. Янги газ қувурлари ва объектларини ишлаётган газ қувурларига улаш ишлари фақат ана шу қувур ёки объектларга газ бериш пайтида бажарилиши керак.
26. Барча газ қувурлари ва ускуналари ишлаётган газ қувурларига уланишидан олдин, шунингдек таъмирлангандан сўнг, газ улайдиган бригада томонидан ташқи кўздан кечирилиши ва назорат тариқасида синаб кўрилиши керак.
27. Назорат тариқасида синаш ҳаво ёки инерт газлари билан амалга оширилади.
28. Барча босимларга мўлжалланган ташқи газ қувурлари назорат тариқасида 0,02 МПа (2000 мм сув уст.) босим билан синаб кўрилиши керак. Босимнинг пасайиши 1 соатда 100 Па (10 мм сув уст.) дан ошмаслиги керак.
29. Саноат ва қишлоқ хўжалик корхоналари, ишлаб чиқариш тусига эга бўлган аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналари қозонхоналарининг ички газ қувурлари, шунингдек ГТМ (ГТҚ), ГТШ ва АГТШ нинг ускуналари ва газ қувурлари 0,01 МПа (1000 мм сув уст.) босим билан назорат синовидан ўтказилиши керак, бунда босимнинг пасайиши 1 соатда 100 Па (10 мм сув уст.) дан ошмаслиги керак.
30. Ишлаб чиқариш тусига эга бўлмаган аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, турар-жой ва жамоат биноларининг ички газ қувурлари ва газ ускуналари 5000 Па (500 мм сув уст.) босим билан назорат синовидан ўтказилиши керак, бунда босимнинг пасайиши 5 дақиқада 200 Па (20 мм сув уст.) дан ошмаслиги керак.
31. СУГ резервуарлари, резервуарли ва кўп баллонли қурилмаларни боғловчи газ қувурлари 1 соат давомида 0,3 МПа (3 кгк/см2) босим остида синалиши керак. Синов натижалари қониқарли ҳисобланиши учун манометр бўйича босим сезиларли даражада пасаймаслиги ва сирқимаслиги, совун эмульсияси ёрдамида аниқланиши керак.
32. Назорат синаш натижалари газдан хавфли ишларни бажариш наряд-рухсатномасига ёзилиши керак.
33. Уланадиган газ қувурларидаги ҳаво босими, уларни улаш ёки газни бериш ишлари бошлангунга қадар, сақланиб турилиши керак.
34. Агар, кўздан кечирилган ва назорат тариқасида босим билан синаб кўрилган газ қувурлари, газ билан тўлдирилмаган бўлса, у ҳолда газ бериш ишлари бошланганда, улар қайта кўздан кечирилиши ва босим билан синалиши керак.
35. Газланган муҳитда таъмирлаш ишларини бажаришда учқун чиқармайдиган рангли металлардан ясалган асбоблар ишлатилиши керак. Агар шундай асбоб бўлмаса, учқун чиқишини олдини олиш учун асбобнинг кесувчи ва урувчи қисми тавот, солидол ёки бошқа консистент мойлари билан мойланиши керак. Газланган муҳитда ишлаётганда учқун чиқарувчи электр асбобларидан фойдаланиш тақиқланади.
36. Қудуқ, резервуар ичида, ГТМ, ГТШ, ГТП ва АГТШ хоналарида газдан хавфли ишларни бажарадиган ишчи ва мутахассислар пўлат тақалари ва михлари бўлмаган пойабзалда бўлишлари керак, акс ҳолда ушбу оёқ кийим устидан калиш кийишлари ёки бўлмаса иш жойига резина гиламча (ўрама резина) ёйиш керак.
37. Газдан хавфли ишларни амалга оширишда портлашдан ҳимояланган кўчма ёритгичлардан фойдаланилади.
38. Қопқоқли қудуқлар, туннеллар, коллекторлар, техник ертўлаларда, ГТМ, ГТШ, ГТП ва АГТШ ҳудудларида ишлаётган газ қувурларини, газини ўчирмасдан ва газ қувурини инерт газ ёки ҳаво билан пуфламасдан туриб, уларда пайвандлаш ва газ алангаси билан кесиш ишларини олиб боришга рухсат этилмайди.
Газ қувурларини ўчиришда беркитиш қурилмаларидан кейин тиқинлар ўрнатилиши керак.
39. Газ қудуқларида устки қисми олиб қўйилгандан сўнггина уларда пайвандлаш, кесиш, шунингдек арматура, компенсаторлар ва ҳимояловчи фланецларни алмаштириш ишларини бажаришга рухсат этилади.
40. Қудуқ, котлован ва коллекторлар ичида пайвандлаш ёки газ билан кесиш ишларини бошлашдан аввал, ҳавонинг газланганлиги бўйича текширилиши керак. Ҳавода газнинг ҳажмий миқдори алангаланувчанлик қуйи чегарасининг 20 %идан кўп бўлмаслиги керак. Намуналар энг ёмон шамоллатиладиган жойлардан олиниши керак.
СУГ газ қувурларида пайвандлаш ишларини олиб бориш вақти мобайнида қудуқ ва котлованлар вентилятор ёки компрессор ёрдамида ҳавони ҳайдаш йўли билан шамоллатиб турилиши керак.
41. Ишлаб турган газ қувурларига янги газ қувурларини улаш ва таъмирлашда, газ алангаси билан улаш ва пайвандлаш ишларини бажаришда, газ босими 400-1500 Па (40-150 мм сув уст.) бўлиши керак. Бундай босимнинг мавжудлиги бутун ишларни бажариш мобайнида текшириб турилиши керак. Босим 400 Па (40 мм сув уст.)дан пасайганда ва 1500 Па (150 мм сув уст.) дан ортиб кетганда улаш ёки пайвандлаш ишларини тўхтатиш керак.
Ишлар бехатар ва сифатли бажарилишини таъминловчи махсус мосламалардан фойдаланилган тақдирда, газ қувурларидаги босимни пасайтирмасдан улашга рухсат этилади.
Босимни назорат қилиб туриш учун, ишлар олиб борилаётган жойга манометр ўрнатилиши ёки ана шу жойдан кўпи билан 100 м оралиқда қўйилган манометрдан фойдаланиш мумкин.
42. Ишлаётган ички газ қувурларига қўшимча ускуналар ўрнатишда, пайвандлаш ва кесиш ишлари, газ қувурларининг ўчирилган, ҳаво ёки инерт гази билан пуфланган қисмларида амалга оширилади.
43. Янги газ қувурларини ишлаётган газ қувурларига улаш ишларини амалга оширишда, ишлаётган газ қувурининг босими ўчириш қурилмалари ёки босим тартиблагичлар ёрдамида пасайтирилиши керак.
Газ қувурининг ана шу қисмида, газ босими кўтарилишининг олдини олиш мақсадида мавжуд конденсат тўплагичлардан, гидрозатворлардан фойдаланиш, зарур ҳолларда эса (улаш ишларини бошлашдан олдин) ўчириш қурилмаси бўлган ҳавога чиқарувчи қувур ўрнатилиши керак ва чиқариб ташланаётган газ имкон қадар ёқиб юборилиши керак.
44. Газ қувурини ишлаётган газ қувурига улаш усулини газ хўжалиги корхонаси ёки унинг вазифасини бажарадиган ташкилот белгилаши керак.
45. Газ қувурларини босим остидаги (ишлаётган) газ қувурига улаш ишлари газ хўжалиги корхонаси томонидан намунавий йўриқномалар асосида ишлаб чиқиладиган махсус йўриқномаларга мувофиқ олиб борилиши керак.
46. Газ қувурлари, арматуралари ва асбобларининг герметиклигини олов билан текшириш ман этилади.
47. Газдан хавфли ишлар амалга оширилаётган жойларда чекиш, бегона кишиларнинг бўлиши ва очиқ олов манбаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Иш олиб борилаётган котлован ва қудуқлар ўраб қўйилиши керак. Котлованларнинг ўлчамлари уларда ишлаш ва керакли асбоблар, материал ва ускуналарни жойлаштиришга қулай бўлиши керак. Ишлар олиб борилаётган жой яқинида огоҳлантирувчи белгилар осиб қўйилиши ёки ўрнатилиши керак.
48. Газ алангаси билан кесиш ёки пайвандлаш ишларини, ишлаб турган газ қувурларида амалга оширишда, шунингдек чўяндан ясалган газ қувурларининг кенг оғзиларидан қўрғошинни эритиб чиқаришда катта аланга ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида газ чиқадиган жойлар асбест увоқлари қўшилган шамот лой билан суваб қўйилиши керак.
49. Истеъмолчиларга борувчи тармоқларга, шунингдек алоҳида биноларга киришида ўрнатилган тиқинларни олиб ташлаш ишлари, ушбу Намунавий йўриқноманинг 27-32 бандларига мувофиқ кўздан кечирилган ва босим билан синаб кўрилгандан кейин, газни улаш ишларига раҳбарлик қилувчи шахснинг кўрсатмасига биноан амалга оширилади.
50. Агар кўздан кечириш орқали газ қувурининг бутунлиги, газ ускуналарининг созлиги текширилмаган ва назорат тариқасида босим билан синаш амалга оширилмаган бўлса, газ қувурига газ бериш ман этилади.
51. Шаҳарлардаги янги қурилган яшаш уйларининг газ қувурлари ва ускуналарига газ беришга одамлар кўчиб киргандан кейингина рухсат этилади.
Газ бериш тартиби, хавфсизликни таъминловчи ташкилий ва техникавий чора-тадбирлар «Ўзтрансгаз» АКнинг ҳудудлараро унитар корхонасидаги туман (шаҳар) бўлимлари йўриқномасида белгилаб қўйилади.
Газ ускуналари ўрнатилган хонадонларга, хонадон эгалари «Турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари» бўйича йўриқнома олгандан кейингина кўчиб киришлари мумкин.
52. Газ беришда газ қувурлари ичидаги ҳавони батамом чиқариб юборгунга қадар газ билан пуфланиши лозим. Бу ишнинг тугалланганлиги олинадиган намуналарни таҳлил қилиш ёки ёндириш йўли билан аниқланади.
Олинган намунадаги кислороднинг ҳажмий миқдори 1% дан ошмаслиги керак, газ эса осойишта, бир маромда ёниши керак.
Газ қувурларини газдан бўшатишда газ батамом сиқиб чиқарилгунга қадар ҳаво ёки инерт гази билан пуфланиши керак. Бу ишнинг тугалланиши таҳлил қилиш орқали аниқланади. Ҳайдалган ҳаводаги газнинг қолдиқ ҳажмий миқдори газнинг алангаланиш қуйи чегарасининг 20 %идан ортиқ бўлмаслиги керак.
Газ қувурларида пуфлаш ишлари олиб борилганда газ-ҳаво аралашмасини хоналар, зинапоялар ҳамда дудбуронларга, шамоллатиш каналлари ва шу кабиларга чиқариш тақиқланади. Газ қувурларида пуфлаш ишлари олиб борилаётган хоналар шамоллатиб турилиши керак.
Газ қувурларини пуфлаш жараёнида газ-ҳаво аралашмасини биноларга кириши, шунингдек қандайдир олов манбаидан аланга олиш эҳтимоли бўлмаган жойлардан чиқариб юборилиши керак.
53. Биноларни бузиш, газ ускуналарини демонтаж қилишда газ қувурларининг ўчириладиган қисмлари кесилиши, газдан бўшатилиши ва пайвандлаб беркитилиши керак.
54. Газланган қудуқлар, коллекторлар ва хоналарда, шунингдек хоналардан ташқарида газланган муҳитда таъмирлаш ишлари, очиқ оловдан фойдаланмасдан (пайвандламасдан, газ алангаси билан кесмасдан) олиб борилиши керак.
55. Қозонлар ёки бошқа газлаштирилган агрегатлар ичини кўздан кечириш ва таъмирлаш вақтида, улар газ қувуридан тиқинлар ёрдамида ўчирилиши керак.
Қозон ёки агрегатнинг ўтхонаси ичида ишлашга, улар шамоллатилганидан ва газланганлиги текширилгандан сўнггина рухсат этилади.
56. Махсус мосламалар (скоба, нишаб тушиш жойлари) бўлмаган ҳолда қудуқ, котлован ва шунга ўхшаш жойларга тушириш ва кўтариш учун иш жойига металл нарвон ўрнатилади. Нарвон етарли даражада узунликка эга бўлиши керак, қудуқ, котлован, люк, резервуар ва бошқа жойларга қўйилганда унинг мувозанатини сақлаш учун, қотириб туриш мосламалари бўлмоғи шарт.
Тор ва усти (тўла ёки қисман) ёпиқ котлованлар, траншеялар, қудуқлар, галереяларда газдан хавфли ишлар олиб борилиши мумкин эмас.
Кўрсатилган жойларда газдан хавфли ишлар олиб борилиши фақатгина доимий сўрма вентиляция ишлаб турганда рухсат берилади.
Юқорида кўрсатилган иншоотлардаги ишлаб турган газ ўтказгичларда ёпгич олингандан сўнг пайвандлаш ишларига рухсат берилади.
57. Газ қувури узиб қўйилмаган қудуқ ва котлованлар ичида бир вақтнинг ўзида кўпи билан икки киши бўлишига рухсат этилади, бунда улар қутқарув камари тақиб иш олиб боришлари керак, газ чиқиш эҳтимоли бўлганда эса противогаз кийиб ишлашлари керак.
Ер устида шамолга рўпара томонда, шунингдек резервуар туйнугининг олдида икки киши туриб, ана шу иншоотлар ичидаги ишчиларнинг қутқарув камарларига боғланган арқонларнинг бўш учларини ушлаб туришлари, уларни ҳамда шлангли противогазларнинг ҳаво олиш патрубкаларини доим кузатиб туришлари, иш жойига бегона одамларни яқинлаштирмасликлари керак.
58. Ташқи ва ички газ қувурларига ўрнатилган ускуналар (арматуралар, фильтрлар, ҳисоблагичлар ва б.)ни очиш ва алмаштириш ишлари газ қувурининг узиб қўйилган қисмида амалга оширилмоғи керак. Узиб қўювчи қурилмаларга тиқинлар ўрнатилиши керак.
59. Газ қувурларига ўрнатиладиган тиқинлар газ қувуридаги энг юқори босимга мос келиши керак. Уларда фланецлардан ташқарига чиқиб турувчи орқа қисми бўлиши даркор. Тиқинларнинг ана шу орқа қисмида газнинг босими ва газ қувурининг диаметри кўрсатилган тамға бўлиши керак.
60. Ўрта ва юқори босимли ташқи газ қувурларидаги беркитиш арматурасига сальник тиқиш ва конденсат тўплагичларнинг резьбали бирикмаларини қисмларга ажратишда газ босими 0,1 МПа (1 кгк/см2)дан ортиқ бўлмаслиги керак.
61. Ташқи газ қувурларидаги фланецли бирикмаларнинг қистирмаларини (прокладка) алмаштириш газ қувуридаги газ босими 400-1500 Па (40-150 мм сув уст.) бўлганда рухсат этилади.
62. Ҳар қандай босимда ишлайдиган ички газ қувурларида фланецли, резьбали бирикмалар ва арматураларни қисмларга ажратиш ишларини газ қувурининг фақат ўчирилган қисмларида амалга оширишга рухсат этилади.
63. Диаметри 50 мм гача бўлган газ қувуридаги, уй ичи газ ускуналарининг жўмраклари, зарур эҳтиёт чораларини кўрган, газ босими 3000 Па (300 мм сув уст.)дан ошмаган ҳолда мойланишга рухсат этилади.
64. Газланган хоналардаги газ қувурлари ва ускуналарида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда, ташқарида бир киши туриб, хонада ишлаётганларни, шунингдек яқин атрофда олов манбаи бўлмаслигини кузатиб туриши керак. Газланган хонанинг ташқи эшиклари ҳамиша очиқ туриши керак.
65. Ер ости газ қувурларида газ қувурини ажратиш билан боғлиқ таъмирлаш ишларини (зулфинларни алмаштириш, қистирмаларни, тиқинларни ўрнатиш-олиш ва ҳ.) бошлашдан аввал, учқун хосил бўлишини олдини олиш мақсадида мавжуд электр ҳимоя ўчириб қўйилиши, газ қувурининг ажратиладиган қисмларига (агар, кўчмас қилиб ўрнатилган сим улагичлар бўлмаса) сим улагич (перемичка) ўрнатилиши керак.
66. Газ қувурига тиқилиб қолган муз, смола, нафталин ва бошқа тиқимларни газ қувурини (металл шомпол) таёқча билан (кавлаш) титиш, эритувчи моддалар қуйиш ёки буғ ҳайдаш йўли билан бартараф этишга газ қувуридаги босим 5000 Па (500 мм сув уст.) дан ортиқ бўлмаганда, рухсат этилади. Газ қувурини иситиш учун очиқ оловдан фойдаланиш тақиқланади.
67. Газ қувурига тиқилиб қолган нарсаларни чиқариб ташлашда, газ қувуридан газ чиқишини максимал камайтириш чоралари кўрилиши керак.
Бу иш шлангли ёки кислородли-ҳимояловчи противогазлар билан бажарилиши керак. Хонага газ чиқариш таъқиқланади.
68. Газ қувурларини тозалашда, истеъмолчилар газ асбобларини ишлар тугагунча ўчириб қўйишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирилишлари керак.
69. Газ қувурига тиқилиб қолган нарсаларни олиб ташлаш учун қисмларга ажратилган резьбали ва фланецли бирикмалар, йиғилгандан сўнг герметиклиги совун эмульсияси ёки газ анализатори билан текширилиши керак.
70. Газдан хавфли ишлар олиб борилаётганда барча ишчилар бажарилаётган ишга қараб зарур бўлган махсус мослама ва ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши керак. Ишчиларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан ва уларнинг созлигини таъминланиши бўйича масъул шахс, газдан хавфли ишларга раҳбарлик қилаётган шахс ҳисобланади, 6 бандга мувофиқ, раҳбарсиз олиб борилиши мумкин бўлган ишлар олиб борилаётганда эса топшириқни берган шахс масъулдир.
Ишчиларнинг шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги ва бу воситаларнинг созлиги, газдан хавфли ишларни бажариш учун наряд-рухсатнома бериш вақтида текширилади. Иш раҳбари иш жойини ташкил қилаётганида, зарурият туғилган ҳолларда, ишчиларни хавфли ҳудудлардан тезлик билан олиб чиқиш имкониятларини таъминлаши керак.
71. Наряд-рухсатнома билан ишлайдиган ҳар бир ишчи шлангли ёки кислородли-ҳимояловчи противогазга эга бўлиши керак.
Фильтрловчи противогазларни қўллашга рухсат берилмайди. Ички газ қувурларида иш олиб бориш вақтида ходимларда (ишчиларда) противогаз мавжуд бўлиши зарурияти, шу ишларни бажариш учун бериладиган наряд-рухсатнома бўйича белгиланади.
72. Кислородли-ҳимояловчи противогазларидан фойдаланиш учун рухсатнома, иш раҳбари томонидан, тиббий кўрикдан ва шу турдаги противогазлардан фойдаланиш бўйича махсус йўриқномадан ўтган шахсларга берилади.
73. Кислородли-ҳимояловчи противогаз кийиб ишлаётган вақтда противогаз баллонидаги кислороднинг қолдиқ босими, унда ишлаётган одамнинг ишлаётган жойидан газланмаган жойга етиб боргунича таъминлашини кузатиб туриш керак.
74. Противогазда танаффуссиз ишлаш муддати 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Кислородли-ҳимояловчи противогаз кийиб ишланган вақт противогаз паспортига ёзиб қўйилиши керак.
75. Шлангли противогазларнинг ҳаво олиш патрубкалари иш пайтида газ ажралиб чиқадиган жойдан шамолга рўпара томонда жойлаштирилиши ва маҳкамлаб қўйилиши керак. Вентилятор билан мажбурий тарзда ҳаво берилиши бўлмаганда, шлангнинг узунлиги 15 м дан ошмаслиги керак. Шлангда кескин букилган жойи ва бирор нарса билан сиқилган жойи бўлмаслиги керак.
76. Траншеялар, котлованлар, қудуқларда газдан хавфли ишларни бажаришда қўлланилувчи қутқарув камарларида елкага тақиладиган қайишлар, қайишларда эса, улар кесишган жойининг орқа томонида, арқонни маҳкамлаш учун ҳалқа бўлиши керак.
Камар шундай мослаштирилиши лозимки, ҳалқа куракдан пастда жойлашмайдиган бўлиши, арқон ҳалқага ўриш орқали уланган бўлиши керак. Елкага тақиладиган қайишлари бўлмаган камарлардан фойдаланиш ман этилади.
77. Противогазларнинг герметиклиги ҳар бир газдан хавфли ишни бажаришдан олдин текшириб кўрилади. Противогаз кийилгандан кейин бурма найчасининг учи қўл билан зичлаб бекитилади. Агар шундай ҳолатда нафас олиб бўлмаса, противогаз соз бўлади, нафас олиш мумкин бўлса, противогаз фойдаланишга яроқсиз ҳисобланади.
78. Карабинлар (улаш мосламаси) учун мўлжалланган ҳалқалари бўлган қутқарув камарлари қуйидагича синалади: иккала киргичига (пряжкага) киргизиб қўйилган камар ҳалқасига 200 кг юк маҳкамланиб, осилган ҳолатда 5 дақиқа тутиб турилади. Юк олингандан кейин қутқарув камарида шикастланиш аломатлари бўлмаслиги керак.
79. Камарнинг карабинлари 200 кг юк билан синаб кўрилади. Қулфи очиқ ҳолатда карабин юк билан 5 дақиқа тутиб турилади. Юк олингандан сўнг карабиннинг бўшаган қулфи ўз ўрнига тўғри ва бемалол (эркин) қайтиши керак.
80. Қутқарув арқонлари 200 кг юк билан 15 дақиқа синалади. Юк олингандан кейин арқоннинг ўзи ва унинг айрим иплари шикастланган бўлмаслиги керак.
81. Қутқарув камарлари, камар карабинлари ва қутқарув арқонлари ҳар 6 ойда камида бир марта мутахассис ёки раҳбар бошчилигида синовдан ўтказилиши керак. Синовлар натижалари далолатнома билан ёки махсус дафтарга ёзиб бориш йўли билан расмийлаштирилади.
Камарлар, карабинлар ва арқонлар берилишидан олдин ташқи томони кўздан кечириб чиқилиши керак.
Ҳар бир камар ва арқон рўйхатга олиш (инвентар) рақамига эга бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |