Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сиздан яна бир бор илтимос қиламиз, бизнинг ушбу мурожаатимизни мазмун-моҳиятини чуқур ўрганмасдан туриб, вертикал тартибда яна тепадан пастга “футбол қилмасдан”, аксинча ҳуқуқий билимга, ҳаётий тажриба ва кўникмаларига эга, масъулиятни хис қиладиган орган раҳбарига муаммомизни ўрганиб чиқиш вазифасини юкласангиз.
СИЗДАН БИЗНИНГ МАСАЛАМИЗ ЮЗАСИДАН АДОЛАТЛИ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИНИ НАЗОРАТГА ОЛИШИНГИЗНИ ИЛТИМОС ҚИЛАМИЗ.
Сизга ҳурмат билан, Юнусобод тумани, “Бобо деҳқон” маҳалласи, “Тиллаев” кўчасида яшовчи фуқароларингиз
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
БОШ ПРОКУРОРИ
НИҒМАТИЛЛА ЙЎЛДОШЕВГА
МУРОЖААТНОМА
Ҳурматли Ниғматилла Йўлдошев! Биз, яъни Юнусобод тумани, “Бобо деҳқон” маҳалласи, “Тиллаев” кўчасида яшовчи 6 та хонадон (№1-6) эгалари Сизга қуйидаги муаммоларимиз юзасидан мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдамиз.
Биз, Халқа йўли билан кўчамиз (Тиллаев) орасидаги жами 20 сотих ер майдонида (ҳар биримиз уйларимиз рўпарасидаги 3-5 сотих ерларда) қарийб 30-40 йиллардан бери яшил ҳудуд яратган ҳолда, экин-тикин, нов-дарахтлар экиб, рўзғор тебратишга фойдаланиб келмоқдамиз.
Лекин, шу йил август-сентярбь ойларида бизга нотаниш (кейинчалик билсак “AMADO STORY SERVIS” МЧЖ номидан Бобур исмли) шахс келиб, “биз шу қарийб 20 сотих ерда кўп қаватли савдо мажмуаси қурамиз, шунинг учун ерни бўшатинглар” деб бизнинг норозиликларимизга қарамасдан, шлакоблок ғишт билан мазкур ҳудудни ўраб олишди.
Ҳурматли Ниғматилла Йўлдошев! Ҳурматли Президентимиз халқ олдидаги чиқишларида “ 2021 йилдан бошлаб, энди ерлар ҳокимлар томонидан эмас, Халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари томонидан ажратилади” деган мазмунда маърузалар қилганлар.
Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев 2021 йил 25 февраль санаси билан “AMADO STORY SERVIS” МЧЖга биз юқорида кўрсатиб ўтган манзилда 20 сотих ер майдонига савдо мажмуаси қуриш учун ер ажратиб бермоқда.
Бу тўғрида бизга бир оғиз ҳам огоҳлантириш қилмасдан, шу ердан қарийб 30-40 йилдан буён фойдаланиб келаётганлигимиз инобатга олинмасдан, қолаверса бизни одам деб ҳисобламасдан, бир томонлама қилган қарорлари бугунги кундаги Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатларига тўғри келадими? Наҳотки, биз оддий инсонларнинг шунчалик жамиятда ўрнимиз бўлмаса?
Биз, 6 та хўжаликда яшовчи 30 кишидан зиёд халқ Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевнинг қароридан қатъий норозимиз.
Мана шу масала юзасидан биз Президент порталига бир неча бор мурожаат қилиб келмоқдамиз, лекин мурожаат хатларимиз айланиб, ижро учун яна биз устидан шикоят қилаётган раҳбар қўлига келиб тушмоқда.
Ахир, қонунчиликда, устидан шикоят қилган раҳбар, қандай қилиб ўзига ўрганиш ёки текшириш ўтказиши мумкин. Янглишмасак, қонунчиликда шикоят қилган идора устидан фақат юқори турувчи орган ўрганиши белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |