Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига
Бухоро вилоят Бухоро туман, Работқалмоқ МФЙ, Шайхон қишлоғи аҳолисидан (70-уй)
Тел: +998973086692 +9989655454148
Жамоавий ариза
Ҳурматли Ш.М.Мирзиёев, Шайхон қишлоғи аҳолисининг ушбу аризани ёзишидан мақсад шуки, маълумки, ҳозирги кунда давом этаётган пандемия ва карантин интернетга бўлган талабни сезиларли оширди. Халқ таълим вазирлигининг маълум қилишича янги 2021/2022 ўқув йилида мактабларда дарс жараёни гибрид шаклида амалга оширилади. Бундай вақтда эса онлайн таълимни танлаган болаларимизнинг дарсларда қатнашиши учун барқарор интернет тезлиги талаб килинади. Қишлоғимизда барқарор ишлайдиган интернет имконияти мавжуд бўлмаганлиги боис пандемия бошланганидан бери онлайн таълим даврида бизнинг болаларимиз дарсларда фаол иштирок эта олмаяптилар ва биргина шу омил яъни интернет тезлигининг жуда пастлиги болаларимизнинг таълимига сезиларли салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Пандемия бошланганидан бери болаларимиз қаровсиз ҳолда интернет яхши ишлайдиган ҳудудларга бориб, дарсларда қатнашиб келар эди.
Қишлоғимизда ҳатто мактаб мавжуд эмас, мактаб эса қишлоғимиздан узоқ масофада жойлашган. Мактабга қатнаш учун болалар транспорт муаммосига дуч келишади. Мактабга бориш учун болалар фермер далалари оралаб пиёда бориб келишмоқда. Ундан ташқари, қишлоғимизда нодавлат болалар боғчаси ва қишлоқ врачлик пункти мавжуд. Бу икки муҳим объект ҳам интернет тармоғи билан уланмаган афсуски.
28.04.2020 йилдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4699-сонли Президент қарорига мувофиқ 2020-2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва боғчаларни, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улашни кўзда тутган ҳолда ҳудудларнинг инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имконияти таъминлаши белгилаб қўйилган. Аммо юқоридаги вазифа Президент қарори билан мустаҳкамлаб кўйилган бўлса-да, тегишли идоралар ушбу карор ижросини таъминламасдан пайсалга солиб келмоқдалар.
Қишлоқ ҳудудини симсиз интернет (WI-FI) тармоғига улаш мақсадида бир неча маротаба тегишли муассасаларига мурожаат қилдик, аммо ҳеч қандай ижобий натижа бермади. Бизга кўшни бўлган бошқа барча қишлоқ ҳудудлари интернет тармоғига уланган. Орада биргина бизни қишлоқ интернет таъминотисиз қолиб кетмоқда.
Юқорида санаб ўтилганларни ҳисобга олиб, бутун Шайхон кишлоғи куйидагиларни
Сўрайди:
Қишлоғимизни симсиз интернет (WI-FI) тармоғига улашни;
Қишлоғимиз ҳудудида мобил операторларнинг (ҳеч бўлмаганида битта оператор) юқори тезликда ишлайдиган станцияларини ўрнатиш;
Ушбу ариза ижроси таъминланишини катъий назоратга олишингизни.
50 нафар қишлоқ аҳолисидан жамоавий ариза: Имзо:
Сана: ___ август 2021 йил
Do'stlaringiz bilan baham: |