Адаптация (лот. адаптатио – мослашув) – 1) организмнинг турли яшаш шароитларига мослашиши;
2) сезги аъзоларининг ўзига таъсир этадиган қўзғатувчиларга мослашиши натижасида уларда сезгирлик даражасининг ўзгариши (мас, кўзнинг ёруғлик ёки қоронғиликка мослашуви). Қўзғатувчининг таъсир кучи ўзгариши билан сезгирлик ҳам ўзгаради. Қўзгатувчилар суст таъсир этганда сезгирлик ошади, кучли таъсир этганда еса камаяди. Адаптация ҳодисаси ҳамма ташқи сезгилар (кўриш, ешитиш, ҳид, таъм, бадан сезгиси) га хосдир. Тактил, ҳарорат, ҳид ва кўриш сезгиларида адаптация кучли, эшитиш ва оғриқ сезгиларида кучсиздир. Ички сезгилар (мас, ташналик, очлик) га нисбатан адаптация ҳосил бўлмайди. Адаптация организмнинг нормал ҳаёт фаолиятини сақлаб туришини, атроф муҳитнинг турли омиллари: температура ва иқлимнинг ўзгаришига ( Иқлимга мослашиш), баландликка ( Баландлик касаллиги), кўпгина инфексион агентларга ( Иммунитет) мосланишини таъминлайди. Адаптация реаксияси моддалар алмашинуви интенсивлигининг узлуксиз ўзгариб туришига асосланган. Одам организмининг мослашув реаксияси (адаптация реаксияси)ни тез (спетсифик) ва секин (носпетсифик), туғма (тур еволюцияси жараёнида шаклланган) ёки орттирилган (ҳар бир организм учун ўзига хос) реаксияларга бўлиш мумкин. Мас, оғритадиган омил таъсирига жавобан оёқ-қўлни тортиб олиш, жисмоний иш қилганда нафас олишнинг кучайиши, қон оқими ҳамда юрак фаолиятининг тезлашиши ва қоннинг қайта тақсимланиши, қоронғида кўз ёруғлик сезиш лаёқатининг зўрайиши – буларнинг ҳаммаси туғма тез адаптация реаксияларидир. Ҳар бир кишининг турли яшаш шароитларига мослашиш имконияти унинг ирсияти, ёши, соғлиғи ва бошқаларга боғлиқ.
10-Маъруза
ЭКОЛОГИК ХАВФСИЗЛИК ВА БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ
Экологик хавфсизликнинг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асослари
Экологик хавфсизликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари
Экологик ҳавфсизлик деганда атроф табиий муҳит ҳолатини организмларнинг ҳаёти учун эҳтиёжларига жавоб бера олиши, ёки инсонлар учун соғлом, тоза ва қулай табиий шароитга эга атроф-муҳит тушунилади. Ўзбекистондаги экологик хавфсизликка таҳдидлар 39-расмда берилган.
Экологик таҳдидлар деганда атроф-муҳит ҳолати ва инсонларнинг ҳаёт фаолиятига бевосита ёки билвосита зарар етказадиган табиий ва техноген характердаги ҳодисалар тушунилади. Экологик таҳдидларнинг маҳаллий, миллий, регионал ва глобал даражалари ажратилади.
39-расмда экологик таҳдидлар даражалари шартли ажратилган. Аҳолининг ичимлик сув билан таъминланиши, ҳавонинг ифлосланиши, чиқиндилар муаммосини мақаллий даражадаги экологик таҳдидлар қаторига ҳам киритиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасида экологик хавфсизликни таъминлаш стратегияси экология сохасидаги шахс, жамият ва давлатнинг Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлик Концепцияси ва Конституциясида белгиланган ҳаётий зарур манфаатларидан келиб чиқади(21).
Шахснинг ҳаётий зарур манфаатларига:
- инсоннинг ҳаёт фаолияти учун оптимал экологик шароитларни таъминлаш, аҳоли саломатлигини химоя қилиш киради;
Жамиятнинг ҳаётий зарур манфаатларига:
- барқарор экологик вазиятни қарор топтириш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, соғлом авлодни шакллантириш киради;
Жамиятнинг ҳаётий зарур манфаатларига:
- барқарор ривожлантириш, регионда экологик вазиятнинг барқарорлиги, соғлом турмуш тарзини шакллантириш;
- иқтисодиётнинг устутвор тармоқларида илмий-техник ривожлантиришнинг юқори даражасини таъминлаш;
- миллий хавфсизликнинг самарали тизимини яратиш, Ўзбекистоннинг коллектив хавфсизлик ва ҳамкорликнинг регионал ва глобал тизимлари таркибига табиий қўшилишини таъминлаш киради.
Ҳар бир алоҳида мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлашнинг устувор йўналишлари мавжуддир. Ўзбекистонда, бозор иқтисодига ўтиш шароитида табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф-муҳитни ифлосланишдан сақлаш борасида ижобий ўзгаришлар амалга ошди. Экологик хавфсизликни таъминлаш ва экологик таҳдидларнинг олдини олиш учун Ўзбекистонда биринчи навбатда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:
1. Табиий ресурслардан, шу жумладан, сув, ер, минерал хом-ашё ва биологик ресурслардан комплекс фойдаланиш;
2. Республика ҳудудида атроф-муҳит ифлосланишини эколого-гигиеник ва санитар меъёрларгача камайтириш;
3. Экологик фалокат зонаси-Оролбўйида, шунингдек мамлакатнинг бошқа экологик номақбул ҳудудларида экологик ҳолатни тиклаш ва соғломлаштириш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш;
4. Республика аҳолисини сифатли ичимлик суви, озиқ маҳсулотлари, дори-дармонлар билан таъминлаш;
5. Экологик тоза ва кам чиқитли технологияларни жорий қилиш;
6. Экология соҳасида илмий-техник салоҳиятни ошириш, фан ва техника ютуқларидан фойдаланиш;
7. Аҳолининг экологик таълими, маданияти, тарбияси тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;
8. Экологик муаммоларни ҳал қилишда жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни чуқурлатиш ва бошқалар.
Мамлакатнинг ташқи ва ички экологик сиёсатини жаҳон талаблари доирасида олиб боришда қонуний хужжатлар ҳал қилуви рол ўйнайди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда 120 дан ортиқ қонун ва қонун ости хужжатлари қабул қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |